ЎзА Ўзбек

30.07.2018 19:31 Чоп этиш версияси

Юридик хизмат ходимининг масъулияти ортди

Юридик хизмат ходимининг масъулияти ортди
Қонунчиликда янгиликлар юз бермоқда, талаблар ортиб, фаолият мезонлари такомиллашмоқда. Идора ва ташкилотларда фаолият юритаётган юридик хизмат ходимлари бу янгиликлардан ўз вақтида хабардор бўлиши, ходимларни бундан огоҳ этиши, тайёрланаётган ҳужжатларни эса янги меъёрларга мослаштириши зарур.

Амалда шундай бўлаяптими? Минг афсуски, қонунчиликда рўй бераётган ўзгаришлардан айрим юридик хизмат ходимларининг ўзи хабардор эмас. Боиси айнан шу хизмат ходимлари томонидан тайёрланаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари кўп ҳолларда эски меъёрларга таянган ҳолда тайёрланмоқда. Энг ёмони, кўп ҳолларда ҳужжатнинг номи бошқа-ю, мазмунида бошқа масалалар ҳақида сўз кетмоқда. Гоҳида эски ҳужжатга янги ном берилган. Бунга масъул юрист уни ҳатто ўқиб кўрмаган. Айнан мана шундай қусурлар туфайли кейинги пайтда Адлия вазирлигига ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш учун тақдим этилган 1,5 минг норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг учдан бир қисми рад этилган.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида “Қонун ҳужжатларини такомиллаштириш ва қонун ижодкорлиги” мавзуида ташкил этилган семинарда шулар ҳақида сўз борди.

Адлия вазирлиги Қонунчилик бош бошқармаси бошлиғи Худоёр Мелиев юридик хизмат ходимларига давлат томонидан барча шарт-шароит яратиб берилаётгани, улар ҳам бунга жавобан виждонан меҳнат қилиши зарурлигини таъкидлади.

Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 13 апрелда “Давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширишда адлия органлари ва муассасалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ва “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги фаолиятини тубдан такомиллаштиришга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Адлия органлари ҳужжатларда назарда тутилган вазифалар ижросини таъминлашда, тизимдаги камчиликларни бартараф этишда “Одилона қонунларни қабул қилиш, жамиятда қонунга ҳурмат руҳини қарор топтириш – демократик ҳуқуқий давлат қуришнинг гаровидир” деган концептуал ғояни ҳаётга татбиқ этиш орқали ягона давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширмоқда.

Семинарда сўзга чиққанлар Президент қарори билан эндиликда “республика – вилоят – туман (шаҳар)” уч поғонали принципи бўйича вертикал бошқарувни жорий этган ҳолда туман (шаҳар)ларда адлия бўлимлари ташкил этилганини қайд этиб ўтди.

Бу билан бевосита жойлардаги ҳуқуқий муаммолар, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари уларнинг ҳуқуқий эҳтиёжлари билан боғлиқ ҳолда таъминланишини чуқур ўрганиш, жамиятдаги аниқ ҳуқуқий ҳолатдан келиб чиқиб ҳуқуқий тарғиботни амалга ошириш имконияти яратилди.

Адлия вазирлиги марказий аппарати тузилмасида бир қатор янги бошқармалар ташкил этилди.

Жорий йилдан бошлаб Адлия вазири давлат органлари ва ташкилотларининг норма ижодкорлиги фаолияти ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти тўғрисида ҳар йили Олий Мажлис Сенатига ахборот тақдим этади.

2018 йил 1 майдан бошлаб эса норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг лойиҳалари Вазирлар Маҳкамасига, Президент девонига фақат Адлия вазирлигининг ҳуқуқий-экспертиза якуни бўйича уларни қабул қилишнинг мақсадга мувофиқлиги ҳақидаги хулосаси мавжуд бўлгандагина киритилмоқда.

Шунингдек, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари лойиҳани ишлаб чиқувчи ташкилотлар томонидан Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари порталига жамоатчилик муҳокамаси ўтказилиши учун жойлаштирилиши лозим.

Айни пайтда жорий этилган бу тартибга кўпчилик юридик хизматлар тўлиқ риоя этмаётир. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаси муҳокамага қўйилмасдан Адлия вазирлигига экспертизадан ўтказиш учун юбориш ёки экспертизага юборилган кунда муҳокамага қўйиш ҳолатлари кузатилмоқда. Аслида лойиҳалар муҳокамадан ўтказилиб, аҳоли фикрлари инобатга олинган ҳолда тўлдирилиб, кейин экспертизага тақдим этилиши даркор.

Семинарда 2019 йил 1 январдан ўз кучини йўқотаётган мамлакатимиз ҳудудида 1993 йил 17 июнгача қабул қилинган ва Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтмаган умуммажбурий идоравий ҳужжатлар ўрнига сифатли ва замон талабига жавоб берадиган қонун ҳужжатларини ишлаб чиқиш юзасидан олиб борилаётган ишлар ҳақида ҳам маълумот берилди.

Таъкидланишича, бу борада ҳукуматнинг 2018 йилнинг 16 июль куни “Ўз кучини йўқотаётган умуммажбурий идоравий ҳужжатларнинг ўрнига янги норматив-ҳуқуқий ва бошқа ҳужжатларни тайёрлаш бўйича чора-тадбирлар режасини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Қарор билан 2019 йил 1 январга қадар собиқ иттифоқ даврида қабул қилинган 171 қонун ҳужжати ўрнига замон талабларига жавоб берадиган 56 норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилиниши белгиланди.

Адлия вазирлиги ҳукумат томонидан мазкур жараённи мувофиқлаштирувчи орган этиб тайинланди.

Тадбирда, шунингдек, юридик хизмат соҳасида қонунчиликдаги янгиликлар, ташкилотларда юридик хизматни амалга ошириш бўйича тавсиялар берилди.

Норгул Абдураимова, ЎзА
4 639