ЎзА Ўзбек

14.10.2019 Чоп этиш версияси

Юксалиш маҳалладан бошланади

Юксалиш маҳалладан бошланади

Пойтахтимизнинг Юнусобод туманидаги Увайсий маҳалласида Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Юнусобод тумани кенгаши томонидан маънавий-маърифий, спорт тадбири ташкил этилди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ижтимоий, маънавий-маърифий соҳалардаги ишларни янги тизим асосида йўлга қўйиш бўйича илгари сурган 5 та муҳим ташаббуси ижроси доирасида ташкил этилган тадбирда тумандаги Шоштепа, Юртобод, Беғубор, Меҳнатобод маҳаллалари фаоллари, ёшлари иштирок этди.

Тадбирда аҳоли, айниқса, ёшларга ватанпарварлик руҳини чуқурроқ сингдириш, уларни турли ёт ғоялар таъсиридан ҳимоя қилиш, ёшлар ўртасида спортни оммалаштириш, маҳаллаларда тиббий ва жисмоний маданиятни ривожлантириш каби масалалар муҳокама қилинди.

Тадбир доирасида китоблар ярмаркаси, маҳаллада истиқомат қилаётган ҳунармандлар маҳсулотлари кўргазмаси, туман бандликка кўмаклашиш маркази томонидан бўш иш ўринлари ярмаркалари ташкиллаштирилди.

Шунингдек, тадбирда маҳалла ёшлари мусиқа, рассомлик, адабиёт, футбол, шахмат-шашка, стол тенниси ва китобхонлик йўналишларида ўзаро беллашди. Мусобақада иштирок этган маҳалла ёшлари Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Юнусобод тумани кенгаши ҳамда ҳомийлар томонидан фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Увайсий маҳалласи ёшлари, таниқли санъаткорларнинг чиқишлари тадбирга байрамона шукуҳ бағишлади.

1 042
Гулноза БОБОЕВА, ЎзА