Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

04.12.2017 20:41 Чоп этиш версияси

Юрт тинчлиги маҳалладан бошланади

Миллий матбуот марказида Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши бошқаруви томонидан “Маҳаллаларда ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш – давр талаби” мавзуида матбуот анжумани ўтказилди.

Мамлакатимизда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолияти самарадорлигини ошириш, хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш билан бирга фуқароларда қонунга ҳурмат ҳиссини кучайтиришда маҳаллаларнинг бевосита иштирокини кенгайтириш борасида самарали ишлар амалга оширилмоқда. Бунда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 3 февралдаги “Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони муҳим аҳамият касб этмоқда.

Тадбирда Президентимиз раислигида шу йилнинг 15 ноябрь куни ўтказилган мамлакатимизда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш борасида белгиланган вазифалар ижроси, бу борада мавжуд муаммолар ва уларни ҳал этиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида илгари сурилган масалалар ҳусусида сўз юритилди.

– Давлатимиз раҳбарининг видеоселектор йиғилишида билдирган фикр-мулоҳазалари, топшириқларидан келиб чиқиб тизимли чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий этилмоқда, – дейди Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши раисининг ўринбосари Зафар Рўзиев. – Ҳар бир маҳаллада “Маҳалла посбони” жамоатчилик тузилмаси раҳбари ва аъзоларидан иборат туну кун навбатчиликни ташкил этиш мақсадида “Жамоатчилик назорат масканлари” фаолиятини самарали йўлга қўйиш Хоразм, Қашқадарё ва Самарқанд вилоятлари мисолида ўрганилиб, мазкур тажриба барча маҳаллаларда оммалаштирилмоқда.

Тадбирда ҳар бир маҳаллани жиноятчиликдан ҳоли ҳудудга айлантириш, бу борада бефарқлик, лоқайдлик ҳолатларига барҳам бериш жамиятда тинч ва осойишта ҳаётни таъминлашнинг асосий шартларидан бири экани, бу борада ҳар бир фуқаро онгида “Менинг маҳалламда жиноят содир бўлмаслиги керак” деган туйғуни шакллантириш муҳим масала экани таъкидланди.

Журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарилди.

Гулноза Бобоева, ЎзА
1 601






Все о погоде - Pogoda.uz