ЎзА Ўзбек

18.09.2020 Чоп этиш версияси

Юнусобод тумани аҳолисига табиий газдан 1 миллиард сўмдан зиёд маблағ қайта ҳисоб-китоб қилинди

Юнусобод тумани аҳолисига табиий газдан 1 миллиард сўмдан зиёд маблағ қайта ҳисоб-китоб қилинди

* Базавий нормадан ортиқча фойдаланилган табиий газ учун қўлланилган қўшимча коэффицент бўйича эксперимент Юнусобод туманида ўтказилди.

* 2019 йилнинг 1 январида бошланган эксперимент 2020 йил 1 апрелда тўхатилди.

* Аммо, кейинги уч ой давомида ҳам истеъмолчиларга фойдаланган газ учун мазкур “эксперимент” бўйича оширилган тарифда ҳисоб-китоблар амалга оширилди.

* Бу ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлди.


Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида 2019 йилнинг 1 январидан бошлаб эксперимент тариқасида аҳоли истеъмоли учун табиий газнинг базавий нормаси – иситиш мавсуми даврида якка тартибда иситиладиган уйлар ва квартираларда яшайдиган бир абонентга ойига 1000 куб.м, бошқа ҳолатларда бир абонентга ойига 250 куб.м этиб белгиланди. Шу билан бир қаторда газдан фойдаланишнинг ушбу нормалардан ошган қисми учун амалдаги тарифга 1,2 баравар оширилган коэффициентни қўллаш жорий этилди.

Бу тажрибадан кўзланган асосий мақсад ёқилғи-энергетика ресурсларидан оқилона фойдаланиш, энергия тежамкорлигини рағбатлантириш, молиявий интизомни мустаҳкамлашдан иборат бўлди.

Аммо, базавий нормадан ортиқча фойдаланилган табиий газ учун қўшимча коэффицент қўлланилаётганлиги карантин даврида молиявий қийинчиликларни юзага келтираётгани юзасидан Юнусобод туманида яшовчи истеъмолчилардан кўплаб мурожаатлар келиб тушди, шунингдек, ижтимоий тармоқларда ҳам кенг муҳокамаларга сабаб бўлди.

Бу ҳудудда жорий этилган электр энергияси ва табиий газ истеъмолининг базавий нормалари қўлланилишини тўхтатиш тўғрисида киритилган таклифларига Вазирлар Маҳкамаси томонидан розилик берилди ва ушбу эксперимент 2020 йил 1 апрелдан тўхтатилди.

Бироқ, Агентлик томонидан амалга оширилган ўрганишлар, жорий йил апрель, май ва июнь ойларида ҳам Юнусобод туманида яшовчи табиий газ истеъмолчиларига қўшимча тўловлар ҳисоблаб келинганлигини кўрсатди.

Агентлик томонидан 2020 йил 28 августда “Hududgaz Poytaxt” газ таъминоти филиалига фойдаланилган табиий газнинг базавий нормадан ошган қисми учун белгиланган тарифга нисбатан оширилган коэффициентни 2020 йил 1 апрелдан бошлаб қўллаш ҳисобига юзага келган маблағларни истеъмолчилар фойдасига қайта ҳисоб-китоб қилиш бўйича кўрсатма берилди.

Натижада, жами 24 минг 527 нафар истеъмолчига базавий нормадан ортиқча фойдаланилган табиий газ учун белгиланган тарифга нисбатан оширилган коэффициент қўлланишилиши натижасида ҳисобланган 1 миллиард 094 миллион 400 минг сўм маблағ истеъмолчилар фойдасига қайта ҳисоб-китоб қилиниши таъминланди.

1 485
ЎзА