Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

16.03.2018 20:25 Чоп этиш версияси

Ўз жонига қасд қилишга уринган шахсларга шошилинч ёрдам кўрсатиш тизими яратилади

Жумладан, ўз жонига қасд қилишга уринган шахсларга туну-кун шошилинч ёрдам кўрсатилиши таъминланади. Ўз жонига қасд қилишнинг асл сабаблари ва шарт-шароитлари аниқланади. Ўз вақтида ихтисослаштирилган ёрдам кўрсатиш чоралари кўрилади. Ўз жонига қасд қилишнинг ҳолати ҳақида психиатрия муассасалари зудлик билан хабардор қилинади. 

Аҳолига психиатрия ёрдами кўрсатиш тизимини тубдан такомиллаштиришнинг асосий йўналишлари белгиланган Президент қарорида бу ўз ифодасини топди. 
Бугун қабул қилинган “Психиатрия ёрдами кўрсатиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорда психатрия ёрдами кўрсатиш билан боғлиқ бошқа асосий йналишлар ҳам кўрсатилган.

Хусусан, даволаш, профилактика ишлари ва руҳий ҳолатнинг бузилишини эрта аниқлашни ташкил этишнинг вертикал яхлит тизимини шакллантиришни таъминлаш орқали психиатрия ёрдами кўрсатиш тизимини самарали бошқариш механизми жорий этилади. 

Мамлакатнинг ҳар бир аҳоли пунктида аҳолининг барча тоифалари, айниқса болалар ва ўсмирлар учун сифатли ва қулай психиатрия ёрдами таъминланади. Шунингдек, руҳий ҳолати бузилган шахсларни даволаш учун дори воситаларига сарфланадиган харажатларнинг ягона мажбурий нормативлари белгиланади. 

Аҳолига психиатрия ёрдами кўрсатиш соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрлаш, психиатрия муассасаларининг врач-психиатрларга бўлган эҳтиёжини қондириш, уларнинг малакасини мунтазам равишда, шу жумладан хорижий мамлакатларнинг етакчи клиникалари ва тиббиёт ташкилотларида ошириб боришга эътибор қаратилади. 

Психиатрия соҳасида фундаментал, амалий ва инновацион илмий тадқиқотларни фаоллаштириш, уларнинг натижалари ва ютуқларини руҳий ҳолати бузилишининг олдини олиш, ташхис қўйиш ва даволаш самарадорлигини оширишга доир чора-тадбирларни такомиллаштиришга хизмат қиладиган амалий фаолиятига кенг жорий этилади.

Аҳолига психиатрия ёрдами кўрсатиш тизимининг самарали фаолиятини таъминловчи ҳуқуқий базани такомиллаштирилдаи. Психиатирия муассасаларининг, шунингдек, улар бўлинмаларининг моддий-техника базаси янада мустаҳкамланади. Яъни тизим тиббиётнинг замонавий асбоб-ускуналари ва техникалари билан жиҳозланади.

ЎзА
8 639