ЎзА Ўзбек

11.06.2018 14:28 Чоп этиш версияси

Юз нафар билимдон “Сиз Кореяни биласизми?” викторинасида беллашди

Юз нафар билимдон “Сиз Кореяни биласизми?” викторинасида беллашди Тошкентдаги халқаро Вестминстер университетида анъанавий “Сиз Кореяни биласизми?” викторинасининг бу йилги ғолибларини аниқлашган бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Жорий йилги баҳсларда Жахон иқтисодиёти ва дипломатия университети, Тошкентдаги Инҳа университети, Тошкент давлат шарқшунослик институти, Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети, Қорақалпоғистон Республикаси, Самарқанд, Андижон, Фарғона, Хоразм вилоятларидан келган талабалар ҳамда Корея Республикасининг “Сежонг” мактаби таълим марказида таҳсил олаётган ўқувчилардан саралаб олинган юз нафар билимдон иштирок этди.

Викторинада бир хил кийим ва бир мақсад йўлидаги иштирокчилар мухлислар кузатуви остида ўз билимларини синовдан ўтказди. Оддий доска, қалам ва ўчирғич, энг муҳими, тўғри жавоб иштирокчилар орасидан билимлиларни саралаб берди. Нотўғри жавоб берганлар ўз-ўзидан ўйинни тарк этди. Тест саволлари ҳаққоний, ҳамма шартлар жуда адолатли тузилган. Бунда ҳақиқий билим устунлик қилади.

Корея тарихи ва бугунги куни ҳақида саволлар тақдим этилди. Тўғри жавоб берганлар ўйинни давом эттириш ҳуқуқини қўлга киритди. Ана шундай қизғин баҳс-мунозара билан ўтган ҳар бир босқич оралиғида иштирокчиларни қўллаб-қувватлаш, тадбирга руҳ бағишлаш мақсадида корейс миллий рақслари, куй-қўшиқлари ижро этилди.

— Ўзбекистон ва Корея муносабатлари ҳар томонлама мустаҳкамланиб бормоқда. Икки юрт вакиллари мамлакатларимиз тарихи, маданияти, иқтисодий ютуқлари билан яқиндан танишиб, ўзига керакли маълумотларни олмоқда. “Сиз Кореяни биласизми?” викторинаси ҳам шу мақсадга хизмат қилади. Ўзбек ёшларининг Кореяга қизиқиши кучли эканини биламиз. Ўйинда бу қизиқиш янада кучайиб бораётганини кўрдик, – дейди Корея Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Квон Ён У. – Танлов мамлакатларимиз ҳамкорлиги янада ривожланаётганининг бир кўринишидир.

Тадбир якунида ғолиблар Кореяга бориш ва у ерда ўтказиладиган викторинанинг жаҳон босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди.

Дилобар Маматова, ЎзА
3 838