Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

06.11.2017 17:42 Чоп этиш версияси

Юридик хизмат кўрсатиш соҳасидаги ислоҳотлар

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида "Юридик ёрдам ва хизмат кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш: нотариат соҳасидаги ислоҳотлар” мавзуида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Адлия вазирлигининг масъул ходимлари, нотариал идоралар вакиллари ҳамда журналистлар иштирок этган анжуманда мамлакатимизда аҳолига сифатли юридик хизмат кўрсатиш, халқимизнинг ҳуқуқий ахборотдан хабардорлигини ошириш ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш борасида тизимли ислоҳотлар амалга оширилаётгани таъкидланди.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида ҳам нотариат тизимини ислоҳ этиш юзасидан қатор вазифалар белгилаб берилган. Мазкур топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикасида нотариат институтини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси норматив ҳуқуқий ҳужжатлар муҳокамаси порталига жойлаштирилди.

Матбуот анжуманида фармон лойиҳаси ҳақида маълумот берилди. Хусусан, лойиҳада жисмоний ва юридик шахсларга комплекс нотариал хизматлар кўрсатувчи нотариатнинг фаол моделига ўтиш, соҳани малакали мутахассислар билан тўлдириш, нотариал хизматлар кўрсатишда очиқликни таъминлаш, соҳада ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш белгиланган. Бундан ташқари, нотариусларнинг мулкий жавобгарлигини ошириш мақсадида фаолиятни суғурталаш ҳамда уларнинг ўзини-ўзи бошқарувчи органи сифатида Нотариал палатани ташкил этиш масалалари кўзда тутилган.

Адлия вазирлиги томонидан нотариал ҳаракатлар турлари таҳлил қилиниб, давлат ташкилотлари ва идоралар томонидан ҳужжатларнинг нотариал тасдиқланган нусхаларини талаб қилинишини чекловчи ҳукумат қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди. Ушбу қарорнинг тасдиқланиши нотариал идоралардаги навбат кутиш ҳолатларининг 30-40 фоизга камайишига ва нотариал хизмат кўрсатиш тезкорлигининг ошишига хизмат қилади.

Анжуманда вазирлик ва ҳудудий адлия органлари томонидан нотариал идоралар ходимларининг фаолияти давомида меҳнат интизоми ва касб этикаси қоидаларига риоя этиши, уларнинг зиммасига юклатилган вазифаларнинг бажарилишини ўрганиб бориш юзасидан ўтказиладиган жамоатчилик назорати тадбирлари тўғрисида ҳам тўхталиб ўтилди.

Матбуот анжуманида нотариат соҳасини такомиллаштириш юзасидан олиб борилаётган ислоҳотлар, бажарилиши лозим бўлган муҳим вазифалар тўғрисида маълумотлар берилди.

Гўзал Сатторова, ЎзА
2 706






Все о погоде - Pogoda.uz