ЎзА Ўзбек

07.10.2019 Чоп этиш версияси

ЎзА хабарлари (+видео)

ЎзА хабарлари (+видео)

Мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида рўй берган энг муҳим хабарлар талқини, ҳафта янгиликлари, сайтимизда ёритилган долзарб, таҳлилий материал ва шарҳларнинг қисқача мазмуни билан энди ҳар ҳафта бошида ЎзА расмий ахборот агентлигининг "ЎзА хабарлари" лойиҳаси орқали ҳам танишиб борасиз.

1 октябрь. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Хитой Халқ Республикаси Раисига Хитой Халқ Республикаси ташкил топганининг 70 йиллиги муносабати билан табрик йўллади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Кипр Республикаси Президентини миллий байрам - Мустақиллик куни билан табриклади.

3 октябрь. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Германия Федератив Республикаси Президентини миллий байрам – Германия бирлиги куни билан табриклади.



Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Корея Республикаси Президенти Мун Чжэ Инга Корея ташкил топган кун муносабати билан табрик йўллади.

Хабарингиз бор, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг фармонига мувофиқ, Россия Федерациясининг Екатеринбург шаҳрида бўлиб ўтган бокс бўйича жаҳон чемпионатида юксак натижаларга эришган бир гуруҳ спортчи ва мураббийлар фахрий унвон ва медаллар билан тақдирланган эди. 30 сентябрь куни Кўксаройда ана шу юксак мукофотларни топшириш маросими бўлиб ўтди.

1 октябрь. Халқ таълими тизимидаги мактабдан ташқари таълим самарадорлигини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг қарори қабул қилинди.

2 октябрь. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатимизда расмий ташриф билан бўлиб турган Россия Федерацияси Федерал Мажлиси Федерация Кенгаши Раиси Валентина Матвиенкони қабул қилди. Учрашувда икки томонлама муносабатлар, шунингдек, олий даражада эришилган келишувларни амалга оширишда ҳамда савдо-иқтисодий, инвестициявий, инновацион, транспорт-логистика, агросаноат, илмий-техник соҳаларда истиқболли лойиҳаларни илгари суришда, таълим ва маданий-гуманитар алмашинувларни кенгайтиришда икки мамлакат парламентларининг фаол иштирокига оид долзарб масалалар кўриб чиқилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев йўл хўжалигини ривожлантириш ва ушбу соҳага инвестицияларни кенг жалб қилиш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказди. Йиғилишда ушбу соҳани ривожлантириш, қурилиш лойиҳаларини барқарор молиявий манба билан таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.

3 октябрь. Халқаро ҳунармандчилик фестивалини ўтказиб боришга оид чора-тадбирлар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг фармони эълон қилинди.

4 октябрь. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатимизда амалий ташриф билан бўлиб турган Туркия савдо палаталари ва товар биржалари иттифоқи раиси Мустафо Рифат Ҳисоржиқли ўғлини қабул қилди. Давлатимиз раҳбари меҳмонни қутлар экан, кейинги йилларда Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги дўстлик, шериклик ва кўп қиррали ҳамкорлик муносабатлари сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилганини мамнуният билан таъкидлади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Туркий тилли давлатлар Ишбилармонлар кенгаши мажлиси ва Инвестиция форумида иштирок этиш учун мамлакатимизга ташриф буюрган Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши бош котиби Бағдат Амреевни қабул қилди.

5 октябрь. Мамлакатимизда ижтимоий-иқтисодий соҳадаги ислоҳотлар устидан жамоатчилик назорати самарадорлигини, шунингдек, фуқароларнинг демократик ўзгартиришлардаги фаоллигини оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида Президент қарори қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги Қонуни қабул қилинганининг ўттиз йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида давлатимиз раҳбарининг қарори қабул қилинди.

Расмий хабарлар билан ишончли манба орқали танишмоқчи бўлсангиз бизни кузатишда давом этинг.

Сайтимизни кузатиб боринг!

4 903
Нишонбой АБДУВОИТОВ (видео), ЎзА