ЎзА Ўзбек

28.09.2019 Чоп этиш версияси

Ўз ўғлини ўғирликка даъват қилаётган оталарга қандай жазо қўллаш керак?

Ўз ўғлини ўғирликка даъват қилаётган оталарга қандай жазо қўллаш керак?

Жиззах шаҳри марказий кўчаси бўйлаб ҳаракатланаётган “Нексия” русумли автоулов йўл патрул хизмати назоратчилари томонидан тўхтатилганида ҳайдовчи ҳужжатларни тақдим этишдан бош тортди.

Жиззах шаҳарида яшовчи Ш.Н. ички ишлар ходимларининг қонуний талабига бўйсунмагани учун автомобилни жарима майдончаси томон ҳаракатлантиришга тўғри келди. Аммо машинада ҳайдовчи билан бирга бўлган маст ҳолатдаги отаси Ж.Ш. ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларини қўпол сўзлар билан ҳақоратлаб, хизмат вазифаларини бажаришга қаршилик кўрсатади. Ота-бола қаршилик кўрсатиш давомида йўл патрул хизмати инспектори Ф.М.ни, кинология хизмати кичик инспектори А.Э.ни уриб тан жароҳати етказади.

Ҳозир ушбу ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 219-моддаси 2-қисми ҳамда Ўзбекистон Республикаси Жиноят процессуал кодексининг 221-моддаси билан жиноят иши қўзғатилган.

Ота-бола ҳамкорлигидаги қонунбузарликка яна бир мисол. Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги тергов департаменти вилоят ички ишлар ходимлари билан ҳамкорликда Арнасой туман, Чўлқувар қишлоқ фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Б.А. ҳамда унинг ўғли Ф.А. анча йиллардан буён жиноий тил бириктириб бировларнинг чорва молларини ўғирлаб келаётганини фош этди. Ота-ўғил аввал Ғаллаорол тумани Олимлар маҳалласидаги фуқаро Н.А.га тегишли 2 бош, кейин Мирзачўл туман, Мирзадала шаҳарчасида истиқомат қилувчи О.Қ.нинг 3 бош, Ержар маҳалласи фуқароси У.Ф. ва Дўстлик тумани Мевазор қишлоғилик А.А.ларнинг 2 бошдан қорамолларини ўғирлагани аниқланди. Бундан ташқари, мирзачўллик яна бир фуқаронинг 14 бош молини товламачилик йили билан ўзлаштирган.

Ота-болага нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноий иш қўзғатилиб, тергов олиб борилаётир.

Вилоят ички ишлар бошқармаси ахборот мультимедиа гуруҳининг тезкор хабарлари орасида ота-ўғил биргаликда ўғрилик қилгани, ота-ўғил биргаликда бошқа жиноятлар содир этгани ҳақидаги маълумотлар тез-тез учраши фақат воқеанинг тафсилотига диққатни тортиб қолмасдан, унинг ижтимоий иллат сифатидаги табиати ҳақида мулоҳаза юритишга ҳам ундайди.

Мамлакатимизда ёшлар тарбиясига устувор вазифа сифатида эътибор қаратилаётгани ҳаммага яхши маълум ва ҳали кутилган самарага эришилмаётгани ҳам ҳеч кимга сир эмас. Бунинг сабабини эса юқоридаги мисоллар ҳам кўрсатиб турибди. Ота қоидабузар ўғлини тартибга чақириш ўрнига, элимизнинг осойишталигини сақлаш учун кеча-ю кундуз ўз хизмат вазифасини бажараётган ҳуқуқ тартибот ходимларига қўл кўтарса, яна бир ота ўғлини ёнига олиб ўзгаларнинг ҳалол молини ўғирласа, уларнинг фарзандидан нима кутиш мумкин. Фарзандига шундай ибрат кўрсатаётганлар афсус, фақат шу иккаласи эмас. Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин

Халқимизнинг “Ота-она андоза” деган доно гапи бежиз айтилмаган. Отанинг кўрсатган ибрати олдида боланинг мактабдан, бошқалардан олган тарбияси жуда заиф бўлиб қолади. Фарзандини нотўғри ишлардан қайтариш ўрнига ўзининг нопок ишларига шерик қилаётган ота жамиятимизда ёшларнинг маънавий-марифий тарбиясига жуда катта зарар етказаётгани билан хавфлидир.

Бола синфхонада, мажлис залида 40-60 минут давом этадиган тарбия мавзусидаги маърузалардан кўп нарса олмайди. У энг кўп нарсани оиладан, ота-онадан олади. Эшитгандан ҳам кўра кўрганларини тезроқ ўрганади. Қуш уясида кўрганини қилади.

Демак, ёшлар томонидан содир этилаётган ҳар қандай жиноят нотўғри тарбиянинг, ёмон ибратнинг оқибатидир. Биз айни ёмонликнинг оқибатга қарши курашга эътиборни кучайтираётирмиз. Аслида унинг сабаби – катталарнинг ўзи эканлигига унчалик аҳамият берилмаётир.

Халқимиз орасида шундай бир ривоят бор. Қозининг ҳузурига бировнинг боғига ўғриликка кирган ота-бола тутиб келтирилган. Ҳодиса тафсилотини ўрганган қози асосий ишни бажарган бақувват ўғилга 50 таёқ, бу ишда унга қарашиб турган отага юз таёқ урушга ҳукм чиқарибди. Қози ўз ҳукмини изоҳлаб деган экан:

– Ўғилга берилган жазо унинг ўғрилиги учун. Отаси эса фарзандни тўғри тарбияламагани, нопок ишларда уни ҳам ўзига шерик қилгани, ёмон ибрат кўрсатгани учун жазоланди.

Балки қонунларимизга ота-онанинг фарзандини, раҳбарнинг қўл остидаги ёшларни шерик қилганликлари учун қўшимча кучлироқ жазолар белгиланиши бўйича ўзгартиришлар киритиш керакдир?

Атрофга теранроқ назар солсак, давлатнинг, халқнинг мулкини катта миқдорда ўғирлаётган, пора олаётган ва бошқа оғир жиноятларни содир этаётганлар катталар-ку. Бу ишга атрофидаги ёшларни шерик қилаётганлар ҳам бор. Уларнинг оиласида вояга етаётган қандай ибрат олаётир?

Келинг, ёшлар тарбиясининг бўшлиги ҳақида кунига, кунора маҳалладан тортиб, ойнаи жаҳонда ўтказилаётган саноқсиз баҳс-мунозаларда катталарнинг ўзлари фарзандларига қандай ибрат бўлаётгани ҳақида мисолларни ҳам кўрсатайлик. Катталар кўпроқ уялиши керак-ку.

6 281
Т. БЕКНАЗАРОВ, ЎзА мухбири