Юртдошларимиз ва фермерларга МУРОЖААТ
Азиз деҳқонлар ва фермерлар!
Шу кунларда далаларимизда пахта терими қизғин бормоқда. Бу мавсум кўплаб юртдошларимиз учун муҳим палла ҳисобланади. Шунинг билан бир вақтда, мажбурий меҳнат ёки бошқа бир ноодатий ҳолатлар ҳам шу даврга тўғри келишини кузатиш мумкин. Ана шундай салбий ҳолатларга барҳам бериш, теримчилар учун қулайликлар яратиш ва ҳуқуқларини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши пахта йиғим-теримини уюшқоқлик билан ўтказиш борасида мамлакатимиз аҳолисига ва фермерларга мурожаат билан чиқди.
Азиз деҳқонлар ва фермерлар!
Мамлакатимизда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар натижасида фермер хўжаликларининг ер, сувдан унумли ва самарали фойдаланиши йилдан-йилга яхшиланиб бормоқда.
Жорий йилда Давлатимиз раҳбарининг “Пахтачилик соҳасида бозор томойилларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда “Ғалла етиштириш, харид қилиш ва сотишга бозор томойилларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари қабул қилинди.
Ушбу қарорлар қишлоқ хўжалигида эркин рақобатни таъминлаб, бозор иқтисодиёти тамойилларини жорий этишга йўналтирилган бўлиб, пахта ва ғалла етиштиришда давлат буюртмаси, харид нархининг белгиланишинибосқичма-босқич бекорқилиб, деҳқонларимиз меҳнатининг иқтисодий самарадорлиги ҳамда манфаатдорлиги ошишини кафолатлайди.
Юртимизда пахта йиғим-терими мавсуми бошланиш арафасида. Айни пайтда, олдимизда долзарб мавсумни уюшқоқлик билан ўтказиш, аҳолини кўнгилли равишда теримга жалб этишдек ўта масъулиятли вазифалар турибди. Эрта кўкламда, об-ҳавонинг ёғин-сочинли келиши натижасида аксарият майдонларда чигит икки, ҳаттоки, айрим ҳудудларда уч маротабагача қайта экилди. Ҳаво ҳарорати ҳар йилги меъёридан анча паст бўлди. Саратондаги кучли иссиқ ҳам ғўза ривожига салбий таъсирини кўрсатди. Шунга қарамай, далаларимизда белгиланган режани ортиғи билан бажаришга етадиган ҳосил етиштирилди. Донишманд халқимиз айтганидек “Ғалвирни сувдан кўтарадиган вақт келди”. Эндиги вазифамиз – машаққатли меҳнатлар эвазига етиштирилган ҳосилни ёғин-сочинли кунларга қолдирмай, тез ва соз йиғиштириб олишдир.
Ҳурматли фермерлар!
Далада етиштирган пахтани тез ва сифатли териб олиб, юқори навларга топшириш учун теримчиларга қуйидаги ишларни амалга ошириш талаб этилади:
Биринчидан, пахта йиғим-теримига кўнгилликелган теримчиларгаётоқ жойларини сифатли таъмирлаб, зарур буюмлар билан жиҳозлаш ва шарт -шароитлар яратишингиз;
Иккинчидан,теримчиларни талаб этиладиган этак (фартук), тарози ва бошқа зарур анжомлар билан таъминлашингизни;
Учинчидан, пахта далангизни теримга шай ҳолатга келтириб қўйишингизни (пахта даласига борадиган йўлларни тозалаш, унга сув қўймаслик, инсон соғлиғига зарар келтирадиган маҳаллий ва минерал ўғитларни тегишли тартибда жойлаш ва тупроқ билан ўраш, меҳнат муҳофазаси, техника хавфсизлигига риоя этиш ва бошқалар);
Тўртинчидан, теримчиларни эрталабки нонушта ва иссиқовқат билан таъминлашингиз шартлигини унутманг!
Фермер хўжаликлари раҳбарлари, Сизлар ўзингиз яшаб турган маҳалланинг энг ташаббускор, фидойилари ва етакчи кучларидан бири эканингизни унутманг. Ўзингизнинг олижаноб ҳимматингиз билан шу халқнинг ардоғига эришинг!
Жорий йилда етиштирилган ҳосил биринчи марта диёримизда тўлиқ қайта ишланиши давлатимиз иқтисодиёти, халқимиз фаровонлигида муҳим ўрин тутишини юракдан ҳис этайлик.
Пахта теримига 18 ёшга тўлмаган йигит-қизларни, бюджет ташкилотларининг ишчи-ходимларини жалб қилишга уринманг,(кўнгиллилар оила бюджетига маблағ ишлаб олиши учун дам олиш ва ишдан ташқари ихтиёрий яшаш жойидан узоқ бўлмаган яқин далаларда пахта теримига чиқиши бундан мустасно) шунингдек, мажбурий меҳнатнинг ҳар қандай шаклига қарши туринг. Чунки, мамлакатимизда мажбурий меҳнатдан фойдаланганлик учун жавобгарлик янада кучайтирилганини унутманг!
Ҳурматли Кенгаш раислари ва Раёсат аъзолари!
