Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

20.04.2017 16:50 Чоп этиш версияси

Юқори малакали кадрлар тайёрлаш – давр талаби

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасида малакали юридик кадрлар тайёрлаш масаласига бағишланган учрашув ташкил этилди.

Унда талабалар, профессор-ўқитувчилар, прокуратура масъул ходимлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори И.Абдуллаев, Тошкент давлат юридик университети ректори Е.Каньязов, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ректори А.Жуманов, Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети ректори вазифасини бажарувчи М.Ибрагимов ва бошқалар Президентимиз раҳнамолигида юридик таълимни тубдан ислоҳ қилиш, суд-ҳуқуқ тизимини малакали кадрлар билан таъминлаш, бўлажак ҳуқуқшуносларга жаҳон андозалари даражасида таълим бериш ва уларнинг малакасини ошириб бориш масаласига алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.

Биринчи Президентимизнинг 2013 йил 28 июндаги «Юридик кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори бу борадаги ишлар кўламини кенгайтиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилаётир.

Бугунги кунда олий таълим муассасаларида юридик фанларни ўқитиш тизими тубдан такомиллаштирилиб, назариянинг амалиёт билан уйғунлигини таъминлаш мақсадида суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг тажрибали ходимлари талабалар билан машғулотлар ўтказишга жалб қилинмоқда. Бу амалиёт ўз самарасини бермоқда.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 7 февралдаги «Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида»ги фармонида ҳам мазкур ислоҳотларни янада изчил давом эттиришга доир аниқ ва устувор вазифалар белгиланган.

Тадбирда талабаларга прокуратура органлари фаолиятининг асосий йўналишлари, Бош прокуратуранинг олий таълим муассасалари билан юридик кадрларни тайёрлаш бўйича ҳамкорлиги, прокуратура органларининг жиноятчиликка қарши курашиш фаолиятини мувофиқлаштириш борасидаги роли, судларда ишлар кўрилишида прокурор ваколатлари ҳақида батафсил маълумот берилди.

Бош прокуратуранинг жиноий судлов иш юритуви борасидаги ҳалқаро ҳамкорлиги, прокуратура органларининг қонунчиликни тарғиб қилиш ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси бўйича фаолияти ҳақида ҳам тўхталиб ўтилди.

Юқори малакали юридик кадрларни тайёрлашнинг янада самарали механизмларини жорий этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Тошкент давлат юридик, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия, Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетлари ўртасида юридик кадрларни тайёрлаш соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум имзоланди.

Ушбу ҳужжатга мувофиқ талаба-ёшлар прокуратура органларида малака ошириб, амалиёт ўтайди, соҳа ходимлари билан ҳамкорликда ташкил этиладиган турли конференциялар, давра суҳбатлари, учрашув ва танловларда қатнашади.

– Меморандумнинг имзоланиши олий ўқув юртларида таҳсил олаётган талабалар учун назарий билимларини амалиётда янада мустаҳкамлаш имконини беради, – дейди Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети доценти Сапаргул Утемуратова. – Бу каби саъй-ҳаракатлар ёш ҳуқуқшуносларнинг ҳуқуқни қўллаш, таҳлилий фикрлаш қобилиятини ривожлантириб, соҳа бўйича назарий ва амалий билимларини бойитишга, мустақил қарор қабул қилиш кўникмасини оширишга хизмат қилади. Бундай ҳамкорлик ўзининг ижобий самарасини беришига ишонамиз.

Гўзал Сатторова, ЎзА
2 930






Все о погоде - Pogoda.uz