Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

21.08.2017 15:45 Чоп этиш версияси

Юксалиш пиллапоялари ёхуд порлоқ келажак сари қўйилаётган қадамлар

Авжи саратон, жамики борлиқ тандирнинг ҳовуридек жазирамага чўмган палла эди. Қайсидир мақолага сарлавҳа топа олмасданми ёки бошқа бир жумлага сайқал бера олмайми, ишқилиб, ўзим билан ўзим хунибийрон бўлиб, хонага сиғмай ўтирувдим. Шунда эшик тақиллаб, кўринишидан қишлоқнинг далли-ғулли одамларини эслатадиган, оқ-сариқ йигит кириб келди. Дастлабки учрашувимизда ўзи ҳақида илк таассурот қолдирди менда. Яъни, бўсағани ҳатлаб ўтгани ҳамон:

– Ассалому алайкум, ака! – деди ҳечам тортинмай. Ва илдам қадамлар билан келиб, кўришиш учун қўл узатди. Табиийки, мен ҳам қўл бердим. У шу даражада киришимли эканки, бир пасда ўзини таништириб, гап орасида ҳазил аралаштириб, бояги хунибийронлигимни тарқатди. Яқинда институтни битириб, иш ахтариб юрган экан. Суҳбат орасида таҳририятимизда бўш жой борлигини, мақолалар ёзиб, қатнашиб туришини маслаҳат бердим. Шу билан у таҳририятимизга тез-тез келадиган, қисқа-қисқа бўлсада, турли мавзудаги материаллари газетамизда чоп этиладиган бўлди.

Хуллас, икки-уч ой ичида жамоадагилар билан чиқишиб, барча билан келишиб кетди. Куни келиб, мухбирликка ишга олинди.

Аммо, ўз устида ишламаслиги, муттасил ўқимаслиги кўнглимни хижил қиларди. Жойи келганда, шу ҳақда гап очсам: “Ёшманку, ўқийман-да ҳали!” дерди. Орадан икки-уч йил ўтиб, соҳанинг у-бу техник, амалий жиҳатларини тушуниб олгач, кутилмаганда ишдан кетди. Сабабини сўрасам, ойлик маошининг камлигини, каттагина мояна берадиган янги иш топганини айтди.

Шу билан уч-тўрт ой кўринмай қолди. Бу орада ҳамкасбларимиз унинг янги хусусий газета очганлиги, обунаси катталиги, топиш-тутиши яхшиланиб қолганлиги ҳақида турли хил гаплар айтди. Нима бўлганда ҳам омадини берсин, деб қўявердим. Лекин унинг билим ва салоҳияти, давр ва жамият ҳақидаги тушунчалари ҳақида ўйлаб, ўйимга ета олмасдим.

Сабаби, газета – миллат юзи. Унда халқнинг, жамиятнинг кўнгил кечинмалари, дарду ташвишлари акс этиши керак. Биров унинг саҳифасидан ўзини қийнаб келаётган муаммоларга ечим топса, биров мутахассисларнинг кўрсатма ва маслаҳатларини ўқиши лозим.

Очиғини айтай, бояги тўпори йигит хусусий нашр очиб, икки-уч йилда оммалаштириб, даромадини бундоқроқ тадбиркорникидан баланд қилиб олди. Унинг абжирлиги, сўзамоллиги, йўқ жойдан пул топа олиш қобилиятига қойил қола бошладик. Ҳаш-паш дегунча, газетаси (олди-қочди мавзуларни гуррас-гуррас чоп этиб) бу борада пешқадам саналган ҳафталикларни ортда қолдирди.
Лекин унинг билимсизлиги, давр руҳини, ўқувчилар нима кутаётганини тушунмаслиги газетаси саҳифаларида шундоқ акс этиб турарди....

Кейинчалик у газета тадбиркорлигига ҳам кўникмай, пулни кўпайтиришнинг бошқа йўлларига ўтди. Газетаси номидан санъат саройларида турли концертлар уюштирадиган, шу орқали мўмай пул топадиган бўлди. Ана шу паллаларда иккимиз тасодифан учрашиб қолдик.

– Ҳалиям ўша эски газетадамисиз!? – деди наридан-бери сўрашгач. – Менга ўхшаб хусусий газета очинг, акаларни ўртага қўйиб, йиллик обунасини шакллантириб олинг, ана – пул!

Омад билан омадсизлик қўша келади деганидай, кутилмаганда у синди.

Қонун олдида жавоб берди. Газетаси ёпилиб кетди.

