ЎзА Ўзбек

11.02.2019 19:42 Чоп этиш версияси

Заҳириддин Муҳаммад Бобур – ёш ҳарбийлар нигоҳида​


Термизда мамлакатимиз Қуролли Кучлари тизимида Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 536 йиллигига бағишлаб “Бобур – умумармия ёшлари нигоҳида” мавзусида ўтказилаётган иншолар танловининг Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги Сурхондарё вилоятидаги ҳарбий қисмлари ўртасидаги босқичи бўлиб ўтди.

Унда ҳарбий қисмларда биринчи ўринни эгаллаган 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган муддатли ва шартнома асосидаги ҳарбий хизматчилар ўз билимини синовдан ўтказди.

Термиз давлат университетининг профессор-ўқитувчилари иштирокида ташкил этилган танловда ҳарбий хизматчиларнинг иншолари тўрт мезон асосида баҳоланди.

1.jpg

– Танлов ғолибларини аниқлашда иншодаги орфографик ва грамматик хатолар ҳамда унинг услубий жиҳатдан тўғрилигига алоҳида эътибор қаратилди, – дейди Термиз давлат университети ўзбек тили ва адабиёти факультети декани М.Ҳамроева. – Белгиланган мавзу ва ғоянинг тўлиқ очиб берилгани, таъсирчанлиги ва оригинал ёндашуви муносиб баҳоланди.

Муддатли ҳарбий хизмат бурчини ўтаётган оддий аскар М.Абдуҳамидов биринчи ўринни эгаллади. Шартнома асосида хизмат қилаётган оддий аскарлар А.Бухаров ва Х.Файзуллаев юқори учликни якунлаб берди.

9.jpg

Ғолиблар Жанубий операцион йўналиш бошқаруви гуруҳининг диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди. Шунингдек, Заҳириддин Муҳаммад Бобур туғилган кун – 14 февралда ўтказиладиган танловнинг якуний босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.

Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, Ж.Қўзимуродов (сурат), ЎзА
4 715