ЎзА Ўзбек

26.06.2020 Чоп этиш версияси

Ўз бахтини оддий қалам, ширин сўз орқасидан топган инсон​

Ўз бахтини оддий қалам, ширин сўз орқасидан топган инсон​

27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни

Таниқли журналист ва шоир Абдумажид Жўраев ҳақида пойтахтда ишлаб юрган даврларимда эшитганман. Бу инсон Навоий вилоятида матбуот соҳасида турли раҳбарлик лавозимларида ишлаган чоғларида жамоатчилик назарига тушган эди. Айниқса, Навоий вилояти ҳокимлигининг “Дўстлик байроғи” ва “Знамя дружбы” газеталари таҳририяти давлат корхонасига бош муҳаррирлик қилган даври, 2016 йилда журналистика соҳасидаги “Олтин қалам” XI Миллий мукофоти танловида матбуот йўналиши бўйича жамоавий ғолибликни қўлга киритгани, вилоят нашрлари адад жиҳатдан етакчилиги, қўйинки, бошқа ютуқлари уни мамлакатимиз матбуот соҳасига танитди. Устозим, “Қишлоқ хўжалиги” журнали бош муҳаррири Тоҳир ака Долиевдан ҳам жонкуяр бу киши ҳақида кўп илиқ сўзларни эшитганман.

Кейинчалик ёнма-ён ишлаш насиб этди. Ҳеч ёдимдан чиқмайди. “Дўстлик байроғи” ва “Знамя дружбы” газеталари таҳририяти давлат корхонасига иш сўраб борганман. Бош муҳаррир Абдумажид ака мени илиқ қарши олди. Гурунглашдик. Суҳбатимиз ижод ҳақида борди. Мулоқот сўнгида менга синов тариқасида мақолалар ёзишни тавсия этди. Таҳририятга мақолаларимни тақдим этдим. Ёзганларим кенг ёритилди. Ижодим жамоага маъқул бўлди шекилли ишга таклиф этилдим.

Абдумажид Жўраев асли нурободлик. Зиёли оиласида туғилган. Отаси Ирисбой домла дунё кезган инсон. Кўп йиллар халқ таълими соҳасида масъул лавозимларда ишлаган. Кўп суҳбатида бўлганман, гурунглашганман. Домланинг дунёқараши ва билимдонлигига қойил қолганман. Бундай хислатлар фарзандларига ҳам ўтган. Яқинлари айтишича, Абдумажид ака ёшлигидан ижодга меҳр қўйган. Мактаб даврларидаёқ шеър ва мақолалари ҳудуд газеталарида чоп этилган. Унинг “Баҳор” номли илк шеъри 1985 йилда “Нуробод” газетасида ёритилган. Боймат Қўчқоров, Тўрақул Рустамов, Ғайрат Бобоқулов, Бойхўроз Маҳмудов, Иззат Муродқбилова каби устозлардан ижод йўналишида сабоқ олди. Орзулари уни пойтахтга етаклади. 1997 йилда Тошкент давлат университети журналистика факультети сиртқи бўлимига ўқишга кирди ва ўқишдан ажралмаган ҳолда “Гўзалкент овози”, кейинчалик “Нуробод” газеталарида мухбир бўлиб ишлади...

photo_2020-06-26_09-44-48.jpg

Ҳаётида рўй берган бир воқелик Навоий вилоятига ишга келишга сабаб бўлган. “Гўзалкент овози” газетасида бир пайтлар бирга ишлаган дўсти Азамат Сафаров (раҳматли) уни ўзи ишлаётган Навоий вилоятига келишни тавсия этади. Бу таклиф янги уфқларни кашф этишга, ҳаёт йўлини ўзгартиришга турки бўлди.

Тақдир уни 2006 йил март ойида кўп йиллар вилоят матбуотини бошқарган Улаш Нурмоновга (жойлари жаннатда бўлсин!) дуч қилди. Унинг кўмагида вилоят матбуот ва ахборот бошқармасига ишга жойлашди. Янги муҳитда ижоди куртак ёзди. Кенг жамоатчиликка танилди. У ҳар доим устози Улаш Омоновичдан миннатдорлигини, вилоят ҳаётида, ижодда ўз ўрнини топишда бу инсоннинг катта ҳиссаси борлигини мамнуният билан эътироф этади.

