Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

02.05.2018 16:47 Чоп этиш версияси

Юксак эҳтиромдан мунаввар диллар

Юксак эҳтиромдан мунаввар диллар Қашқадарё вилояти адлия бошқармаси томонидан “Инсон қадри улуғ, хотира муқаддас”, “Мардлик, бурч ва садоқат” шиорлари остида Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига ҳурмат-эҳтиром кўрсатишга қаратилган маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда.

Касби тумани "Муғлон" маҳалла фуқаролар йиғини Муғлон қишлоғида яшовчи Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Хайрулло бобо Шерматов уйи эрта тонгдан гавжум бўлди. Байрамона безатилган кўчада ҳарбий оркестр томонидан куй-қўшиқлар ижро этилиб, ўша давр руҳини берувчи ҳолатлар саҳналаштирилди. Хайрулло Шерматовга қимматбаҳо совғалар топширилди, ёшлар отахон билан дилдан суҳбатлашди.

– Урушнинг энг қайноқ нуқталарида жанг қилдим, – дейди Хайрулло бобо. – Минскда, Варшавада бўлдим. Душманни қувлаб Берлингача бордим. Қанча-қанча шафқатсизликлар гувоҳи бўлдим. Энди у кунларни ҳеч ким кўрмасин. Яратганга шукр, бугунгидек дориломон кунларни ҳам кўряпман. Бугун кўпчилик ёшлар, мутасаддилар мени йўқлаб келди. Кўнглим тоғдек кўтарилди. Уруш давридаги куй-қўшиқларни эшитганимда Ватан озодлиги йўлида жон фидо қилган қуролдошларим билан хаёлан кўришгандек бўлдим.

Шу куни Қарши шаҳридаги "Қарлиқхона" маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Вера Носировага ҳам қимматбаҳо совғалар топширилди.

Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА
4 066