Ҳар дарднинг давоси – китоб

Қишнинг замҳаррир кунларидан бирида телевизор кўриб туриб, Президентимизнинг "Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида"ги фармойишини эшитиб, эртаси куни ҳужжат билан батафсил танишиб чиқдим. Ва бояги “дўстим” ҳақида, наинки у, унинг тимсолида кўп минг сонли китоб ўқимайдиган ёшларимиз ҳақида ўйлай бошладим. Фармойишда “Йилнинг энг яхши китоби”, “Энг яхши китобхон оила”, “Йилнинг энг яхши болалар китоби” ва шунга ўхшаш қатор номинациялар бўйича кўрик-танловлар ўтказилиши, китобхонлик ва китобхонлик маданиятини ошириш бўйича мақсадли режа-тадбирлар амалга оширилиши кўзда тутилган.

Таассуф, дейман ичимда, бечора «дўстим»нинг оиласида китобга яқинлик бўлганида, ёшлигидан китоб варақлаб ўсганида, манглайига бундай тақдир ёзилмасмиди!? Китобнинг сеҳрли олами шайтоннинг васвасаси – нафс ўпқонидан сақлаб қолармиди!

Аслини олганда, китобхон авлод, зиёли кишилар ким ва нима учун керак?

Бир қарашда саволнинг жавоби жуда оддий ва жўн туюлади. Яъни, зиёли одамларни хуш кўрадиган, уларга ҳурмати баланд киши учун керак деганидай. Бу – фармойишнинг юза қисмидаги гаплар. Унинг туб моҳиятида: “Келажакни бирга қурамиз! Эртанги куннинг истиқболини фақатгина ўқимишли ёшларгина белгилайди!”, деган теран фалсафа ётибди. Айни пайтда китобхонликни тарғибот этишимиз, китоб ўқишни реклама қилишимиз, алалхусус, ёшларни китобга қайтаришимиз шарт деган маъно мужассам. Мазкур ҳужжатнинг асл моҳияти хусусида мулоҳаза юритаётиб, қуйидаги шарқ ҳикояти эсимга тушди.

Қадимда бой бир савдогарнинг учта хизматкори бўлган экан. Бой уч мулозимига уч хил мояна бераркан: бирисига кўп, яна бирига ўртача ва учинчисига жуда кам. Шунда дўстларидан бири:

– Нега мулозимларингга уч хил ойлик бериб бир-биридан ажратасан! Барига бир хил маош тайинлаб, ўрталаридаги гинанинг олдини олсанг бўлмайдими! – дебди.

Шунда бой уларнинг қобилиятига ўзинг гувоҳ бўл деб мулозимларини чақириб:

– Карвонсаройимизга янги карвон келибди. Бориб билинглар-чи, қандай моллар олиб келибди? – деб жўнатиб юборибди ва дўстидан кутиб туришини сўрабди.

Кўп вақт ўтмай хизматкорлардан бири қайтибди ва Чиндан тижоратчилар келганлигини айтибди. Салдан кейин яна бири келиб, саводаргар Чиндан келганлигини, фақатгина ипак матоси борлигини маълум қилибди. Бойнинг жўраси ҳеч нимага тушунмабди ва учинчи мулозимнинг қайтишини кута бошлабди. Анча вақт ўтиб учинчи хизматкор келибди ва шундай дебди:

– Келган савдогарлар чинликлар экан, шаҳримизда ўн кун тураркан. Етмиш туя ипак матоси бор экан. Ипакнинг ҳар бир ўрамини битта отга алмаштираркан. Агар от топилмаса, минг динордан сотаркан.

Ана шунда бойнинг дўсти ўртоғининг иш усулига қойил қолиб, учинчи мулозимни суриштирибди. Билишича, у кўп китоб ўқиган, савдо-сотиқ ва муомала соҳасида шаҳарнинг пешқадам мударрисларидан таҳсил олган йигит экан.

Назаримда, бойнинг нўноқ мулозимлари ва менинг «дўстим» ўртасида қандайдир яқинлик бордай. Бордай эмас, аслан бир-бирга ўхшаш тақдирлар. Бир хил тоифадаги кимсалар булар! Яъни, китоб кўрмаган, ўқимаган, ўқишни хоҳламайдиган кишилар. Юртбошимизнинг китобхонликни тарғиб қилиш борасидаги ушбу фармойиши негизида ана тоифанинг сафини қисқартиришга йўналтирилган саъй-ҳаракат ётибди. Бутун мамлакатимиз бўйлаб ана шу тоифани йўқотайлик, келажак авлодни билимли, савияли, зиёли қилиб тарбиялайлик деган ундов бор бунда!

