Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

06.04.2017 12:03 Чоп этиш версияси

Юлдузлар тўқнашган тун

«Илми нужумда икки шарофатли сайёра – Зуҳал ва Муштарийнинг бир-бирига яқинлашуви даврида, яъни бахт-саодат аломати деб ҳисобланувчи «қирон буржи» остида туғилган шарофатли инсон Соҳибқирон аталади.

Яратганнинг иродаси билан юлдузлар ҳаракатидаги бу ҳолат ҳар саккиз юз йилда бир келур. «Қирон буржи» остида туғилганларнинг учинчиси Амир Темурдир».

Амир Темур шахси хусусида сўз кетганда, хаёлимдан мана шу маълумот лип этиб ўтаверади... Таажжубки, у зотнинг феъл-табиати, шахсияти борасидаги фикрлар, қарашлар, тадқиқотлар икки юлдуз сингари тўқнашаверади. Мана, неча асрдирки, дунё илм аҳли Соҳибқирон ҳодисаси ҳақида бир тўхтамга келолган эмас. Буюклигини англаганимиз сари мураккаб шахс эканига ҳам амин бўлиб бораверамиз.

Соҳибқирон бобомизга замондош бўлган араб тарихчиси Ибн Арабшоҳнинг таърифига кўра, бобокалонимиз тенги йўқ феъл-атворли, теран мулоҳазали, вазмин бўлган. «У ҳазил-мазах, ёлғонни ёқтирмас, ўйин-кулгию кўнгилхушликка майлсиз, гарчи сўзидан озор етса ҳам, садоқат қилганларни ёқтирарди; у бўлиб ўтган ишга азият чекмас ва ўзига ҳосил бўладиган ютуқдан шодланмас эди... Кўпинча унинг мажлисида уятсиз сўзлар, қон тўкиш, асир олиш, нақбу ғорат қилиш ва ҳақорат гаплар бўлмасди. У бехато (нишонга ургувчи) фикрли, фаросатли, мислсиз даражада бахтли, улуғворлиги ўзига мувофиқ, қатъий азм билан сўзловчи, бошига кулфат тушганда ҳам ҳақгўй киши эди...", деб ёзади.

Замонлар оша Соҳибқироннинг таржимаи ҳолига, ҳукмдорлик, бунёдкорлик ва саркардалик фаолиятига қизиқиш ортса ортмоқдаки, асло камайган эмас. Ҳозиргача Амир Темур ҳақида Европада 500 дан ортиқ илмий асарлар яратилганлиги маълум. Фаолияти даврида бутун Турон ўлкасини бирлаштирган зот эндиликда илму ижод аҳлини «якқалам» қилиб келаётир. Зотан, инглиз драматурги Кристофер Марло, италиялик олима Магда Педаче, машҳур немис композитори Георг Генделни учраштирган макон – Амир Темур шахсидир.

Соҳибқирон тимсолининг Ғарбда куч-қудратли, имон-эътиқодли, меҳр-оқибатли ва юксак маданиятли буюк шахс сифатида ижобий талқин қилиниши, нафақат буюк саркарда, адолатли ҳукмдор, балки оддий инсон сифатидаги ўй-кечинмаларини англашга уринишлар, айниқса, диққатга сазовор. Эдгар По қаламига мансуб «Темирбек» достонида енгилмас инсоннинг қалбини кўргандек, изтиробу мағлубиятлар алами унинг ҳам вужудини куйдирганини ҳис этгандек бўламиз.

Яратган сийлаган, суйган банданинг ўз-ўзини тафтиш қилмаслиги, мудом зиддиятлар ичида бўлмаслиги душвор. Йўқса, бир замонлар золим подшо тамғаси босилган Амир Темурнинг «Халқ куфрга чидаши мумкин, зулмга тоқат қилолмайди», «Ғаним томонидан қўлимизга ҳар қандай сипоҳий асир бўлиб тушса, уни ўлдирмасинлар. Унга ихтиёр берилсин. Агар навкарликни қабул қилса, навкар бўлсин; йўқ деса, уни озод этсинлар» ёки «Ҳар қандай одам менинг адолат девонимдан паноҳ топган экан, гуноҳи бўлса ҳам, уни кечирсинлар. Иккинчи, учинчи марта яна гуноҳ йўлига кирса, у ҳолда гуноҳига яраша жазоласинлар» каби тузукларига ўзи амал қилмаслиги амри маҳол.

