Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

17.04.2018 19:01 Чоп этиш версияси

Юксак эътибордан умримизга умр қўшилди

Бугунги дориломон кунлар, барча жабҳаларда қўлга киритилаётган ютуқлар жонажон Ўзбекистонимизда олиб борилаётган узоқни кўзловчи, тинчлик, ижтимоий барқарорликни, миллатлар ва диний конфессиялар ўртасидаги ҳамжиҳатликни таъминлаш борасида олиб борилаётган одилона, пухта ўйланган сиёсатнинг амалий самарасидир.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг куни кеча эълон қилинган "Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида"ги фармони ҳамда "Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори наинки биз нуронийларга, балки метин иродали, тинчликпарвар халқимизнинг оғир йиллардаги жасоратига бўлган чексиз ҳурмат ва эҳтиромининг амалий ифодасидир. Ушбу ҳужжатлар қабул қилинганидан хабар топиб, қалбим ғоят тўлқинланиб кетди, беихтиёр кўзимга ёш қалқди. Негаки, тинчликнинг қадр-қимматини, унинг нечоғли буюк неъмат эканини биз ёши улуғлар ҳаммадан ҳам кўра кўпроқ ҳис этамиз. 

Ватанни ҳимоялаш барча учун ҳам қарз, ҳам фарз. Ҳеч ким мустақиллигимизни, она Ўзбекистонимизни, тинч ва осойишта ҳаётимизни четдан келиб ҳимоя қилмайди. Ўзбек халқи Иккинчи жаҳон урушида фашизм балосини енгиш учун муносиб ҳисса қўшди. Қанчадан-қанча ҳамюртларимиз ўз жонини тикиб, бошқалари эса фронт ортида фидойиларча меҳнат қилиб, ғалаба онларини яқинлаштирди. Минг-минглаб етим болаларни ўзбек оилалари ўз фарзандидек қабул қилиб, уларга хонадонидан бошпана берди. Сўнгги нонини баҳам кўрди. 

Юқорида номи келтирилган ҳужжатларга мувофиқ, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларига Ўзбекистон Республикаси Президенти номидан бирйўла 5 миллион сўм миқдоридаги пул мукофотини тантанали равишда топшириш, уруш қатнашчиларининг истаклари асосида улар ўзлари жанг қилган мамлакатларга бир нафар кузатувчи билан сафар ташкил этилиши ҳамда ушбу сафар билан боғлиқ барча харажатлар қопланишини таъминлаш, Ялта ва Кисловодск шаҳарларидаги “Ўзбекистон” ҳамда республика ҳудудидаги бошқа санаторияларга бир нафар кузатувчи билан бирга бепул юбориш, уларни зарур авиа ва темир йўл чипталари билан таъминлашга оид имтиёзлардан бошимиз кўкка етди. Умримизга умр қўшилди. Байрам арафасидаги турли тадбирлар, учрашувлар, маърифий анжуманлар унга янада шукуҳ, кўтаринки руҳ, кайфият бағишлаши шубҳасиз. 

Ўтган йили Президентимизнинг ташаббуси билан муборак Ҳаж сафарига бориш бахтига муяссар бўлдим. Бу мен учун катта бахт. Бундай туйғуни юзлаб юртдошларимизнинг юз-кўзидан англаш мумкин эди. Аслида Президентимизнинг ҳар бир чиқишида, вилоятларга сафари чоғида биз – нуронийларга бўлган алоҳида меҳри ва эътиборини, илиқ муносабатини, кексаларнинг суҳбатини астойдил тинглаб, катта ҳурмат ва эҳтиром билан муносабатда бўлишини доимо ҳис этамиз. 

Бу биз нуронийларни ҳам ёшлар тарбиясида янада фаоллик кўрсатишда, юрт келажаги, унинг тақдирига янада кўпроқ дахлдорлик туйғуси билан яшашга даъват этмоқда. Зеро, бугунги кунда юртимизда кечаётган ислоҳотларга бефарқ ва беғам томошабин бўлиб, четдан қараб туришга ҳеч биримизнинг ҳаққимиз йўқ. 

Биз кексаларнинг эртаю кеч дилида, тилида дуо. Юрт тинчлигига кўз тегмаслигини, давлатимиз раҳбарининг умрлари зиёда бўлишини, Ўзбекистонимизни ўз паноҳида асрашини Яратгандан ҳамиша сўраймиз!

Саксон олти баҳорни қаршилаган бўлсам-да, бундай эътибор ва ғамхўрликдан болалардек қувониб кетдим. Бу Ватан, жамият, халқимиз, ёш авлод тарбияси олдидаги масъулиятни астойдил ҳис этишга ундайди.

Иброҳимҳожи Расулов, 
захирадаги полковник, уруш ва меҳнат фахрийси,
Тошкент шаҳри.

ЎзА
6 885