Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

17.11.2017 20:54 Чоп этиш версияси

Юридик хизмат фаолиятини такомиллаштириш йўлида

Тошкент вилояти адлия бошқармаси томонидан юридик хизматлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва методик таъминлаш, уларнинг ходимларини аттестациядан ўтказиш ва малакасини ошириш бўйича амалга оширилган ишлар таҳлили ҳамда соҳада мавжуд муаммоларга бағишланган семинар ўтказилди.

Тадбирда мамлакатимизда давлат органлари фаолиятида қонун устуворлиги ва қонунийликни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани, бу жараёнда юридик хизмат фаолиятини янада такомиллаштириш муҳим аҳамиятга эга экани таъкидланди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 19 январдаги “Юридик хизмат фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлмоқда. Қарорга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги юридик хизматлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва методик таъминлаш, уларнинг ходимларини аттестациядан ўтказиш ва малакасини ошириш бўйича махсус ваколатли орган этиб белгиланди.

Мазкур ҳужжат ижросини таъминлаш юзасидан Тошкент вилояти адлия бошқармаси томонидан ҳам қатор ишлар амалга оширилмоқда. 2017 йилнинг 10 ойи давомида 46 номзод билан суҳбат ўтказилиб, шундан 34 нафари юридик хизмат ходими лавозимига тайинланган, 24 ходим аттестациядан ўтказилган.

Семинарда вилоятдаги давлат органлари ва ташкилотлари юридик хизмати фаолиятининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ҳуқуқни қўллаш амалиётида мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этиш йўллари муҳокама қилинди.

Шунингдек, Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида 15 ноябрь куни бўлиб ўтган мамлакатимизда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш борасида белгиланган вазифалар ижроси, бу борада мавжуд муаммолар ва уларни ҳал этиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида берилган топшириқлардан келиб чиқиб, давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизмати ходимларига тавсия ҳамда кўрсатмалар берилди.

Семинар якуни бўйича юридик хизмат фаолияти самарадорлигини янада ошириш юзасидан зарур чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Байрам Айтмуродов, ЎзА
3 113






Все о погоде - Pogoda.uz