Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

20.09.2017 19:50 Чоп этиш версияси

Ўз болангни ўзинг асра!

Тошкент вилоятининг Янгийўл туманидаги 75-болалар мусиқа ва санъат мактабида ташкил этилган давра суҳбати шундай номланди.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси вилоят кенгаши томонидан ташкил этилган тадбир Президентимизнинг жорий йил 15 июнь куни пойтахтимизда ўтказилган “Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш – давр талаби” мавзусидаги анжуманда сўзлаган маърузасида белгиланган вазифалар ижроси ва Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 8 сентябрдаги “Болаларни уларнинг соғлигига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуни мазмун-моҳиятига бағишланди.

Партия вилоят ва туман кенгашлари ходимлари, Республика “Оила” илмий-амалий маркази, туман хотин-қизлар қўмитаси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди туман бўлими вакиллари, хотин-қизлар ва ўқувчилар иштирок этган тадбирда ёшларнинг онгу қалбини миллий ва умуминсоний қадриятларга зид ғояларлардан асраш, уларни жисмонан ва маънан етук инсонлар этиб тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.

Болаларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотни ўз ичига олган ахборот маҳсулотининг таълим муассасалари ва жамоат жойларида тарқалишига йўл қўймаслик бугун барчамизнинг вазифамиз бўлмоғи лозим.

– Партиямиз томонидан ёшларни ватанпарварлик ва миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялашга бағишланган турли лойиҳалар амалга оширилмоқда, – дейди партия вилоят кенгаши мутахассиси В.Шодиева. – Шу кунларда “Энг ёш китобхон оила” Республика кўрик-танловининг туман босқичлари ўтказилмоқда. Ушбу танлов оилаларда китобхонликни тарғиб қилиш, айниқса, ёшларда мутолаа маданиятини юксалтириш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказишга хизмат қилмоқда.

Давра суҳбатида партиянинг “Хизмат – беминнат”, “Энг яхши ҳунарманд аёл” лойиҳалари ҳамда “ХХI аср аёли”, “Навоий ворислари” каби танловлари, партия томонидан амалга оширилаётган турли ижтимоий лойиҳалар ва уларнинг аҳамияти хусусида атрофлича маълумот берилди.

Абдулазиз Мусаев, ЎзА
1 471






Все о погоде - Pogoda.uz