2020 йил пахта ҳосилини нес-нобуд қилмасдан уюшқоқлик билан йиғиб-териб олишни ташкил этиш бўйича вақтинчалик тартибга мувофиқ пахта теримида қатнашадиган теримчилар, терим отрядлари ва отряд раҳбарлари рўйхатини шакллантирилишини;
беш кун муддатда керак бўлса, теримчилар билан ҳар кун ҳисоб-китоб қилиб, туманларда пахта йиғим-теримига жалб этиладиган теримчилар рўйхатини қайта кўриб чиқиш, ҳар бир терим отряди раҳбарива теримчи, айниқса, уюшмаган аҳоли билан алоҳида суҳбат ўтказилишини;
ҳар бир терим отряд таркибида бу йилги пандемия шароитини ҳисобга олган ҳолда 70 нафардан ортиқ бўлмаган теримчи бўлишини, ҳар бир отряд ва пахта терим марказларининг аниқ вазифалари белгилаб берилишини;
пахта йиғим-теримига жалб этиладиган теримчилар териши режалаштирилаётган пахта хомашёси миқдори бўйича тақдимномалар тайёрланишини ва теримчиларнинг сонидан келиб чиқиб, улар учун зарур бўладиган турар жойлар дислокациялари ишлаб чиқилишини;
пахта йиғим-теримига жалб этилган фуқароларни озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш, кўчма савдони, маданият ва маиший хизматларни ҳамда кўчма тиббий кўрикларнинг ташкил этилишини;
2020 йил 20 сентябрга қадар уюшмаган аҳолининг кўнгилли теримчиларини оммавий оферта асосида пахта ҳосилини йиғиб-териб олишга жалб қилиш мақсадида ҳар бир туман (шаҳар)ларнинг аҳоли гавжум жойларига баннерлар жойлаштирилишини таъминлашда кўмаклашинг.
Азиз ватандошлар!
Теримчилар меҳнатига ҳақ тўлаш борасида пахта майдонининг ўзида кунлик ёки ҳар беш кунлик ҳисоб-китоб қилиниши эса дала меҳнаткашлари учун яратилган қулайликлардан биридир.
Бу йил пахта хом ашёсининг қўлда терилган 1 килограмми учун биринчи теримда – 1000 сўм, иккинчи теримда – 1400 сўмдан нақд пулда меҳнат ҳақи берилиши белгиланди.
Жиззах, Сирдарё, Тошкент вилоятларининг барча туманларида, Қорақалпоғистон Республикасининг Қонликўл, Қораўзак, Кегейли, Қўнғирот, Тахтакўпир, Хўжайли, Шуманай, Чимбой ва Нукус туманлари, Қашқадарё вилоятининг Косон, Муборак, Миришкор, Нишон, Касби, Қарши туманларида, шунингдек, Сурхондарё вилоятининг Қизириқ, Бандихон, Музработ ва Шеробод туманларида пахта хомашёси йиғим-теримига теримчиларни қўшимча жалб қилиш мақсадида қўлда терилган ҳар бир килограмм пахта хомашёси учун тавсия этилган меҳнат ҳақига Ўзбекистон Республикаси бюджетининг қўшимча манбалари ҳисобидан 200 сўмдан устама ҳақ тўланиши белгилаб қўйилди.
Пахта йиғим-терими мавсумидатерим отрядлари раҳбарларига фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар асосида, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Жамоат ишлари жамғармаси маблағлари ҳисобидан 2 млн сўмдан меҳнат ҳақи тўланади.
Жиззах, Қашқадарё, Сирдарё ва Тошкент вилоятларида пахта териш машиналари ёрдамида терилган ҳар бир тонна пахта хомашёси учун тўланадиган меҳнат ҳақининг 30 фоизи Молия вазирлиги томонидан қоплаб бериш тартиби жорий этилди.
Бу йил ҳосилнинг асосий қисми асосан фермер хўжаликларининг ишчи кучи ёрдамида йиғиштириб олиниши режалаштирилган. Терим отрядларига эса кўнгилли равишда аҳоли, яъни, меҳнатга лаёқатли бўлган кишилар жалб этилади.
Теримга жалб қилинадиган ҳашарчилар учун шийпонлар ва ётоқхоналар жойлашуви режаси тасдиқланиб, зарур шарт-шароитлар яратилди. Ҳашарчиларни далама-дала, бир кунликмасофага олиб бориб келишга йўл қўйилмайди. Улар жиҳозланган ётоқхоналарда ётиб, теримда иштирок этади.
Азиз юртдошлар!
Пахта йиғим-терими мавсумида шундай кўтаринкиликни ташкил қилайликки, бободеҳқон елкасидаги юкни кўтаришга камарбаста бўлиш, эл-юрт ташвишига шериклик қилиш, деҳқоннинг зафарларидан фахрланиш, ғурурланиш ҳисси юрагингизда жўш урсин!
Барчангизни мазкур эзгу ишда иштирок этишга чорлаб, иқтисодиётимизни юксалтириш, она юртимиз янада обод бўлиши учун муносиб ҳиссангизни қўшишга ва пахта йиғим-теримида фаол қатнашишга даъват этамиз!
Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари
ва томорқа ер эгалари кенгаши