Ёшлар истиқболи йўлида

Кўпчиликка маълум, сўнгги пайтларда Президентимиз Шавкат Мирзиёев жойларда турли идора ва жамоатчилик вакиллари билан учрашганида бот-бот ёшлар масаласини, уларнинг эртанги куни билан боғлиқ юмушларни муҳокама қилмоқда. Мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича тегишли кўрсатмалар бермоқда. Хусусан, шу йилнинг 15 июнь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбарлари, дин арбоблари, “Нуроний” ва “Маҳалла” жамғармалари, Хотин-қизлар қўмитаси вакиллари ҳамда илм-фан ва маданият намояндалари билан учрашганида қатор муаммолар ва уларнинг ечимини муҳокама қилди, бу борадаги ўз таклифларини ўртага ташлади.

Президентимизнинг террористик ва диний-экстремистик оқимларга қўшилиб қолаётган ёшлар ва уларнинг эртанги куни тўғрисида “Йўлдан адашган болани дарров душманга чиқармасдан, уни ўзимизнинг фарзандимиз, деб билишимиз керак. Унга бутун қалбимиз, юрагимиз билан ачинаётганимизни шу бола билсин. Зора, шунда уларнинг ҳам қалб кўзи очилса, тўғри йўлга қадам қўйса...”, дея бонг уриши бу борадаги муаммоларга ечим топишда жойлардаги имом-хатиблар, маҳалла ва хотин-қизлар қўмитаси вакиллари, ҳокимлар ташаббус билан чиқиши, ёшлар билан ишлашда ҳар бири намуна кўрсатишлари лозимлигини англатади.

Назаримда, давлат раҳбарининг ана шундай нуқтаи-назардан туриб иш олиб боришини, бошқаларни ҳам шунга даъват этишини чин инсонийлик намунаси, соддароқ қилиб айтганда, одамгарчиликнинг олий кўриниши, деб билдим. Худо кўрсатмасин, оға-инимиз, дўстимиз ёки яқин қариндошларимиздан бирининг фарзанди ана шундай оқимларга адашиб кириб қолса, ёки уларнинг алдов тўрига тушса, қандай аҳволга тушишни ўйлашнинг ўзи нақадар оғир! Рости, маҳалла-кўй бундайларни ола қарғага чиқариб, турли хил миш-мишлар тарқатиб, ўша оиланинг эзилган кўнглини янада бағриқон қилиши ҳам бор гап. Президентимиз юқори минбардан туриб, мамлакатимизнинг кичик гузарларида, даҳаларида, маҳаллаларида содир бўлаётган бир қарашда кичик туюлган, аслида катта муаммонинг ечими хусусида аниқ таклифини ўртага ташлади. Чиндан ҳам, бундайларга ана шундай нуқтаи-назардан туриб муомала қилиш, адашганлигини юзига солмасдан, тўю-маъракаларда турли хизматларга жалб этиш, уларнинг яккаланган қалбига сал бўлсада, юпанч беради. Одамлар мен ҳақимда ёмон фикрда эмас экан деган хаёлга боради. Натижада, ўзини ушбу жамиятнинг тўлақонли аъзоси билиб, алдовнинг асл моҳиятини тушуниб етади. Давлатимиз раҳбари жойлардаги мутасаддиларнинг бу жабҳадаги фаолиятини муҳокама қилар экан, “Ҳокимларнинг ёшлар билан ишлаш ҳамда жамоатчилик ва диний ташкилотлар, шунингдек, хотин-қизлар бўйича ўринбосарлари, аввало, ўзлари ташаббус кўрсатиб, турли сохта ваъдалар, ҳавойи гаплар ортидан эргашган фуқароларимизнинг хонадонларига кириб боришлари керак. Улар билан суҳбат ўтказишлари, иссиқ-совуғи, ташвиш ва муаммоларидан хабардор бўлишлари лозим. Уларнинг кундалик режасида ҳар куни қайси диний оқим аъзоси билан учрашиш, диний-ахлоқий жиҳатдан муаммоси бўлган хонадоннинг масаласини ҳал этиш бўйича аниқ вазифалар акс этиши шарт”, деб кўрсатма берди. Президентимизнинг халқ билан ишлашдаги ушбу ташаббусини кўриб, беихтиёр соҳибқирон Амир Темур бобомизнинг мана бу ҳикматлари эсимга тушди: “Салтанат тепасига чиқишимда, аввало, ёнимга насл-насаби тайин, довюрак ва содиқ йигитларни атрофимга тўпладим. Салтанат тизгинини қўлга олгач, турли хил ғанимларнинг алдовига учиб, бизга қарши бўлганлар агарки, чин маънода пушаймонлик чекиб, ҳузуримга бош уриб келса кечирдим. Айтадиларки, кечиримли бўлиш Оллоҳнинг энг яхши кўрган фазилатларидандир”.

