ЎзА Ўзбек

30.08.2018 17:43 Чоп этиш версияси

Юксак ислоҳотлар рўёбига барчамиз шоҳид

Юксак ислоҳотлар рўёбига барчамиз шоҳид Мустақиллик – халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами. Уни халқимиз, ҳар бир фуқаро ва соҳа ходими яхши ниятлар билан кутиб олади. Ўтган 27 йил мобайнида амалга оширилган ишлар шу қутлуғ сана билан боғлиқ. Биргина миллий армиямизнинг ташкил этилиши ва уни такомиллаштиришдаги ислоҳотлар рўёбига бугун барчамиз шоҳидмиз.

Мамлакатимиз хавфсизлиги ва осойишталигини таъминлаш ҳамда шу тизимда фаолият кўрсатаётган ходимлар ва уларнинг оила аъзоларига эътиборнинг кучайтирилиши ҳам истиқлол берган имкониятлардандир.

Шу маънода айтиш керакки, Ҳаракатлар стратегиясида юртимиз мудофаа салоҳиятини ошириш ҳамда Қуролли Кучларимизни янада мустаҳкамлаш муҳим устувор йўналишлардан бири экани белгилаб берилган.

Ватан ҳимоячиларининг ижтимоий-ҳуқуқий муҳофазаси, уларнинг оила аъзолари соғлиғи ҳақида ғамхўрлик кўрсатиш ҳукуматимизнинг доимий эътиборида. Янги уй-жойлар билан таъминланиши, уларга уй-жой, автомобиллар сотиб олиш учун кредит берилиши, ҳарбийларнинг фарзандлари олий ўқув юртида таълим олиши учун квоталар ажратилиши шулар жумласидандир.

Ҳарбийлар ва улар оила аъзоларининг саломатлиги муҳофазаси ҳам бундан мустасно эмас. Ҳарбий госпиталь, поликлиника ва санаторияларда яратилаётган шарт-шароитлардан ташқари, ҳар йили Мудофаа вазирлиги Марказий ҳарбий клиник госпитали шифокорлари томонидан узоқ гарнизонларда жойлашган ҳарбий қисмларда хизмат қилувчи офицер ва сержантлар оила аъзоларини тиббий кўрикдан ўтказиши бўйича муайян тизим шакллантирилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёевнинг 28 июль куни Марказий ҳарбий клиник госпиталимизга ташрифи биз учун ғурур-ифтихор бўлиши билан бирга, ҳар бир ишимизни сидқидилдан адо этишда янада катта масъулият юклади.

Тошкент ҳарбий госпитали 1869 йилда ташкил топган бўлиб, у 149 йиллик тарихга эга. Ҳозирги кунда Мудофаа вазирлиги Марказий ҳарбий клиник госпитали мақомига эга бўлган ушбу тиббий муассаса ҳарбийлар ва уларнинг оила аъзолари, истеъфодаги ҳарбийлар учун асосий шифо маскани ҳисобланади. Бу ерда бир йилда ўн минг нафарга яқин бемор даволанади ва уч мингга яқин жарроҳлик амалиёти амалга оширилади. Ҳарбий хизматчиларимизни даволаш учун юзга яқин шифокор ва 350 дан зиёд ҳамшира жалб қилинган.

Госпиталимиз чиндан ҳам ўзининг тарихига эга. Бу ерда қанчадан-қанча тажрибали шифокорлар ҳарбийлар саломатлигини тиклаш йўлида хизмат қилган. Учрашув чоғида давлатимиз раҳбари учун ҳам бу манзил муқаддас эканини билдик ва бу бизни янада ҳаяжонлантирди.

Учрашув чоғида Президентимиз янги госпиталь бунёд этиш масаласига алоҳида аҳамият қаратиб, бу жараёнда қўйиладиган талаблар, унда иш олиб бориш қай тарзда амалга оширилиши ҳақида Мудофаа ва Соғлиқни сақлаш вазирликлари раҳбар ходимларига кўрсатмалар берди.

Президент ҳарбийларимиз жаҳон стандартларига мос шифохонада даволаниши, госпиталь бошқарувига янги механизм – давлат-хусусий тадбиркорлиги шаклини киритиш лозимлиги, замонавий, энг янги асбоб-анжомлар билан жиҳозланган, дунёнинг етакчи клиникаларига мос равишда ишлай оладиган шифохона барпо этишимиз зарурлиги ҳамда бу шифохонада ҳарбий врачлар билан бир қаторда хорижлик тажрибали, юқори малакали шифокорлар фаолият кўрсатиши мақсадга мувофиқлигини алоҳида таъкидлади.

Янги госпиталь барпо этилишига қўйилган эзгу қадам ҳарбийлар ва уларнинг оила аъзоларига бўлган юксак ғамхўрлик ифодасидир. Шу билан бирга, Марказий ҳарбий клиник госпитали шифокорлари, ишчи-хизматчилари ҳарбий муассаса фаолиятини тубдан янгилаш йўлида амалга ошираётган хайрли ишлари учун Президентимиздан беҳад миннатдормиз. Бундай эътибор биз, ҳарбий шифокорларга кўтаринки кайфият ва шижоат бағишлайди. Ўз ўрнида биз ҳам тез кунларда бунёд этиладиган янги госпиталь Ўзбекистондаги ҳар жиҳатдан нуфузли шифохоналардан бирига айланиши учун бор куч ва ғайратимизни аямаймиз.

Улуғбек Расулов,
Ўзбекистон Республикаси Мудофаа
вазирлиги бош жарроҳи.

ЎзА
3 350