ЎзА Ўзбек

04.01.2020 Чоп этиш версияси

ЙПХ ходими ҳайдовчига унинг содир этган қоидабузарлиги видеотасвирини кўрсатишга мажбурми?​

ЙПХ ходими ҳайдовчига унинг содир этган қоидабузарлиги видеотасвирини кўрсатишга мажбурми?​
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 1 декабрдаги 975-сонли қарори билан тасдиқланган “Йўл-патруль хизмати ходимларининг йўл ҳаракати қатнашчилари билан ўзаро муносабатлари ҳамда махсус мосламалардан фойдаланиши тартиби тўғрисида”ги низом талабларига асосан 2020 йилнинг 1 январь кунидан, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг барча ЙПХ ходимлари хизматни мобиль камерадан фойдаланган ҳолда ўташни бошладилар. 

Шу муносабат билан ЙПХ ходими сизни тўхтатиб мулоқотга киришганда, мазкур мулоқот мобиль камерага ёзиб олинишини, келгусида ноқонуний хатти-ҳаракатлар содир этсангиз, айбингизни исботлаш учун видеоёзувдан фойдаланилиши мумкинлигини эслатиб ўтамиз.

Ходимлар томонидан фойдаланилаётган мобиль камералар, ходимнинг йўл ҳаракати иштирокчилари билан ўзаро мулоқотини тасвирга олиб, ушбу мулоқотнинг самимий, хушмуомалалик асосида бўлишига ҳамда зиддиятли ва нохуш вазиятларни, шунингдек, коррупция ҳолатларини олдини олишга хизмат қилади.

Айрим ҳолларда эса ходимнинг хатти-ҳаракатлари устидан ариза ва шикоятлар билдирилганида, ушбу видеоёзувлар ҳолатга ойдинлик киритишга ёрдам беради. 

Шу ўринда фуқаролардан келаётган айрим саволларга тўхталадиган бўлсак:

- мобиль камерадан ЙПХ ходимнинг йўл ҳаракати қатнашчиси билан мулоқотини тасвирга олиш учун фойдаланилади; 

- ЙПХ ходими ҳайдовчига, унинг содир этган қоидабузарлигининг видеотасвирини кўрсатиб беришга мажбур эмас; 

- барча хизматга жалб этилаётган ходимлар мобиль камерадан фойдаланган ҳолда хизмат ўтайдилар. ЙПХ ходимининг мобиль камерасиз хизмат ўташига йўл қўйилмайди;

- Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 1 декабрдаги 975-сонли сонли қарори билан тасдиқланган “Йўл-патруль хизмати ходимларининг йўл ҳаракати қатнашчилари билан ўзаро муносабатлари ҳамда махсус мосламалардан фойдаланиши тартиби тўғрисида”ги низомнинг 18-бандига асосан йўл ҳаракати қатнашчилари хизматни мобиль видеокамерасиз олиб бораётган ЙПХ ходимига ҳужжатларни тақдим этмаслик ҳуқуқига эгалар.

10 697
Абдулазиз РУСТАМОВ, ЎзА