ЎзА Ўзбек

19.11.2019 Чоп этиш версияси

ЎзАда эълон қилинган шикоятга Олий суд муносабат билдирди

ЎзАда эълон қилинган шикоятга Олий суд муносабат билдирди


ЎзА веб-сайтида 2019 йил 18 ноябрь куни “ҚАМОҚХОНАДАН ЧИҚҚАН ХАТ: АЙБСИЗ ҲОЛИМГА 7 ЙИЛУ 100 КУНДАН БУЁН ҚАМОҚДАМАН...​” сарлавҳали материал эълон қилинди. Унда фуқаро Ж.Обидовнинг агентлигимизга йўллаган шикояти акс этган эди.

“ЎзА минбари” рукнида эълон қилинган ушбу шикоятга Олий суддан қуйидагича жавоб келди:

Жиноят ишлари бўйича Косонсой туман судининг 2013 йил 18 январдаги ҳукмига кўра Жобир Обидов (1975 йилда Наманган шаҳрида туғилган, миллати – ўзбек, Ўзбекистон Республикаси фуқароси, маълумоти – ўрта, муқаддам бир неча маротаба судланган) Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 164-моддаси (босқинчилик) 4-қисми “а”, “в” бандлари, 165-моддаси (товламачилик) 3-қисми “а”, “б” бандлари, 189-моддаси (савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш) 3-қисми, 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) 2-қисми “а”, “б” бандлари, 227-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкаларни, автомототранспорт воситаларининг ва улар тиркамаларининг (ярим тиркамаларининг) давлат рақам белгиларини эгаллаш, нобуд қилиш, уларга шикаст етказиш ёки уларни яшириш) 1-қисми ва 229-моддаси (ўзбошимчалик)да назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор, деб топилган. Унга нисбатан 3 йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда энг кам ойлик иш ҳақининг 410 баравари миқдорида, яъни 25 797 200 сўм жарима ҳамда 17 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазолари тайинланган.

Шунингдек, судланувчи Ж.Обидовга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2012 йил 5 декабрдаги «Ўзбекистон Республикаси конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида»ги қарорининг 7-банди «б» кичик банди тадбиқ этилиб, тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазосининг ўталмаган муддати тўртдан бир қисмига қисқартирилган.

Жиноят ишлари бўйича Наманган вилоят суди апелляция инстанциясининг 2013 йил 15 мартдаги ажрими билан Ж. Обидовга нисбатан чиқарилган суд ҳукми ўзгартирилиб, унга тайинланган жазонинг ўталмаган қисмини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2012 йил 5 декабрдаги «Ўзбекистон Республикаси конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида»ги қарорининг 7-банди «б» кичик бандига асосан тўртдан бир қисмига қисқартириш қисми бекор қилинган.

Суд ҳукмининг қолган қисми ўзгаришсиз қолдирилган.

Айни пайтда Ж. Обидовнинг ҳимоячиси томонидан назорат тартибида келтирилган шикояти Ўзбекистон Республикаси Олий суди Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатида жиноят иши материаллари билан биргаликда ўрганилмоқда.


3 843
ЎзА