ЎзА Ўзбек

02.12.2019 Чоп этиш версияси

ЎзА минбари: МИБ ижрони бажармасликни расман маълум қилди

ЎзА минбари: МИБ ижрони бажармасликни расман маълум қилди

Бизнесни бошлаган вақтимда шу қадар қизиқиб кетдимки, рафиқам “Машинани сотманг”, дея зорланганига ҳам қарамай ўз билганимдан қолмадим. Етмаган жойига автомобил пулини ҳам сарфладим. 

Тўғриси, ҳам хизмат кўрсатиб, ҳам касод бўлиш хаёлимга келгани йўқ эди-да. “Тиккан” пулларимни ортиғи билан қайтишига бўлган ишончим ҳам жуда баланд эди.

Ўша кунлар ҳеч эсимдан чиқмайди. “Karmen Build” корхонаси раҳбари сифатида 2009 йил апрелда Сирдарё вилоятидаги Марказий ХДААЙСИТФДК билан 4Р24 “Гулистон-Оҳангарон” янги йўналишидаги автомобиль йўлининг “Чиноз-Гулистон” қисмининг 68-87 километрида сунъий қурилма қуриш, таъмирлаш ишларини бажариш, май ойида эса темир-бетон конструкцияларини ташиш юзасидан шартнома туздим. Шу тариқа сентябрга келиб, бажарилган ишларни далолатнома асосида қабул қилиб олишди. Ишлар ҳажми 647.530.652 сўм бўлиб, шундан 460.794.904 сўм тўлаб берилди.

Қолган ишга қор ёғар бўлди. Бир неча йил давомида Тошкент – Сирдарё йўлида қатнаб, раҳбарларга учрайвериб, ҳам пулдан, ҳам соғлиқдан ажралдим.

Ниҳоят, 2014 йилга келиб, турли жойларга қилган мурожаатларимга ижобий жавоб келди. Яъни Сирдарё вилояти хўжалик судининг ижро варақаси чиқди. Унга кўра, жавобгар тараф 187. 749.393 сўм асосий қарз ва 9 387 469 сўм пеня тўлаб бериши белгиланган эди. Аммо, ўз вақтида Адлия вазирлиги қошидаги ижро департаменти қарзни ундириб бера олмади. Сабаби, корхонага тегишли мол-мулк “Автойўл” концернига қарашли экан. Ажабланарлиси, уларда янги қурилаётган объект учун бошқа ҳисобрақам, жорий таъмир учун алоҳида, бизга ўхшаган тадбиркорлар учун алоҳида ҳисобрақам юритишар экан. Шу тариқа корхона фаолиятини давом эттираверар экан, биз кабилар эса ишлаган пулини ололмай сарсон-саргардонликка маҳкум этилаверади.

Барча қонуний ҳужжатлар бизнинг ҳақлигимизни исботлаб тургани боис 2016 йилга келиб, Марказий ХДААЙСИТФДК тегишли бўлган эски идора ва биноларни Гулистон ижро департаменти хатлади. Бино 216.346 254 сўмга баҳоланиб, биржа савдосига қўйилди. Афсуски, бир йил давомида уни олгувчи бўлмагач, савдо тўхтатилди. Чунки, савдога қўйилган мулкнинг аҳволи бу суммага тўғри келмасди.

Шу билан яна турли идоралар эшигида сарғайиш бошланди. Шикоят хатларим у ёқдан бу ёққа отилаверди, менга эса бир хилда жавоблар келаверди. Лекин жавобнинг ижроси бўлмаса, меҳнат ҳақингизни ололмасангиз, ишчилар олдида ер чизиб тураверсангиз ундан нима наф.


Ижро департаменти тугатилиб, ўрнига МИБ тузилганда энди адолат қарор топиши тезлашади, деб жуда хурсанд бўлдик. Афсус... бундай бўлмади.

