Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

13.08.2018 18:19 Чоп этиш версияси

ЎзА – халқаро танлов ғолиби

ЎзА – халқаро танлов ғолиби
Остона шаҳрида "Қозоғистон хорижий оммавий ахборот воситалари нигоҳида" V халқаро танлови якунларига бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Унда Қозоғистонга бағишланган ижодий ишлари билан иштирок этган бир қатор хорижий оммавий ахборот воситалари орасида Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги жамоаси ҳам ғолиб сифатида эътироф этилди.

Қозоғистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан Қозоғистон бош муҳаррирлари клуби билан ҳамкорликда анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган танловда бу йил Буюк Британия, Россия, Польша, Озарбойжон каби 20 дан зиёд мамлакатдан тўқсонга яқин оммавий ахборот воситаси 300 дан зиёд ижодий иши билан қатнашди. Танлов якунида дунёнинг беш минтақаси бўйича ғолиблар аниқланди.

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги Халқаро ахборот таҳририяти танловга Ўзбекистон билан Қозоғистон ўртасидаги яхши қўшничилик ва қардошлик муносабатлари, кўп қиррали ҳамкорликнинг жорий ҳолати ва истиқболларига оид туркум мақолаларни тақдим этиб, Марказий Осиё ва Болтиқбўйи мамлакатлари орасида ғолиб деб топилди. 

Тадбирда қайд этилганидек, Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги муносабатлар стратегик шерикликка асосланади. Ягона тарих, дин ва умумийлик касб этган турмуш тарзи, маданий яқинлик ва муштараклик бугунги ҳамкорликни янада ривожлантириш имконини бермоқда. Президентларимиз ўртасидаги доимий мулоқотлар, 2018 йил – Қозоғистонда Ўзбекистон йили деб эълон қилиниши икки мамлакат тарихида шерикликнинг янги даврини бошлаб берди.

Танловда британиялик журналист Жилли Пикап "Country and Townhouse" журналида Қозоғистонга сафари ҳақида ҳикоя қилувчи мақоласи учун Европа минтақаси бўйича ғолибликни қўлга киритган бўлса, Америка мамлакатлари ўртасида АҚШлик Стефен Липовцевнинг мақоласи ҳакамлар ҳайъати томонидан алоҳида эътироф этилди.

Яқин Шарқ ва Африка давлатларидан иштирок этган журналистлар ўртасида иорданиялик Айман Абдулҳафиз аз-Забанизнинг Қозоғистон ташқи сиёсати ва Остона шаҳрининг 20 йиллигига бағишланган ижодий ишлари юқори баҳоланди.

Қозоғистон тарихи, шаҳарсозлиги, мамлакатнинг иқтисодий ривожланиши "Остона: пойтахтнинг ўзига хос жозибаси ва завқи бор" мақоласида акс этган бўлиб, унинг муаллифи ҳиндистонлик журналист Индервир Синхдир. Марказий Осиё мамлакатлари ҳақида маълумот берувчи "Business Central Asia" журналида чоп этилган ушбу мақола Осиё, Австралия ва Океания мамлакатлари орасида ғолиб, деб топилди.

Танлов доирасида ғолиблар Қозоғистоннинг Остона, Алмати шаҳарлари ва Боровое курорт зонасига сафар уюштирди.

Улуғбек Шоназаров, ЎзА
11 976