ЎзА Ўзбек

10.07.2019 Чоп этиш версияси

ЎзА МИНБАРИ: Энагага ишониб ўз боласидан айрилган она ноласи

ЎзА МИНБАРИ: Энагага ишониб ўз боласидан айрилган она ноласи

Мен 2013 йилда Россия Федерациясининг Москва шаҳрида сурхондарёлик 1992 йилда туғилган Амиров Маҳмуд Равшанович билан танишиб, у билан оила қурдик. 2014 йилнинг 30 май санасида ўғлимиз Бургутов Муслим Маҳмудович туғилди. Биз эр-хотин ишлаганимиз учун ўғлимиз М.Бургутовни қашқадарёлик Кенжаева Раъно Эшмоновна исмли аёлга энагалик қилиши учун бердик. У фақат кундуз куни фарзандимизга энагалик қилиб, кечги вақтда ўзимиз олиб кетардик.

Р.Кенжаева давлат ходимлари сўраса, кўрсатиш учун деб ўғлимизни ҳужжатларини биздан олган эди. Аммо 2015 йил март ойларида Р.Кенжаева эримни тамагирлик қилиб, пул беришини, бўлмаса, ўғлимиз М.Бургутовни ҳам, ҳужжатларини ҳам бермаслигини айтиб қўрқита бошлади.

Биз унга 200 минг рубль берганимиздан сўнг Р.Кенжаева ушбу пул камлигини айтди. Шунда, эрим 3 кунга танишларидан қарз олиш учун Москва шаҳридан чиқиб кетган вақтида 2015 йилнинг 8 март куни Р.Кенжаева ўғлим М.Бургутовни “Ҳайитов Жасурбек Абсаматович” деб сохта туғилганлик тўғрисида маълумотнома расмийлаштириб, ҳужжатлар билан фарзандимизни Ўзбекистонга олиб кетган. Турмуш ўртоғим Амиров Маҳмудга Однокласники.ру сайти орқали “фарзандингни болалар уйига топшириб кетдим”, деб ёзиб кетган. Биз 2 йил давомида болалар уйларини қидириб, ўғлимизни топа олмаганимиздан сўнг, Р. Кенжаевнани жияни Нурбек исмли йигитдан фарзандимизни Р.Кенжаева Қашқадарёга олиб кетганлигини эшитиб қолдик.

Мана 2 йилдан буён Қашқадарё вилояти прокуратураси ва ИИБ ўртасида сарсон-саргардонман. Уларга 30.05.2014 йилда РФда туғилган фарзандим Бургутов Муслим Маҳмудовични Қашқадарё вилоятида яшовчи Кенжаева Раъно Эшмоновна сохта гувоҳнома (Москва шаҳар, Богородский тумани Ҳаитов Жасурбек Абсаматович) расмийлаштириш орқали ўғирлаб, Ўзбекистонга олиб келганлиги бўйича ариза билан мурожаат қилиб келмоқдаман. Аммо бугунги кунга қадар ёзган 10 дан ортиқ аризаларимнинг бирортасини Қашқадарё вилояти прокуратураси ва ИИБси қаноатлантирмасдан жиноятни яшириб келмоқда.

Улар сохта гувоҳнома расмийлаштириш (Ўз.Р ЖКнинг 228-моддаси),
бола ўғирлаш (Ўз.Р ЖКнинг 137-моддаси а, б, в бандлари) жиноятлари
аниқ кўриниб турган ҳолда жиноятни яширмоқда.
Прокуратура идораларининг ўзи шундай адолатсизлик қилганидан кейин,
мен додимни кимга айтай.

Шахсан ўзим Россия Федерациясидан Р.Кенжаева томонидан олинган гувоҳнома сохта эканлиги тўғрисида маълумотнома олиб келиб, 2019 йилнинг 18 апрель куни Қашқадарё вилояти прокуратурасига тақдим қилдим. (Прокуратура иш юзасидан ҳатто гувоҳномани текшириш мақсадида Россияга сўровнома ҳам жўнатмади) Аризамни ИИБга юбориш билан чекланди. Шу тариқа мен 2 йилдирки Жиззах, Тошкент ва Қашқадарё вилоятлари орасида сарсон-саргардонман.

Агар Бош прокуратура томонидан Қашқадарё вилояти прокуратураси ва ИИБга нисбатан тегишли чора кўрилмаса ва адолат тикланмаса, Ўзбекистонда адолат йўқлигини айтиб, муҳтарам Президентимизнинг ҳузурларига қадар бораман. Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотларига қадар бораман. Барча ҳужжатларим ариза нусхаларини илова қилган ҳолда Қашқадарё вилояти прокуратурасига юборганман.

Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда мутасадди раҳбарларга менинг фарзандимни сохта гувоҳнома асосида ўғирлаган Кенжаева Раънога ва ушбу ҳолат юзасидан ишига совуққонлик билан ёндашган прокуратура ва ИИБ ходимларига жазо қўллаган холда менга ўғлим Бургутов Муслим Маҳмудовични қайтариб олишимда ёрдам беришларини сўрайман. 

Бургутова Гавҳар Эргаш қизи,
Жиззах вилояти, Ғаллаорол тумани
"Олимлар" маҳалласи, Ю.Бегимқулов кўчаси, 131-уй

ЭСЛАТМА: Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги www.uza.uz сайтида “ЎзА минбари” рукни ташкил этилган. Агентликка келаётган мурожаатлар, ариза ва шикоятлар, фикр-мулоҳазалар, билдирилаётган таклифлар асл ҳолича, жузъий таҳрирлар билан эълон қилинади. Таҳририят фикри муаллиф нуқтаи назаридан фарқ қилиши мумкин. ЎзА минбарида бериладиган материалларнинг холислиги ва уларда келтирилган маълумотларга муаллифнинг ўзи жавоб беради.

Сайтимизни кузатиб боринг ва сизда фикр-мулоҳазалар пайдо бўлса қуйидаги манзилга йўлланг.

Телеграм: @UzA_pochta

Email: pochta@uza.uz, uzauz@yandex.ru

Телефон: (71) 233-42-84, (71) 233-21-37.

21 430
ЎзА