Дарвоқе, кечириш ва кечиримли бўлиш кишидан катта инсоний қалб, бемиқёс куч талаб қилади. Давлат раҳбарининг бу борада шахсий намуна кўрсатиши, барчамизни шунга даъват этиши, чин маънода халқимизнинг эртанги ёруғ келажагидан нишонадир.

Оғзаки гаплардан амалий ишларга

Тўғрисини айтганда, ёшлар муаммолари ва уларнинг ечимига келганда барчамизнинг фаолиятимизда қандайдир депсиниш сезилади. Журналист, қурувчи, ҳисобчи, дўхтир, қўйингки, қай бир соҳани олманг, ёшлар билан ишлашда индвидуаллик етишмайди, назаримда. Барчамиз ёшлар ишини ёшларга доир соҳа вакиллари қиладиган иш ёки шуларнинг вазифаси деб ўрганиб қолган эканмиз. Ёҳуд ёшлар муаммолари билан собиқ “Камолот”, муаллимлар, ё бўлмаса, маҳалла тизими шуғуланиши керак деган ақида онгимизга сингиб кетган экан. Давлатимиз раҳбарининг 5 июль куни ёшлар билан учрашувини кузатиб, ана шундай мулоҳазалар ўтди хаёлимдан. Тан олиш керак, бир неча йиллардан бери ёшлар муаммолари йиғилиб қолган, ечимини кутаётган масалаларни ўйлаб ҳам кўрмай, хўжакўрсинга уюштирилаётган тадбирларга, ҳаммаси яхши кетаяпти деган таомилга ўрганиб қолган эканмиз. Бу ҳолатга баҳо берар экан, Президентимиз ёшлар билан бўлган гурунгида: “Уюшмаган, яъни, ишламайдиган, ўқимайдиган, тайин бир машғулотга эга бўлмаган, салбий таъсирларга берилувчи ёшлар сони ортиб бормоқда. Ёшлар ўртасида жиноят содир этиш, диний экстремистик оқимларга, террорчи гуруҳларга қўшилиб қолиш ҳолатлари кўпайиб бораётгани кузатилмоқда. 2016 йилда ёшлар иштирокида 1 миллион 740 мингга яқин ҳуқуқбузарлик, 23 минг 440 та жиноят содир этилгани, ёш оилалар ўртасида 8 мингдан ортиқ ажралиш ҳолати қайд этилгани барчамизни жиддий ташвишга солиши керак. Албатта, бу борада ҳамма айбни фақат “Камолот”га юклаб қўйиш адолатдан эмас. Бу масалада маҳаллий ҳокимликлар, ички ишлар бўлимлари, прокуратура, суд, маҳалла идораларининг ҳам айби бор”, деб таассуф билан таъкидлади. Президентимизнинг ушбу мулоҳазаларига қўшимча қилиб, бу борада нафақат прокуратура, суд ёки маҳалла тизимининг айби бор, бунда барчамизнинг лоқайдлигимиз, бепарволигимиз, беэътиборлигимиз энг катта хатомиз десак муболаға бўлмайди. Чунки, эрталаб мактаб ёки коллежга отланаётган фарзандимиз ўқиш даргоҳининг остонасига вақтида етиб бораётганлигини, тан олиш керак кўп-да кузатмаймиз. Ҳар куни йўлкира ва тушликка пул берамизу, дарсга кечикмай етиб олаётганлигини кунда сўраб қўймаймиз. Ҳатто, баъзи бирларимиз болаларимизнинг мактаб ёки коллежда раҳбари ким эканлиги билан қизиқиб кўрмаймиз. Болам кимнинг қўлида таҳсил олмоқда, қандай мутахассислар сабоқ бермоқда деб кунда бўлмаса ҳам, ойда бир-икки марта ўқув муассасига келмаймиз. Куни келиб, қандайдир фожиа юз берса, мактаб ёки коллеждан айбдор қидирамиз. Президентимиз таъкидлаган муаммоларнинг илдизи, аслида хонадонимизда, ўзимизда!

Президентимизнинг ёшлар билан учрашуви, “Камолот” ни ислоҳ қилиб, ўрнида Ўзбекистон ёшлар иттифоқини ташкил этиши, унинг зиммасига қатор вазифаларни қўйиши, имтиёзлар бериши, ёшлар ишига барчани бирдек жалб қилишида орзуманд ўғил-қизларни тўғри йўлга солиш ишларини такомиллаштиришдек улуғвор мақсад ётибди.

Анвар Суюн, ЎзА
2 957






Все о погоде - Pogoda.uz