ЎзА Ўзбек

09.10.2019 Чоп этиш версияси

Ўз тилингни ўзинг асра, ўзбегим

Ўз тилингни ўзинг асра, ўзбегим

Киши ўз онасидан ҳам уяладими? Бу аёл менинг онам эмас, дея тониши, уни одамларга таништиришдан истиҳола қилиши мумкинми? Агар орамизда шунақа тоифадаги одамлар учраса уни ким деб атаган бўлардингиз? Инсон тоифасиданми у одам хам?

Она эса хар доимгидек боласини бошини меҳр билан силайди. “Қорнинг тўқми, устинг бутми”, дея жонсаракланади. Лекин биз бўлсак, “Бу аёл эмас, бошқа менинг онам бўлса эди”, деб орзу қиламиз. Гапимдан ҳайрон бўлаётгандирсиз? Лекин ўзбек миллати ана шундай ўз онасидан, ўз она тилига шундай беписанд халқ бўлиб қолдик. Ҳатто орамизда, бу тилда гапиришга ор қиладиганлар ҳам топилади. Кўча-куйда юрганингизда катта қилиб осиб қўйилган баннерлар, ошхона, корхона борингки, жамоат ишхоналарида нечта ўзбекча ёзувни кўрасиз? Осиё давлатларидан Хитой, Ҳиндистон, Япония, Арабистон мамлакатларида ўз тили тугул ёзувини ҳам сақлаб қололган. Хитой ёки Японияга борсангиз, камдан-кам чет эл сўзларини учратасиз. Деярли ҳамма ёқда ўз тилида ёзилган жумлалар. Ўз ҳарфлари. Кимдир айтиши мумкин, ҳа энди улар биздан кўра анча тараққий этган давлатда, керак бўлса уларни тилини ўрганишинг шарт қилиб қўйилган.

Лекин ўз тилини ҳурмат қилмаган халқ тараққиётга чиқиши мумкинми? Халқимизда “Она тилинг омон бўлса, рангу рўйинг сомон бўлмас”, деган мақол бор. Аслида оддий кўринган ушбу нақл негизида қадим аждодларимиздан неча асрлардан бери шаклланиб келишаётган пурмаъно ҳикмат яширин. Она тилимизни соф холда сақламас эканмиз, уни ажнабий сўзлар билан қориштириб, ғализ жумлалар тузсак, кимларгадир маънавий муте бўлиб қолишимиз ҳеч гап эмас.

Буюк бобокалонимиз Алишер Навоий форсий забон анча оммалашган бир паллада ўз асарларини туркий тилда битди. Бунга ўша замон зиёлилари эътироз билдириб, ҳатто ғазал мулкининг султони форсийчани тушунмаслиги, туркий тил қашшоқ тил эканлигини писанда қилишди. Аслида ҳам ўша даврда туркий тилимиз гўё жар ёқасига бориб қолган, ҳатто сиқиб чиқариш даражасига етиб қолган эди.

Бироқ, Навоий бобомиз бунинг аксини, яъни туркий тил нақадар бой эканлигини исботлади. Олимларнинг ҳисоб китобига кўра Навоий ўз асарларида 26036 та сўздан фойдаланиб, дунёдаги энг кўп сўз ишлатган аллома сифатида танилган. Шоир асарлари орқали туркий тилнинг нақадар жозибадор тил эканлигини исботлади. Бундан ташқари “Муҳокаматул луғатайн” (“Икки тил муҳокамаси”) асарида форсий ва туркий тилларни солиштириш асносида туркий тилнинг нақадар сўзга бойлиги, айниқса феъл сўз туркумининг маънодошлик хусусиятларини очиб берди. Қарийб олти аср олдин яшаган бобомиз ажнабий сўзлар уммонида чўкмаслик учун она тилимизни, ўзининг маърифат номли кемаси ила қутқариб қолганди. Бироқ, бугунчи?

Ҳозирги кунда давлат ва нодавлат телеканалларига назар ташласак, соф ўзбекча номли кўрсатувни камдан-кам кузатамиз.

Кўрсатувларнинг номини кўрган бувим, “Шу чет элча кўрсатувингни қўймагин, болам. Мен барибир тушунмайман”, дедилар. “Бувижон, бу чет элча кўрсатув эмас, шунчаки номи шунақа”, десам, “Вой тавба, бу кўрсатувга ўзбекча ном қуриб қолибдимикан? Ахир тилимиз сўзларга бойку. Эссиз..”, деб қолдилар.

Дарҳақиқат тилимиз жозибадорлигидан фойдаланган ҳолда, хоҳлаган сарлавҳани топса бўлар эди. Бундан ташқари пойтахтимиз ёки бошқа шаҳар кўчаларида баннерларга ёзилган сарлавҳани ўқиб, она тилимизда ёзилган номларни қидираман деб бошингиз айланиб кетиши турган гап. Чунки булардан ўзбек тилида ёзилган номларни камдан-кам учратамиз.

Бир вақтлар Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов ўзбек тилини “Онагинам, онажоним тили бу, Бешикданоқ сингган жону қулоққа”, деб эркалаган бўлса, Эркин Воҳидов эса ўша шўро замонида ҳам “Она тилим ўлмайди”, дея баралла айта олган. Ёхуд машҳур авар шоири Расул Ҳамзатов шеърида тушида ногаҳон вафот этганини, жонсиз танаси ҳеч нарсани ҳис қилмаётган бир пайтда, она тилидан янграган бир оғиз сўз руҳига қайта жон бахш этганлигини ажойиб тарзда баён этган. Ўша шоирнинг яна бир асарида эса “Ўз тилидан тонган ўғлидан воз кечган она” ҳақида ҳикоя қилинади.

Маърифат фидойиларидан Абдурауф Фитрат 1919 йилда ёзган “Тилимиз” номли мақоласида “Энг бой ва бахтсиз тил қайси, биласизми? Туркча”, дея ўзбек тилига ишора қилган. Чунки бизнинг тил сўзга бой бўла туриб, унинг имкониятларидан фойдалана олмаймиз. Изланмаймиз. Ҳозирги кундаги баъзи ёшларнинг чет тиллардаги сўзларни бизни тилимиздаги муқобилини тополмай қолаётганларига нима демоғимиз мумкин? Ахир хорижий тилларнинг ёпирилиб келишига, ўзимизнинг тилимиз орқали қалқон бўлмасак, сўз бойлигимиздан тўғри фойдаланмасак, онажонимизнинг тили “соқов тилга” айланиб қолиши ҳеч гап эмас. Тилимизни асрашга фақат тилшунос, адабиётшунос олимлар, тил ўқитувчилари, маънавиятчилар ёки журналистларгина эмас, барча ўзбек фуқароси бирдек масъул бўлиши керак. Шундагина 33 миллиондан ортиқ тилда гаплашаётган, тарихи чуқур илдиз отган, дунё тан олган шоиру, адибларни илҳомлантирган тилимизни асраймиз, уни тоза сақлашга хизмат қиламиз.

Лобар Хайруллаева,
“Маърифат” тарғиботчилар жамияти
Матбуот хизмати ходими

2 666
ЎзА