Янги тузилган “Гулистон баҳолаш консалтинг” раҳбари бино, иморатларни янада қимматроқ 333 133 408 сўмга баҳолади. Бундан нима кўзланганини билмадим... Асосийси, тезроқ сотилгани ва пулимизни олганимиз муҳим. Мол-мулк “E IJRO AUKSION” электрон аукцион савдосида сотишга қўйилди ва яна сотилмай қолди.

Шундан сўнг менга хат келди. Нима эмиш, бу мулкни 10 фоиз камига яъни 299 820 сўмга сотиб олишим керак экан. Бу қарздан воз кечишим ва ўртадаги 102 миллион сўмни МИБ ҳисобрақамига тўлаб беришим ҳақидаги таклиф эди. Ушбу хатда агар бунга кўнмасам улар ижро ҳужжатларини ижросиз қолдиришларини расман маълум қилишган. Бу 2018 йилда бўлаётган воқеалар эди. Марказий ХДААЙСИТФДК кўрсатилган хизмат учун маблағни охиригача қадар тўлаб бермагани учун корхонам инқирозга учраб, ишчиларимга ҳақ тўлай олмай юрганимда 102 миллионни қаердан оламан?

Ҳозирга қадар биргина қарор кўнглимга таскин берарди. 2018 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ўринбосари мажбурий ижро ҳаракатлари давом этаётгани, келгусида қарздордан ундирилган ёки унинг мол-мулклари реализациясидан тушадиган пул маблағлари қонуннинг 80-моддасига кўра, навбат асосида ундирувчиларга тақсимланиши маълум қилинган эди.

Энди эса жим-житлик романи ўқилмоқда. Сукунатда яшамоқдамиз. Хатларим жавобсиз қолмоқда. МИБ ўз сўзида қатъий турибди, мулкни олмаган бўлсанг, пул ҳам йўқ қабилида.


Мана сизга, очиқлик, шаффофлик ва тадбиркор ҳимояси. Баҳоловчи хоҳлаган баҳосини қўйса, ижрочи ҳужжатлар ижросини бажармай қўрқитса, юқори ташкилотларга ёзилган хатларим пастга туман миқёсидаги бўлимларга улоқтирилса ва жавоб берилмаса.

Энг ёмони нимада биласизми, 100 дан ортиқ ишчиларим ҳали ҳам иш ҳақларини сўраб уйимга келишмоқда. Менда эса уларга берадиган ҳеч нарса на буюм, на пул бор. Шу тариқа ўтган йиллар давомида югур-югурлар ва тортишувлар туфайли соғлиғимни ҳам йўқотдим.

Президентимиз тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш керак деб турганда менга ўхшаб ногирон бўлиб қолганни ким сўрайди? Ўтган йиллар давомида юз берган инфляцияни ҳали ҳисобга ҳам олганимиз йўқ ва бу ҳеч кимни қизиқтирмайди ҳам.

Эслатиб ўтишим керак, қўлимда керакли ҳужжатлар ва ҳуқуқий асосим бўлган ҳолда неча йиллардан буён сарсон бўлиб юришимга асосий айбдор МИБ ходимлари. Агарда улар ўз ишига масъулият билан ёндашиб, вазифасини ҳалоллик билан бажарганда мен ҳам менда ишлаган ва ҳамон иш ҳақидан умидини узмаган 100 дан ошиқ ишчилар учун адолат қарор топган бўларди.

Бахтиёр НОРМУРАТОВ

ЭСЛАТМА: Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги www.uza.uz сайтида “ЎзА минбари” рукни ташкил этилган. Агентликка келаётган мурожаатлар, ариза ва шикоятлар, фикр-мулоҳазалар, билдирилаётган таклифлар асил ҳолича, жузъий таҳрирлар билан эълон қилинади. Таҳририят фикри муаллиф нуқтаи назаридан фарқ қилиши мумкин. ЎзА минбарида бериладиган материалларнинг холислиги ва уларда келтирилган маълумотларга муаллифнинг ўзи жавоб беради.

9 341
ЎзА