«Биласизми, мени ҳаммадан кўра нима кўпроқ ҳайратга солади, – деб сўраган экан бир донишманд суҳбатдошидан. – Зўравонлик куч-қудратининг яратувчиликка қодир эмаслиги! Дунёда фақат икки ҳоким бор – қилич ва ақл-идрок. Охир-оқибатда ҳар доим ақл-идрок қилич устидан ғалаба қозонади». Амир Темурнинг ақли-заковати қиличи устидан ҳукмрон бўлмаганида, дунёнинг 27 мамлакатини мусаххар этолмас, мингдан ортиқ жангларда зафар қучолмас эди.

Олти юз саксон йилдан ошибдики, Амир Темур номи тарих саҳнасидан тушгани йўқ, тушмайди ҳам. Унинг дунёга келиб, дунёга тортиқ этганлари, қолдирган мислсиз мероси номини мангуликка қадаб қўйган. Илм-фан, санъат-маданият, ҳарб, дин-шариат, меъморлик-бунёдкорлик ишларидан неча-неча авлодлар фахр-ифтихор туйғусини туйиб юрибди. Дилларида Соҳибқиронга ҳавас ва чуқур ихлос қўйганлари ҳам чин.

Мамлакат раҳбарлари, сиёсатдонларнинг иш столида ҳамиша давлат тузилиши ва салтанат юритишга доир асарлар турган. Шундай нодир асарлардан бири, шубҳасиз, “Темур тузуклари”дир. Бу тарихий китобдан мутаассир бўлмаган, фаолияти мобайнида тузуклардан улги олмаган раҳбар кам. Замон ва макон чегарасини билмай, бизнинг давримизгача ўз аҳамияти ва ўрнини йўқотмай келаётгани, турмушимизда рўй бераётган воқеликларга ҳануз мос тушаётгани асарнинг таъсир кучини янада оширади.

Тараққиётимизнинг ўзбек моделида ҳам, беш йилга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегиясида ҳам “Тузуклар”даги айрим жиҳатлар ўз аксини топган. Бутун дунёда тан олинган “Ўзбек модели”даги давлатнинг бош ислоҳотчи бўлиши, қонун устуворлиги, кучли ижтимоий сиёсат юритиш тамойиллари Амир Темурнинг “Қаерда қонун устувор бўлса, шу ерда эркинлик бўлади”, “Гуноҳкорга ҳам, бегуноҳга ҳам раҳм-шафқат билан, ҳаққоният юзасидан ҳукм чиқардим. Фуқаро ва қўл остимдагиларга раҳмдиллик қилдим. Золимдан мазлумнинг ҳаққини олдим. Золим етказган моддий ва жисмоний зарарларни исботлаганимдан кейин уни шариатга мувофиқ иккиси ўртасида муҳокама қилдим ва бир гуноҳкорнинг ўрнига бошқасига жабр-зулм етказмадим” сингари тузукларига монанд келади.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, ижтимоий соҳани ривожлантириш, хавфсизлик, диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни мустаҳкамлаш каби кўплаб эзгу мақсадлар белгиланган. Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилидан кўзланган мақсад ҳам давлатчилигимизни мустаҳкамлаш, аҳоли фаровонлигини янада оширишдир.

Соҳибқироннинг “Тузуклар”идан дину шариат, паноҳ истаб келганлар ҳақидаги тузук, мулку мамлакат, сипоҳу раият аҳволидан хабардор ва огоҳ бўлиб туриш тузуки, раиятдан мол-хирож олиш, мамлакатни тартибга келтириш ва юксалтириш, унинг ободончилиги, хавфсизлигини амалга ошириш масалалари ҳам ўрин олган.

Темурийлар даврида ҳар бир шаҳарда “дорул омонат”, яъни “ҳукумат уйи”, “дорул адолат” – қозихоналар мавжуд бўлган. Ҳар шаҳар ва вилоятда қози-судьялар ва муфтийлар аризачиларни қабул қилиб, суд ишларини олиб борган. Бугунги кунда мамлакатимизнинг турли чеккаларида халқ билан мулоқот қилиб, унинг дард-у қувончидан бохабар бўлиш мақсадида ташкил этилган муассасалар “халқ қабулхоналари” номини олди.

Кўринадики, Соҳибқирон ворислари унинг изидан бормоқдалар. Мамлакатни идора этишда адолат, бағрикенглик ва ҳаққонийликка амал қилишни фаолиятининг бош аъмоли, деб билган раҳбар, албатта, “Тузуклар”га мурожаат қилади. Зеро, аждодларни эъзозлаш нафақат улар билан ғурурланиш, балки уларнинг ишларини муносиб, сидқидилдан давом эттиришда зоҳир бўлади.

Севара Алижонова, ЎзА
2 384






Все о погоде - Pogoda.uz