2008-2009 йилларда Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлигида ишлади. Нуфузли идорада тажриба орттирди. 2009 йилда Навоий вилояти матбуот ва ахборот бошқармаси бошлиғи лавозимида иш бошлаб ушбу масъул лавозимда 2013 йилгача ишлади. Шу даврда соҳада жуда катта ислоҳотлар, қурилиш-бунёдкорлик ишлари, замонавий полиграфия технологиялари ўрнатиш ишлари амалга оширилди.

2013 йилда эса А.Жўраев Навоий вилояти ҳокимининг матбуот котиби лавозимига ишга таклиф этилди ва унда 2015 йилгача ушбу лавозимда фаолият олиб борди. Кейинчалик “Дўстлик байроғи” ва “Знамя дружбы” газеталари таҳририяти давлат корхонасига бош муҳаррири лавозимида ишлади. Мазкур лавозимда ишлаган даврларни қарийб 50 нафардан ортиқ ижодий жамоа ҳозир ҳам мамнуният билан кўп эслайди.

Қаҳрамонимиз 2015-2019 йилларда халқ депутатлари Навоий вилояти Кенгаши депутати сифатида фаолият олиб борди, халққа хизмат қилди. Вилоятнинг кўплаб ижтимоий-сиёсий ҳаётига оид тадбирларда фаол иштирок этди. Меҳнатлари “Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигига – 20 йил” ва “Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигига – 25 йил” эсталик нишонлари, Навоий вилояти ҳокимлиги фахрий ёрлиқлари билан тақдирланган.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Исроил Холбоев бир гурунгда: “Ҳаётимда кўп бош муҳаррирлар билан ишлаганман. Ҳар бирининг иш услуби ҳар хил. Абдумажид Ирисовичнинг таҳририятни бошқарув шакли тамоман ўзгача эди. Келган кунларининг илк пайтидан газеталар форматини ўзгартирди. Биз журналистларга эркин ижод муҳитини яратди. Натижада нашрлар шакл-шамойили, мавзулар долзарблиги, оммабоплиги янада ошди. Изланиш, интилиш, меҳнат самараси “Олтин қалам”дек олий мукофотга лойиқ топилди. Шу даврдаги гуллаган ижод ва фаолиятимизни ҳамкасбларимиз билан кўп эслаймиз.

Яна бир воқелик. Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндори Хуршида Нарзиеванинг айтишича, журналистика факультетини битириб келгандан сўнг анча вақт касбига доир иш ахтаради. Турли таҳририятларга боради. Барча жойдан бир хил ҳозирча жой йўқ, кейин хабар олинг, деган жавобни олади. Ана шундай кунларнинг бирида у Абдумажид акага учрашади. У қаергадир қўнғироқ қилиб, бир оз муддатдан сўнг Хуршида ишингиз ҳал, ҳозирча Навоий шаҳар ҳокимлигининг “Навоий ПРЕСС” (ҳозирги “Навоий зиёси”) газетасидан бошлайсиз, дейди. Кейинчалик у вилоят газетасига ишга таклиф этилади.

Айни пайтда эса А.Жўраев мамлакатимиз иқтисодиётининг етакчи тармоғи бўлган Навоий кон-металлургия комбинати бош директорининг матбуот котиби – ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимида ишлаб келмоқда.

Ҳа, ҳар бир инсон умри эзгу амаллари билан ўлчанади, меҳнати, интилиши ортидан қадр топади. Камтарин инсон Абдумажид Жўраев Навоийда ўз бахтини оддий қалам, ширин сўз орқасидан топган инсонлардан биридир.

Зеро, қаҳрамонимиз ижодида ёзганидек:

Ижодингиз гуллаб-яшнаб, палак отар,

Ёзганингиз юракларга чўғдай ботар,

Кенг оммада ишонч тўла ҳис уйғотар,

Тинмай ёзиш келмас малол, журналистлар,

Касбимизнинг нони ҳалол, журналистлар!

Бахтиёр ТОШНАЗАРОВ,

журналист.

3 673
ЎзА