ЎзА Ўзбек

18.07.2018 20:53 Чоп этиш версияси

ЮНИСЕФ билан ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди

ЮНИСЕФ билан ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди Шу кунларда БМТ Болалар жамғармасининг (ЮНИСЕФ) Европа ва Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Афшан Хон бошчилигидаги делегация мамлакатимизда бўлиб турибди.

Делегациянинг ташрифи муносабати билан 18 июль куни пойтахтимиздаги “Hyatt Regency Tashkent” меҳмонхонасида ЮНИСЕФ билан ҳамкорлик масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари, депутатлар, мамлакатимизда аккредитациядан ўтган дипломатик корпус, халқаро ташкилотлар вакиллари, экспертлар, фуқаролик жамияти институтлари мутахассислари иштирок этди. 

1.JPG

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосарлари Т.Норбоева ва А.Абдуҳакимов, ЮНИСЕФнинг Европа ва Марказий Осиё бўйича минтақавий директори А.Хон сўзга чиқди.

Таъкидланганидек, БМТнинг Болалар жамғармаси давлат сиёсатининг устувор йўналиши ҳисобланган она ва бола саломатлиги, улар ўртасида ўлим даражасини камайтириш, оналар ва болалар озиқланиши борасидаги энг илғор тажрибани ҳаётга татбиқ қилиш, ОИВнинг олдини олиш бўйича қонун ижодкорлиги, соҳада мавжуд муаммоларни аниқлаш ва уларга ечим топишдек муҳим масалаларда Ўзбекистон билан фаол ҳамкорлик қилиб келмоқда. Бунда 2016 йилда мамлакатимизда ЮНИСЕФ билан имзоланган ҳамкорлик дастури муҳим ўрин тутмоқда. БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясига мувофиқ ишлаб чиқилган ушбу ҳужжат болалар фаровонлиги билан боғлиқ стратегик ёндашувларни ўзида акс эттирган. Мамлакатимизда ЮНИСЕФ билан ҳамкорликда Европа Иттифоқи кўмагида болаларни миграция таъсиридан асрашга қаратилган янги лойиҳанинг амалга оширилиши бу борадаги ишларни сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқиш имконини бермоқда.

18-faqat saytga.JPG

Йиғилишда мамлакатимизда ЮНИСЕФ билан ҳамкорликда олиб борилаётган ишлар кўлами, эътиборга олиниши лозим бўлган масалалар муҳокама қилинди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш, халқ таълими, мактабгача таълим ҳамда бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирларининг маърузалари тингланди.

Қайд этилганидек, сўнгги икки йилда Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида давлат ва жамият бошқарувининг барча йўналишларида изчил ислоҳотлар олиб борилмоқда. Ижтимоий соҳани ислоҳ қилишга оид юздан зиёд ҳужжат қабул қилинди. Бундан ташқари, ўтган йили жойлардаги 126 қишлоқ врачлик пункти ва 180 қишлоқ оилавий поликлиникаси “Саломатлик – 3” лойиҳаси доирасида умумий қиймати 6,5 миллион АҚШ долларига тенг тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланди. 

13--faqat saytga.JPG

Мамлакатимизда аёллар репродуктив саломатлиги, бола ҳуқуқлари ва манфаатларини таъминлаш мақсадида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш бўйича амалий чора-тадбирлар ишлаб чиқилган. Патронаж ҳамшираларининг билим ва малакасини оширишда ЮНИСЕФ билан ҳамкорликда тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

– Мамлакатимиздаги 10 мингга яқин умумтаълим мактабида 5 миллиондан зиёд ўқувчи таълим олади, – деди халқ таълими вазири Ш.Шерматов. – Бу эса соҳага алоҳида эътиборни талаб этади. Шу маънода юртимизда кейинги йилларда таълим тизимини тубдан такомиллаштириш, уни замон талаблари асосида йўлга қўйиш бўйича кўплаб меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Куни кеча Президентимиз томонидан умумий ўрта таълим тизимини ислоҳ қилиш ва ривожлантириш масалаларига бағишлаб ўтказилган йиғилишда ҳам ўқув-тарбия жараёнига илғор педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, ўқитувчиларнинг ижтимоий мавқеини юксалтириш орқали таълим сифатини ошириш масалалари бўйича муҳим вазифалар белгиланди. Бугунги тадбирда ЮНИСЕФ иштирокида айни вазифалар ижросини таъминлаш борасида ҳамкорликни ривожлантириш масалалари юзасидан фикр алмашдик.

Йиғилишда, шунингдек, ҳамкорликда ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга кўмак бериш, болаларга нисбатан зўравонлик, камситиш ва бепарволикнинг олдини олиш, ижтимоий соҳада малакали кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш каби муҳим масалалар атрофлича муҳокама қилинди.

– Учрашувда Ўзбекистон билан ЮНИСЕФ ўртасида ҳамкорликда рўёбга чиқарилган лойиҳалар ва ташаббусларни сарҳисоб қилдик, – деди А.Хон. – Юртингиздаги ижобий ўзгаришлар ва ислоҳотлар муносабатларимизни янада ривожлантиришни тақозо қилмоқда.

Малоҳат Ҳусанова, Аъло Абдуллаев (сурат) ЎзА
6 048