Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

03.01.2017 16:21 Чоп этиш версияси

Шеробод туманида 42 оила янгиланган намунавий лойиҳадаги уйларга кўчиб ўтди

Шеробод туманида 42 оила янгиланган намунавий лойиҳадаги уйларга кўчиб ўтди Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 21 октябрдаги “2017-2021 йилларда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастури тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида Сурхондарё вилояти Шеробод туманидаги “Ғуржак-1” массивида 32 оилага мўлжалланган икки қаватли ва майдони икки сотих бўлган 10 та бир қаватли алоҳида уй-жой фойдаланишга топширилди.

Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда қишлоқ жойларда қурилаётган намунавий лойиҳалар асосидаги замонавий массивлар юртимиз киёфасини тубдан ўзгартириб, аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилаётгани алоҳида таъкидланди.

Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг 2009 йил 3 августдаги “Қишлоқ жойларда уй-жой қурилиши кўламини кенгайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида 2009-2016 йилларда Сурхондарё вилоятида 5 минг 795 уй-жой қурилиб, фойдаланишга топширилди. Замонавий массивларда ижтимоий бозор инфратузилмаси объектлари, сервис ва хизмат кўрсатиш шохобчалари, кенг ва равон йўллар бунёд этилди. Табиий газ ва тоза ичимлик суви билан таъминланди. Олис қишлоқларда ҳам амалга оширилаётган бундай улкан бунёдкорлик ишлари жойларда қурилиш индустриясини ривожлантириб, аҳолини иш билан таъминлашда ҳам муҳим аҳамият касб этаётир.

– Юртимиз ободлиги, аҳоли фаровонлиги йўлида амалга оширилаётган бундай улкан қурилиш ишларини бир пайтлар биз тасаввур ҳам қилолмаганмиз, – дейди шерободлик Қудрат Асроров. – Гуваладан қурилган пастқам уйларда бир этак фарзандлар, келин ва неваралар билан сиқилиб яшашга кўникиб қолган эдик. Президентимизнинг қарори асосида қисқа вақтда қад ростлаган ҳамёнбоп, ихчам, қулай бу уйлар ана шу муаммоларга барҳам бериши ва ёш оилалар мустаҳкамлиги учун хизмат қилади.

Янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича “Қишлоқ қурилиш банк”нинг Сурхондарё вилояти филиали кредит маблағи эвазига барпо этилган 42 уйнинг калити хонадон эгаларига топширилди.

– Уч оила бир ҳовлида яшар эдик, – дейди Қўрғон маҳалласида истиқомат қилаётган Турсунбой Тўраев. – Арзон нархларда сифатли қурилаётган уйлар биз каби турар жойга эҳтиёжманд ёш оилалар учун катта имконият бўлди. Турмуш ўртоғим билан маслаҳатлашиб, замонавий массивда янги қурилган уч хонали уйдан олдик. Бу уйларнинг нархи, тўлов шарти жуда қулай. Яшаш учун барча шароит яратилган. Онажонимни ҳам "юринг энди, янги уйда маза қилиб яшайсиз", деб олиб келдик. Бундай эътибор ва ғамхўрлик учун Президентимиздан миннатдормиз.

Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида Сурхондарё вилоятида янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича 608 икки ва уч қаватли уйлар, икки, тўрт ва олти сотихли 3-4 хонали 401 уй-жой қурилиши режалаштирилган.

Холмўмин Маматрайимов, Фарҳод Абдурасулов (сурат), ЎзА
6 218






Все о погоде - Pogoda.uz