ЎзА Ўзбек

20.08.2018 21:42 Чоп этиш версияси

500 минг доллар сармоя киритган инвестор муаммоси ҳал этилди

500 минг доллар сармоя киритган инвестор муаммоси ҳал этилди
Жорий йилнинг 7 август куни сайтимизда "500 минг доллар сармоя киритган инвесторни МИБ ходимлари ҳайдаб чиқармоқда. Инвестор эса бундан ҳайратда..." сарлавҳали мақола эълон қилинган эди.

Унда шу йилнинг баҳорида Президентимиз қарори билан “Оникс“ (собиқ “Миконд“) биллур заводи ўрнида ташкил этилган "Олмазор кичик саноат зонаси"да меҳнат қилаётган хорижлик ва маҳаллий тадбиркорлар дуч келаётган муаммоларни кўтарган эдик. Яъни у ердаги тадбиркорлардан заводдан қолиб кетган миллиардлаб қарзларни тўлашлари ёки ҳудудни бўшатиб қўйишлари талаб қилинаётганди.

2017 йилда веб-сайтимизда ва ижтимоий тармоқларда кўплаб мулоҳазаларга ва муҳокамаларга сабаб бўлган бу мақола масъулларни ҳам бефарқ қолдирмади. Олти ой аввал бошланган муаммолар қисқа фурсатда бартараф этилди.

Қайд этиш жоизки, эски биллур заводига тегишли бу ерлар йиллар давомида чакалакзорга айланиб, бинолар нураб битганди. Шундай бўлса-да, бино, иншоотларни имтиёзли шартлар асосида ижарага бериш бўйича Тошкент шаҳар ҳокимининг қарорига кўра, 2017 йилда танлов савдолари асосида тендер ўтказилди. Пухта бизнес режага эга бўлган 40 тадбиркорга 10 йиллик муддатга, имтиёзли равишда тақдим этилди. Улар билан экспортбоп, импорт ўрнини босувчи маҳсулот ишлаб чиқариш ва янги иш ўринлари яратиш шарти билан ижара шартномалари тузилган.

– 9 август куни Тошкент шаҳар ҳокими вакиллар билан келиб вазиятни ўрганди, тадбиркорлар билан мулоқот қилди, таклифлар берди,–дейди “Олмазор кичик саноат зонаси“ раҳбари Умар Юнусов. – Мени ҳам ана шу йиғилишда сайлашди. Юзлаб машина йиллаб йиғилиб ётган ахлат чиқарилди. 7,5 миллиард қарз ечилди. Шу ойнинг охирида қолгани ҳам қопланади. Насиб бўлса, йилни 3 миллиард фойда билан якунлаймиз. Солиқ масаласида муаммо бор эди. Бир ярим кун ичида у ҳам ҳал этилди. Қисқа фурсатда бўлган ўзгаришларни солиштирсангиз, ҳайрон бўласиз. Ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда, биноларнинг фасад қисмлари таъмирланмоқда.




– Кичик саноат зонамиз, кичик шаҳарчага айланиб бормоқда, – дейди Олмазор тумани депутати Бахтиёр Сагатов.– Бу ҳудудда 40 та корхона мавжуд бўлиб, уларда 500 ортиқ иш ўрни яратилган. Албатта, биз ҳам депутат сифатида бу муаммоларни ҳал қилишда иштирок этдик. Энди қарз йўқ. Тадбиркорлар ЎзА ва шу муаммони ҳал қилишда ёрдам берган барча ташкилотлардан миннатдор бўлмоқда.

Албатта, бу ўзгаришлардан Олмазор туманидаги кичик саноат зонасидан бино олиб, Ўзбекистонда ўз бизнесини бошлаган хитойлик тадбиркор Куан Румбо ҳам хурсанд.

– Бинони ижарага олиб, зангламайдиган металлдан ошхона анжомлари тайёрлашга мўлжалланган замонавий ускуналарни Хитойдан олиб келдим,–дейди инвестор. – 500 минг доллар маблағ киритдим. Яна инвестиция олиб келишни мўлжаллаб турибман. Ўзбекистонда рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни бошладик. Муаммоларимиз ҳал бўлганидан хурсандман. Энди ҳеч нарсани ўйламай, бино атрофини ободонлаштириб, гуллар ва дарахтлар экишни бошладик. 

Айни вақтда ҳудуддаги 18 та корхонада таъмирлаш ва монтаж ишлари олиб борилмоқда. 22 та корхона иш бошлаган бўлиб, уларнинг 8 таси экспорт билан шуғулланмоқда. Бугунги кунда учта корхона 37,3 минг доллар миқдорида экспортни амалга оширди.

Улар хушхабарни эшитгач, ҳамжиҳатликда ўз ҳудудларини тартибга келтириб, атрофни ободонлаштиришни бошлаб юборишди.

– Ўша вақтда аҳволимиз танг бўлиб, ишдан кўнглимиз совиб турганди, энди қўлларимиз ечилди, – дейди "Рубир пласт фарм" хусусий корхонаси раҳбари Шерали Ўринов. – Бугун руҳимиз баланд, жамулжам бўлиб, ободонлаштириш ишларини олиб боряпмиз. Корхонамизда Хитойдан ускуналар келтириб ўрнатганмиз. Ҳозирда фармацевтика саноати учун бирламчи – 40 турдаги бутлови қисмлар ишлаб чиқараяпмиз. Яна 20 турдаги импорт ўрнини босувчи маҳсулот ишлаб чиқариш мўлжалланмоқда. Ана шунда ҳозирги 70 та иш ўрнига қўшимча яна 80 та иш ўрни яратилади.

Эришилган ютуқлар таҳсинга лойиқ. Бироқ, бир масала бизни ўйлантирмоқда. Бу муаммоларнинг ечими шу қадар осон экан-ку. Ишласа, озгина тўғри фикр юритилса, барчасини ҳал этса бўлар экан-ку. Шартми, ўз вазифасини уддалай олмай ёки нимадир тамаъ қилиб, бошқаларни овора қилиш?! 



Сайёра Шоева, ЎзА
18 222