Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

01.03.2017 17:09 Чоп этиш версияси

Юксак тараққиёт – ободлик ва фаровонлик мезони

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан қабул қилинган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси мамлакатимизни иқтисодий тараққий эттириш, халқимиз фаровонлигини янада юксалтиришда янги босқични бошлаб берди.

Сурхондарё вилоятида ҳам мазкур дастурни бажариш юзасидан тегишли чора-тадбирлар белгиланиб, унинг мазмун-моҳияти ва ҳудудни ривожлантиришдаги аҳамияти атрофлича таҳлил қилинмоқда. Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган устувор йўналишларнинг Ватанимиз тараққиётидаги муҳим аҳамияти нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари томонидан ҳам катта қизиқиш билан ўрганилмоқда.

Ушбу ҳужжат мамлакатимизнинг иқтисодий қудратини юксалтириш, халқаро ҳамжамиятдаги ўрнини янада мустаҳкамлаш, хусусий секторга эркинлик бериш, ёшларни қўллаб-қувватлаш ва бошқа муҳим йўналишлар бўйича аниқ мақсадга қаратилгандир. Бундай улуғвор ишлар бир пайтлар чекка ва қолоқ, деб қаралган Сурхондарё вилоятини саноати ривожланган, замонавий инфратузилмага эга ҳудудга айлантириш, шаҳар ва қишлоқлар қиёфасини тубдан ўзгартириш, одамларнинг ҳаёт сифати ва даражасини юксалтириш имконини беради.

Мамлакатимизда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларига оид ахборотни тақдим қилишнинг бир қатор замонавий шаклларини жорий этишга хизмат қилмоқда. Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифалар бу борадаги ишларни янги босқичда давом эттириб, «Электрон ҳукумат» тизимини янада такомиллаштиради. Давлат хизматлари кўрсатишнинг сифати ва самарадорлигини ошириб, ушбу замонавий хизматдан аҳоли ҳамда тадбиркорлик субъектларининг фойдаланиш имкониятини кенгайтиради.

Мазкур ҳужжатнинг фуқаролик жамияти институтлари учун ғоят муҳим жиҳатларидан бири жамоатчилик бошқаруви тизимини такомиллаштиришнинг галдаги устувор вазифалари ўз ифодасини топганидир. Бу халқ билан мулоқотнинг самарали механизмларини жорий қилишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг замонавий шаклларини ривожлантиради, ижтимоий шерикликни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариб, фуқаролик жамияти институтлари салоҳиятини юксалтиради. Уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини, маҳалла институтининг жамият бошқарувидаги ўрнини оширади. Оммавий ахборот воситаларининг роли ортиб, журналистларнинг касб фаолиятини ҳимоя қилиш мустаҳкамланади.

Айни пайтда Сурхондарё вилоятида 611 нодавлат нотижорат ташкилоти мавжуд. Уларнинг 175 таси тадбиркорлик ва фермерлик, 72 таси спорт, 84 таси ёшлар ва аёллар, 37 таси ҳуқуқий ва демократик институтларни мустаҳкамлаш, 9 таси соғлиқни сақлаш, 30 таси маданий-тарихий ва маърифий соҳаларда фаолият юритиб, аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, фуқароларнинг ҳуқуқий, тиббий ва экологик маданиятини юксалтириш ва бошқа йўналишларда давлат бошқаруви органларига яқиндан кўмаклашмоқда. Фуқаролик институтлари ва давлат органлари ўртасида ижтимоий ҳамкорлик алоқаларининг мустаҳкамланаётгани мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан янада ривожлантиришга хизмат қилмоқда.

Мамлакатимизни келгуси йилларда ҳам ҳар томонлама тараққий эттиришни таъминлашга йўналтирилган ушбу ҳужжатда макроиқтисодий барқарорликни янада мустаҳкамлаш ва юқори иқтисодий ўсиш суръатларини сақлаб қолиш, таркибий ўзгартиришларни чуқурлаштириш, миллий иқтисодиётнинг етакчи тармоқларини модернизация ва диверсификация қилиш ҳисобидан унинг рақобатбардошлигини ошириш мўлжалланмоқда. Қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш ва жадал ривожлантириш, вилоят, туман ва шаҳарларни комплекс ва мутаносиб ҳолда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, уларнинг мавжуд салоҳиятидан самарали ва оптимал фойдаланиш каби улуғвор вазифалар белгилаб олинган. Буларнинг барчаси юртимизда ҳукм сураётган тинчлик-осойишталик, жамиятимизда қарор топган ҳамжиҳатлик муҳити, халқимиз ҳаёт даражасини янада юксалтириш, ёш авлодни жисмонан соғлом, маънан баркамол этиб тарбиялашдек эзгу мақсадларимизни рўёбга чиқаришга хизмат қилади.

Рустам Норлиев,
Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг
қилиш мустақил институти Сурхондарё
вилояти ҳудудий бўлинмаси раҳбари.

ЎзА
4 102






Все о погоде - Pogoda.uz