ЎзА Ўзбек

01.06.2018 18:27 Чоп этиш версияси

«Юлдузча» болажонларга байрам туҳфаси бўлди

«Юлдузча» болажонларга байрам туҳфаси бўлди Нукус шаҳридаги 47-«Қумбиз овул» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида «Юлдузча» номли мактабгача таълим муассасасининг янги биноси фойдаланишга топширилди. 200 ўринга мўлжалланган муассаса барча зарур жиҳозлар билан таъминланган.

– Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 28 майдаги махсус фармойиши асосида мазкур мактабгача таълим муассасасида болалар умумий сонининг 50 фоизи миқдорида ота-оналари ногирон бўлган, кам таъминланган оилалар фарзандлари тўловдан озод қилиниши белгиланган, – дейди Ўзбекистон Республикаси мактабгача таълим вазири А.Шин. – Президентимизнинг алоҳида ғамхўрлиги асосида қилинаётган ушбу хайрли иш юртимизда мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш, мактабгача ёшдаги болаларни тўлиқ қамраб олиш даражасини ошириш, кам таъминланган оилалар фарзандларига мактабгача таълим олиши учун имкониятлар яратиш мақсадида ташкил қилинмоқда.

Ҳомийлар кўмагида қайта таъмирланиб, зарур жиҳозлар билан таъминланган мазкур мактабгача таълим муассасасида болаларнинг ҳар томонлама таълим ва тарбия олиши учун барча шароит яратилган. Боғчада кун давомида ишлайдиган 6 гуруҳга 150 нафар болани, қисқа муддатли иккита гуруҳга 50 нафар болани жалб қилиш режалаштирилган.

Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлигининг маълумотига кўра, айни пайтда Қорақалпоғистонда 329 мактабгача таълим муассасаси фаолият юритмоқда. Уларга 54 мингга яқин болалар жалб қилинган. 2018 йилда эса яна 179 болалар боғчаси ташкил қилиниши белгиланган. Жорий йилнинг ўтган даврида давлат хусусий шерикчилик асосида 11 боғча ишга туширилган ва уларда 550 га яқин болалар тарбияланмоқда. 179-мактабгача таълим муассасаси ишга тушиши билан болаларни боғчага жалб қилиш кўрсаткичи 47 фоиздан ошиши кутилмоқда.

16.jpg

30.jpg

Айни пайтда бюджет маблағлари ҳисобидан Қорақалпоғистондаги 51 мактабгача таълим муассасасида қурилиш ва таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.

Мазкур болалар боғчаси ҳудудида »Автотест-Нукус» масъулияти чекланган жамияти ҳомийлик ҳисобидан автомайдонча қуриб берди ва шу куни ушбу корхона мутахассислари томонидан йўл ҳаракати қоидалари бўйича болаларга кўргазмали дарс ўтилди. Шунингдек, муассаса қошида қуриб битказилган спорт майдончасида болалар учун юртимизга таниқли футболчилар томонидан мастер класс машқлари ўтказилди.

Есимхан Қаноатов, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА
5 538