Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

01.12.2017 18:15 Чоп этиш версияси

Юнусободда маънавий-маърифий масалалар бўйича ўқув семинар ташкил этилди

Пойтахтимизнинг Юнусобод тумани ҳокимлигида маҳаллаларда маънавий-маърифий ишларни кучайтиришнинг ташкилий-ҳуқуқий механизмларига бағишланган ўқув семинар ташкил этилди.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши томонидан ташкил этилган тадбирда Тошкент шаҳар туманлари ҳокимларининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлари ҳамда хотин-қизлар қўмиталари раислари, маҳаллалар фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича кенгашларнинг ижро аппаратлари ходимлари, маҳаллалар раислари, диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилар, маърифат ва маънавият масалалари бўйича комиссиялар раҳбарлари иштирок этди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 3 февралдаги “Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида белгиланган устувор вазифаларга асосан маҳаллаларда соғлом маънавий-ахлоқий муҳит барқарорлигини таъминлаш, ёш авлод тарбияси ва уларни миллий анъаналарга содиқ бўлишни ўргатишда маънавий-маърифий ишларни янада такомиллаштириш муҳим омиллардан экани таъкидланди.

Мазкур фармон ижросини таъминлаш мақсадида Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши ҳамда Республика Маънавият ва маърифат маркази ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланган. Ҳамкорлик доирасида ўтказилаётган семинардан кўзланган мақсад марказнинг жойлардаги тузилмалари билан маҳаллалар фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича ҳудудий кенгашлар ўртасидаги ҳамжиҳатликни ошириш, фуқаролар йиғинларида маънавий-маърифий соҳадаги ишларни янада такомиллаштиришдир.

– Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 28 июлдаги “Маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш ва соҳани ривожлантиришни янги босқичга кўтариш тўғрисида”ги қарори маҳаллаларда маънавий-маърифий ишларни янада жонлантиришда мутасаддилар олдида турган долзарб вазифалар ҳамда уларни амалга ошириш механизмларини белгилаб берди, – дейди Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши бўлим бошлиғи Саодат Боймирзаева. – Айниқса, бунда маҳалла фуқаролар йиғинлари ва бошқа ҳамкор ташкилотлар бирдамлиги асосида аҳоли ва навқирон авлоднинг маънавий-маърифий дунёсини бойитиш, ҳуқуқий онги ва саводхонлигини ошириш, улар қалбига эзгулик, ватанпарварлик туйғусини сингдириш орқали ғоявий иммунитетини мустаҳкамлаш долзарб масалалардандир.

Cеминарда қайд этилганидек, Республика Маънавият ва маърифат маркази билан унинг бошланғич ташкилоти сифатида маҳаллалардаги маърифат ва маънавият масалалари бўйича комиссиялар билан ҳамкорликни таъминлаш, фаолиятини самарали ташкил этиш бўйича вертикал тизимни шакллантириш муҳим аҳамиятга эга. Шу билан бирга, маҳаллаларда «Бир болага етти маҳалла ҳам ота, ҳам она» деган мақолнинг аҳамиятини ошириш, «Ўз болангни ўзинг асра!» деган даъватни амалий ҳаракатга айлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Тадбирда маҳаллаларда ижтимоий-маънавий муҳитга салбий таъсир кўрсатувчи ҳолатлар (жиноятчилик, нотинч оилалар, оилавий ажралишлар)ни содир этиш сабабларидан келиб чиқиб, уларнинг олдини олишга йўналтирилган аниқ мавзудаги маънавий-маърифий тадбирларни ташкил этиш ва ўтказиш ишларига маҳаллалардаги кўчабошилар (қишлоқбоши, кўп қаватли уй бошлиқлари) ҳамда фуқаролар вакилларини кенг жалб этиш бўйича иштирокчиларга йўл-йўриқлар кўрсатилди.

Якунда семинар қатнашчилари мавзу доирасида саволларга мутахассислардан жавоб олди.

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА
1 995






Все о погоде - Pogoda.uz