Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги

06.08.2018 22:19 Чоп этиш версияси

“Yoshlar mehnat guzari”да 40 га яқин ёшлар ишли бўлди

“Yoshlar mehnat guzari”да 40 га яқин ёшлар ишли бўлди Навоий вилояти Кармана тумани “Шибзон” маҳалла фуқаролар йиғинида вилоятдаги илк “Yoshlar mehnat guzari” комплекси фойдаланишга топширилди.

Вилоятда Президентимизнинг жорий йил 27 июндаги “Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастури тўғрисида”ги фармони ижроси доирасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, ўрганишлар давомида ёшларни қийнаб келаётган 1000 дан ортиқ муаммо аниқланди. Рўйхатга олинган 30 мингдан ортиқ йигит-қизнинг бандлигини таъминлаш чоралари кўрилмоқда. Айниқса, дастурда белгиланган “Yoshlar mehnat guzari” комплекслари барпо этилиши ёшларга иш ўринлари яратишда муҳим омил бўлаётир.

Маҳаллада қад ростлаган икки қаватли замонавий бинодан аёллар ва эркаклар салони, тикув цехи ҳамда озиқ-овқат дўкони ўрин олган. Энг муҳими, бу ерда 40 га яқин ёшлар доимий иш ўрнига эга бўлди.

6 (2).jpg

– Бино ва зарур жиҳозлар учун 2 миллиард сўмдан ортиқ маблағ сарфланди, – дейди “Кармана Элдорадо” хусусий корхонаси раҳбари Э.Мансуров. – Мажмуа лойиҳаси учун мустақил ғоям бўлса-да, молиявий имкониятларим чекланган эди. Президентимиз ташаббуси билан қабул қилинган Давлат дастурига кўра қисқа вақт ичида имтиёзли кредит ва ер майдони ажратилди. Ҳозирда цехимизда бозор талабига қараб турли ёшдагилар учун кўйлаклар тикилмоқда. Келгуси йили тадбиркорлигимизни янада кенгайтириб, 50 янги иш ўрни ташкил этишни режалаштирганмиз.

– Коллежни битиргач, мутахассислигим бўйича беш йил иш изладим, – дейди З.Нарзиева. – Маҳалламизда шундай мажмуа ташкил этилаётганини эшитиб, шу ерга келдим. Мана энди, ўз иш жойимга эгаман. Меҳнат дафтарчам “Yoshlar mehnat guzari” ишчиси, деган ёзувлар билан бошланганидан жуда хурсандман.

15.jpg

Нуриддин Раҳимов, Сирож Аслонов (сурат) ЎзА