ЎзА Ўзбек

28.07.2018 10:50 Чоп этиш версияси

Юртимизда сиёсий етакчи аёллар етишмайдими?

Юртимизда сиёсий етакчи аёллар етишмайдими?
Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси Танзила Норбоева аёлларнинг сиёсий фаоллиги борасида ўз фикрларини билдирди.

Хабарингиз бор, кеча ‒ 27 июлда Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси томонидан мамлакатимизда хотин-қизларга алоқадор бир қанча масалалар, бу борада амалга оширилаётган ишлар муҳокамасига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди. Унда қўмита раиси Танзила Норбоева аёлларнинг сиёсий фаоллиги борасида гапирди.

‒ Юртимиздаги 4 та сиёсий партияга депутатликка номзодларни кўрсатишда 30 фоизлик аёллар учун квота берилган. Амалда қанақа десангиз — 15 фоиз. Депутатларнинг 15 фоизини аёллар ташкил қилади! Нима учун? Мамлакатимизда сиёсий етук аёллар камми? Юртимизда сиёсий етакчи аёллар етишмайдими? Аслида Ўзбекистонда сиёсий фаол аёллар кўп, уларни қўллаб-қувватлаш учун 4 та сиёсий партия билан ҳамкорлик Меморандуми имзолаб чиқдик, бу орқали аёлларни сиёсий етакчиликка тайёрлаб борамиз. Навбатдаги сайловларда қонун томонидан берилган 30 фоизлик имтиёздан аёлларимиз тўла фойдаланиши керак. Бу чора-тадбирларимизни биз “Депутатликка старт” деб атадик. Бундан ташқари, қўмита таркибида “Фахрий аёллар”, “Ижодкор аёл”, “Ҳуқуқшунос аёллар”, “Аёл ва саломатлик”, “Илм-фан ва аёл” каби уюшмалар иши ташкил этилиб, такомиллаштирилмоқда, ― деди Танзила Норбоева.

И.Аҳатова, ЎзА
4 813