ЎзА махсус мухбирлари хабар беради

Биринчи марта Сўхда мураккаб жарроҳлик амалиёти ўтказилди
Биринчи марта Сўхда мураккаб жарроҳлик амалиёти ўтказилди
Бугун Сўх тумани марказий шифохонасининг туғруқ мажмуасида илк бор ҳомиладор аёлда мураккаб жарроҳлик амалиёти ўтказилди.
Буни Андижон тиббиёт институтининг профессори, акушер-гинекология кафедраси мудири Дилором Асранқулова шу ердаги шифокорлар билан ҳамкорликда бажарди.
Бемор Барнохон Дадамахматовага “ҳомиладорлик 3, 2 та чандиқ ва преэклампсия оғир даража” ташхиси қўйилган эди. Илгари кесар кесиш жарроҳлик амалиёти фақатгина вилоят перинатал марказида ўтказилар эди. Шифокорлар маслаҳатлашган ҳолда мазкур операцияни шу ерда амалга оширишга қарор қилди. Бола соғлом дунёга келтирилиб, онанинг саломатлиги яхши.

Сўх туманига аҳолига малакали ва сифатли хизмат кўрсатиш мақсадида Тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ривожлантириш маркази, Тошкент тиббиёт академияси, Андижон тиббиёт институти, Тошкент педиатрия тиббиёт интитутидан тажрибали 15 нафар мутахассислар етиб келди. Айни кунларда улар маҳаллаларда бўлиб, аҳолини тиббий кўрикдан ўтказмоқда.
Шунингдек, туман тиббиёт бирлашмасига рақамли рентген аппарати, УЗИ, ЭКГ каби замонавий жиҳозлар ва дори-дармонлар келтирилди.