ЎзА Ўзбек

23.08.2018 15:02 Чоп этиш версияси

Юртимиздаги хайрли ишлар бардавом бўлсин

Юртимиздаги хайрли ишлар бардавом бўлсин


Қурбон ҳайити мамлакатимизнинг барча ҳудудларида катта байрам сифатида нишонланмоқда. Ушбу қутлуғ кунларда халқимизнинг қариндош-уруғлар, кексалар, ёлғиз яшовчилар, етимлар ҳолидан хабар олишдек инсонлар ўртасида меҳр-оқибат ришталарини мустаҳкамлашга хизмат қилувчи қадим қадриятлари янгича мазмун, ўзига хос жозиба билан бўй кўрсатмоқда. 

Қурбон ҳайити муносабати билан дам олиш кунлари белгиланганлиги юртдошларимизни беҳад мамнун қилди. 

Ушбу муборак кунларда Андижонда ҳам маҳалла, кўча, зиёратгоҳ ва қабристонларни ободонлаштириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Мустақиллигимизнинг 27 йиллик байрами ҳамда Қурбон ҳайити олдидан ўтказилган хайрия ҳашарида вилоятдаги 898 қабристон ва 53 зиёратгоҳда тозалаш, ободонлаштириш ишлари бажарилди. Қувонарлиси, ана шу жараёнда ёшу кекса бир тан, бир жон бўлиб меҳнат қилди. Кексалар ўзларининг фаоллиги, ибратли ишлари билан ёшларга намуна бўлдилар. Бундан ташқари, кенг жамоатчилик кўмаги билан шароити оғир бўлган 1 минг 276 оиланинг уй-жойи таъмирлаб берилди. 1 минг 958 кам таъминланган оилага, 1 минг 313 нафар ногирон ва ёлғиз яшовчи кексаларга моддий ёрдам кўрсатилди.

Бу каби ибратли ишлар халқимиз орасида муҳтожларга саховат кўрсатиш, одамлар ўртасида меҳр- оқибат ришталарини мустаҳкамлашдек эзгу ва хайрли ишларнинг янада қулоч ёйишига хизмат қилмоқда.

Шукуҳли шу кунларда ҳар бир ватандошимиз тинч ва осойишта ўтаётган кунларимиз, тўкин дастурхон, фаровон ҳаётимиз учун шукроналик туйғуси билан яшамоқда. Нуронийларимиз эса ёшларнинг диёнатли, эл-юрт ишига камарбаста, Ватанига содиқ, фидойи инсонлар бўлиб камол топишларини тилаб дуолар қилмоқда. Илоҳим, юртимиздаги тинчлик-осойишталик, хайрли ишлар бардавом бўлсин. Кундан-кун юксалиб бораётган озод ва обод Ўзбекистонимизга кўз тегмасин.

Шарофиддин Мусабоев,
Андижон шаҳридаги “Абу Ҳурайра”
жоме масжиди имом-хатиби

4 621