ЎзА Ўзбек

11.06.2020 Чоп этиш версияси

ЎзА махсус мухбирлари Сўхдан хабар қилади: бир кунда 500 нафардан зиёд сўхлик аҳоли иш билан таъминланди

ЎзА махсус мухбирлари Сўхдан хабар қилади: бир кунда 500 нафардан зиёд сўхлик аҳоли иш билан таъминланди

Фарғона вилоятидаги ташкилот ва бошқармалар вакиллари Сўх туманида бўлиб, аҳолини ишга жойлаштириш чораларини кўрмоқда.

Бугун кун бўйи ташкил этилган ёшлар меҳнат ярмаркасида 500 нафардан зиёд сўхликлар таълим, тиббиёт, коммунал соҳаларига ишга жойлашди.

Вилоят ҳокими ўринбосари Файзулло Қосимовнинг айтишича, бу каби ишлар бир кунлик эмас, балки тизимли давом эттирилиб, ишсизлик даражаси камайишига эришилади. Хусусан, туманда 27 та мактабгача таълим ташкилоти ва 6 та оилавий боғча фаолият кўрсатмоқда. Афсуски, болаларни қамрови 31 фоизни ташкил этмоқда холос. 

photo_2020-06-11_20-33-13.jpg

Шу боис жорий йилда кўплаб нодавлат мактабгача таълим муассасалари ташкил этиш ва қамровни кўпайтириш белгиланган. Албатта, бу қўшимча иш ўринларини яратиш имконини беради.

Меҳнат ярмаркасида 30 нафар киши мактабгача таълим ташкилотларига ишга жойлаштирилди. Девайрон қишлоғилик Нигина Йўлчиева 15-мактабгача таълим ташкилотига тарбиячи вазифасига ишга қабул қилинди. Жамоат ишларига ҳам юздан ортиқ ёшлар жалб этилди.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши раиси Аҳаджон Акбаров шу ерда сўхлик ёшлар билан мулоқот қилди. Уларни қийнаётган муаммоларни тинглади. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан сўхлик ёшларга олий ўқув юртларига кириш учун 500 та квотанинг ажратилгани юксак эътибор бўлганлиги эътироф қилинди. Ёшлар бу ишончни оқлаш учун улкан мақсадлар билан интилаётганлигини таъкидлади.

3 673
М.Сулаймонов, М.Қодиров (сурат), ЎзА