ЎзА Ўзбек

24.09.2020 Чоп этиш версияси

Юридик университетнинг стипендиат ва таълим гранти совриндорлари аниқланди

Юридик университетнинг стипендиат ва таълим гранти совриндорлари аниқланди

Президентимизнинг 2020 йил 29 апрелдаги “Ўзбекистон Республикасида юридик таълим ва фанни тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонида Тошкент давлат юридик университети раҳбарияти бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан иқтидорли талаба ҳамда ўқувчиларни рағбатлантириши мумкинлиги қайд этилган.

Шунга кўра, 2020-2021 ўқув йилидан бошлаб мамлакатимиз олий таълим муассасалари орасида илк маротаба Тошкент давлат юридик университети талабалари ҳамда университет қошидаги академик лицей ўқувчилари учун стипендия ва таълим грантлари ажратиш тизими йўлга қўйилди.

Талаба ва ўқувчиларнинг билим олишга бўлган қизиқишини ошириш ҳамда улар ўртасида соғлом рақобат муҳитини яратишга қаратилган стипендия ва грантлар учун танлов икки босқичда ўтказилди.

Талабгорларнинг ҳужжатлари махсус комиссия томонидан кўриб чиқилди. Номзодларни аниқлашда уларнинг аъло баҳоларга ўқиши, чет тилини пухта билиши, ижодий, ижтимоий ва интеллектуал танловлар, маънавий-маърифий тадбирлар, жамоат ишларидаги фаоллиги инобатга олинди.

photo_2020-09-24_21-33-38.jpg

Танлов якунида ТДЮУ ректорининг буйруғига биноан илк стипендиат ва таълим гранти соҳиблари тасдиқланди.

Унга кўра, Оммавий ҳуқуқ факультети 2-курс талабаси Фарангиз Эштурдиева, Жиноий одил судлов факультети 3-курс талабаси Гулираъно Очилбоева, Хусусий ҳуқуқ факультети 2-курс талабаси Юлдузхон Абдусолиҳова, Хусусий ҳуқуқ факультети 2-курс талабаси Зиёда Боратова, Халқаро ҳуқуқ ва қиёсий ҳуқуқшунослик факультети 3-курс талабаси Юлдуз Рашидова ТДЮУ стипендиясини қўлга киритди. Уларга сентябрь-июнь ойлари давомида бир ойлик стипендия базавий миқдорига нисбатан 50 фоиз оширилган ҳолда тўлаб борилади.

Шунингдек, Оммавий ҳуқуқ факультети 4-курс талабаси Нилуфархон Маҳмудова, Жиноий одил судлов факультети 4-курс талабаси Рустамбой Рустамов, Хусусий ҳуқуқ факультети 4-курс талабаси Исломбек Абдуҳакимов, Халқаро ҳуқуқ ва қиёсий ҳуқуқшунослик факультети 2-курс талабаси Хушназар Жўраев илк грант соҳиблари бўлди. Улар ўқув йили учун белгиланган тўлов-контракт суммасининг 50 фоизидан озод этилди.


4 447
Муаттар Рўзибоева, ЎзА