Юридик хизматга нохолис муносабатда бўлган 80 нафар мансабдор шахс жавобгарликка тортилди
Юридик хизмат фаолиятини тартибга солувчи қонун ҳужжатлари талабларини бузаётган мансабдор шахслар учраб турибди.
Юридик хизмат фаолиятини тартибга солувчи қонун ҳужжатлари талабларини бузаётган мансабдор шахслар учраб турибди. Жорий йилнинг ўтган даврида 50 дан кўпроқ шундай ҳолатлар аниқланган. Ўтган йил шу даврда бу 39 тани ташкил этган. Барча ҳолатлар бўйича тегишли ташкилотларга таклифлар киритилиши натижасида 80 нафар мансабдор шахсга нисбатан интизомий жавобгарлик чоралари қўлланилган.
Бу ҳақда Адлия вазирлиги томонидан ташкил этилган матбуот анжуманида маълум қилинди.
Юридик хизматлар фаолияти Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 19 январдаги “Юридик хизмат фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан қўллаб-қувватланмоқда ва ривожлантирилмоқда.
Қарор қабул қилингунича юридик хизматлар томонидан давлат органлари ва ташкилотлар фойдасига бор-йўғи 3 миллиард 350 миллион сўм пул маблағи ундирилган бўлса, мазкур қарор қабул қилинганидан то ҳозирги даврга қадар 56 миллиард 647,6 миллион сўм ундирилган. Бу юридик хизматларнинг анча фаоллашганини кўрсатиб турибди.
Бундан ташқари, юридик хизмат ходимларига мартаба даражалари берилмоқда. Хусусан, 2017 йилда 480 нафар, 2018 йилда 920 ва 2019 йилнинг ҳозирги давригача 335 нафар юридик хизматлар ходимларига мартаба даражалари берилган.
Бироқ, шунга қарамай, юридик хизматлар фаолияти замон талаби даражасида, деб айта олмаймиз. Улар ўзлари ишлаётган ташкилот манфаатлари ҳимоясини ҳар томонлама таъминлаши зарур. Лекин ижтимоий тармоқларда бирор ташкилотга нисбатан салбий фикрлар пайдо бўлса, уларга нисбатан ҳуқуқий жиҳатдан асосланган муносабатлар берилмайди. Ёки ташкилот юристлари раддия бериш ташаббусини кўрсатмайди. Аммо бугунги тезкор замон талаби юристлардан ҳам шунга монанд ишлашни тақозо қилмоқда.