ЎзА Ўзбек

05.07.2018 21:57 Чоп этиш версияси

Юксак салоҳиятли аскар – юрт таянчи

Юксак салоҳиятли аскар – юрт таянчи
Сайидо Насафий номидаги Қашқадарё вилояти ахборот-кутубхона марказида “Юксак салоҳиятли аскар – юрт таянчи” мавзуида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Тадбирда Қарши шаҳридаги Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинларига қарашли ҳарбий қисмларда муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган бир гуруҳ аскарлар, ёш ижодкорлар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, журналистлар иштирок этди.

– Бугунги тадбирда кўплаб қизиқарли маълумотларга эга бўлдик, – дейди оддий аскар Оллоёр Болтабоев. – Китоб ўқишни яхши кўраман. Лекин биз – чегарачимиз. Постда ҳамиша ҳушёр туришимиз лозим. Шу боис китоб мутолаасига кўп вақт ажрата олмаймиз. Ҳарбий қисмда интеллектуал салоҳиятимизни ошириш учун барча шароит яратилган. Турли адабиётлар жамланган маънавият хонаси, замонавий ахборот технологиялари билан жиҳозланган компьютер хоналари мавжуд. Бўш вақтимизда китоб ўқиб, билимимизни оширамиз.

Тадбир доирасида аскарлар кутубхонада китобхонлар учун яратилган шароит ва қулайликлар билан танишди. Ўзбек ва жаҳон адабиётининг нодир намуналаридан парчалар ўқилди. 

– Кутубхонанинг китоб фонди бой экан. Исталган адабиётни электрон каталогдан бир пасда топиш мумкин, – дейди оддий аскар Достон Тоштемиров. – Ёшлигимдан детектив асарларга қизиқаман. Бугун Агата Кристининг “Ўнта негр боласи” ва Фёдор Достоевскийнинг “Жиноят ва жазо” асарларини яна бир бор варақладим. Қизиқарли жойларини қуролдошларимга ўқиб бердим.

Маълумот ўрнида айтиш керакки, Сайидо Насафий номидаги вилоят ахборот-кутубхона маркази 316 минг китоб фондига эга бўлиб, у ерда китобхонлар учун замонавий ўқув заллари, илмий изланиш учун алоҳида заллар, компьютер хоналари мавжуд. Ўқув залларида бир вақтда 25-30 нафар ўқувчи мутолаа билан шуғулланиши мумкин.

Тадбирдан сўнг аскарлар Қарши шаҳрининг диққатга сазовор жойларини томоша қилди, вилоят театрида спектакль намойиш этилди.

Ў.Баротов, ЎзА 

Жамшид Норқобилов олган сурат
11 712