Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

04.07.2017 18:40 Чоп этиш версияси

Юксак эътибор юксак марраларга чорлайди

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати IV қурултойида сўзлаган нутқи жойларда қизиқиш билан ўрганилмоқда

Ватанимиз келажаги, халқимизнинг эртанги куни, мамлакатимизнинг жаҳон ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллаши ёшларимизнинг бугунги таълим-тарбиясига, қандай инсонлар бўлиб вояга етишига боғлиқ. Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлардан кўзланган эзгу мақсад ҳам шудир. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати негизида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ташкил этилгани ёш авлод камолотига бўлган доимий ва алоҳида эътиборнинг яна бир амалий ифодаси бўлди. Фарғона вилояти ёшлари ҳам бундай юксак ғамхўрлик учун Президентимизга ўз миннатдорлигини изҳор этмоқда.

Элёр Худойбердиев, Фарғона давлат университети талабаси, “Шуҳрат” медали соҳиби:

– Ёшликнинг ҳар куни – бир имконият, бир мўъжиза. Эрта тонгдан ишга, ўқишга шошилиб кетаётган тенгдошларимнинг бугунги кунидан бахтиёр нигоҳларини кузатиб, қалбимда сўз билан ифодалаб бўлмас ғурур ва ифтихор туяман. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ташкил этилиши ва унга ҳар қачонгидан-да кенг имкониятлар берилиши барчамизни беҳад мамнун этди.

Бу биз, ёшларни янада фаол ва ташаббускор бўлишга, кўпроқ ўқиш, изланиш, иш самарадорлигини оширишга ундайди. Ёшларимиз билан кўпроқ мулоқот қилиш, уларнинг қалбига қулоқ тутиш, дардини эшитиш, муаммоларини ечиш учун амалий кўмак бериш муҳим вазифа сифатида белгиланмоқда. Айниқса, ёшларни уй-жой билан таъминлаш, бандлиги масаласи, ёшлар тадбиркорлигини янада ривожлантириш борасидаги устувор вазифалар бизни янги марралар сари руҳлантирмоқда.

Турли соҳа ва тармоқларда катта натижаларга эришиб келаётган йигитлар учун “Мард ўғлонлар” Давлат мукофоти ҳамда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишда, ўқишда, меҳнатда, жамоат ишларида ҳар томонлама фаол бўлган йигит-қизларни тақдирлаш мақсадида “Келажак бунёдкори” медали таъсис этилиши бизга билдирилаётган юксак ишонч намунасидир. Уни оқлаш ва эл-юрт фаровонлиги йўлида сидқидилдан меҳнат қилиш, кимлигимиз ва қайси соҳа вакили бўлишимиздан қатъи назар, фаолиятимизнинг асосий мезони бўлиб қолади.

Зулфия Мамажонова, Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибаси:

– Президентимиз раҳнамолигида ёшларнинг порлоқ келажаги, жисмоний, маънавий ва интеллектуал камолотини таъминлаш йўлида қилинаётган эзгу ишлар самараси тенгдошларимизнинг ишлаб чиқариш, илм-фан, маданият, санъат ва спорт соҳаларида жаҳон миқёсида юксак марраларга эришиб, Ўзбекистон ёшлари ҳеч кимдан кам эмаслигини намоён қилаётганида ҳам ўзининг яққол ифодасини топмоқда.

Биз, ёшлар шундай жаннатмонанд юрт фарзанди эканимиздан фахрланамиз. Давлатимиз раҳбари томонидан Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ташкил этилган кун – 30 июнь мамлакатимизда Ёшлар куни деб эълон қилингани эртанги кун эгаларини руҳлантириб юборди.

Давлатимиз раҳбарининг нутқини муҳташам Симпозиумлар саройида тинглаш бахтига муяссар бўлганим ҳаётимдаги унутилмас кун бўлиб қолади. Ушбу тарихий нутқни делегатлар сафида ўтириб тинглар эканман, Президентимиз ёшларни нақадар яхши кўриши, эъзозлаши, келажагимиз учун қайғуришини чин дилдан ҳис этдим. Биз Ўзбекистонимизнинг мустақиллиги барқарор, келажаги буюк бўлишига тўла ишонамиз. Чунки биз буюк саркардалар, довруғи дунёни тутган мутафаккирлар, улуғ алломалар авлодимиз. Буни теран англаган ҳолда таъкидлайманки, қадимий ва бой тарихга эга халқимизни, миллий маданиятимиз ва маънавиятимизни дунёга кўрсатиш энди бизнинг қўлимизда. Барча соҳаларни улкан ютуқлари билан забт этаётган ёшлар номидан биз бунга албатта эришамиз, деб баралла айтаман.

Паризода Рўзибоева, Ўзбекистон туманидаги 16-умумтаълим мактаби ўқувчиси:

– Давлатимиз раҳбари “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракатининг IV қурултойидаги нутқида ҳақиқатан ҳам, биз, ота-оналар, устоз ва мураббийлар сизларни, бутун Ўзбекистон ёшларини Ватанимиз, жамиятимизнинг ҳал қилувчи кучи, деб биламиз ва сизлар ҳамиша халқимизнинг мана шундай юксак ишончига муносиб бўласиз, деб таъкидлади. Бу сўзлар биз, ёшларга билдирилган юксак ишонч билан бирга, қалбимизда Ватандан ғурур-ифтихор туйғусини юксалтириб, қатъий мақсад ва янги марралар сари руҳлантирди.

Мустақиллик йилларида ёшларимиз куч ва салоҳиятда, истеъдод ва маҳоратда ҳеч кимдан кам эмаслигини ва ҳеч қачон кам бўлмаслигини исботлаб келмоқда. Далил истаганлар кундалик матбуотни яна бир варақласин, ота-онасидан, қўшнисидан, ёши улуғлардан сўрасин – Ўзбекистон ёшлари аввал ким бўлган, бугун ким бўлди? Мамлакатни қўя туринг, маҳалласи ё қишлоғидан етишган қитъа ва жаҳон чемпионларини, мусиқа ва санъатда дунёни лол этаётган истеъдод эгаларини ва яна бошқа соҳаларда улкан ютуқларга эришаётган ёшларимизни бир санаб кўрсин.

Президентимиз ташаббуси билан Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ташкил этилгани биз, ёшларни янада катта орзу-мақсадлар билан яшаш, маррани янада баланд олишга ундайди, барчамизни ягона мақсад атрофида бирлаштиради.

Маъсуджон Сулаймонов, ЎзА
2 867






Все о погоде - Pogoda.uz