ЎзА Ўзбек

09.04.2019 11:40 Чоп этиш версияси

Йирик мансабдорларнинг кирдикорлари сирлилигича қолаверадими?

Йирик мансабдорларнинг кирдикорлари сирлилигича қолаверадими?
Мансабдор шахсларнинг коррупция, яъни пора олиши билан боғлиқ жиноятлар ҳамманинг эътиборини тортиши бежиз эмас. Чунки мансабдор шахс бундай қилмиши билан тақдири ишонилган халққа, ўзи бошқараётган ҳудудга ёки идорага хиёнат қилган бўлади.

Давлатимиз раҳбари Конституция кунида мана шундай жиноят содир этган 1 минг 177 нафар мансабдор шахснинг жиноий жавобгарликка тортилганини қайд этган эди.

Аммо, айрим коррупцияларнинг сир қолаётгани одамларни таажжублантирмоқда.

Масалан, Самарқанд вилояти собиқ ҳокими Туробжон Жўраевнинг “темир сандиғи”дан бир миллион доллар чиққани айтилган эди.
Бу ҳолатнинг натижаси ҳамон кўпчиликни қизиқтириб келади. Собиқ ҳоким нима учун жиноятга қўл урган? Шунча пулни қаердан олган? Бир миллион долларнинг тақдири нима бўлди? Бундай жиноят учун қандай жазо берилади? У қилмиши учун халқдан кечирим сўрайдими?

Бу саволлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга берилса, судга мурожаат қилишни, судга мурожаат қилинса, суд ёпиқ тарзда бўлаётганини айтишади. Наҳотки, одамлар кўз ўнгида фош этилган жиноят оқибати сирлилигича қолиб кетаверса?

Собиқ Бош прокурор билан боғлиқ жиноят иши бўйича ҳам ҳар хил миш-мишлар болалаб кетганини яхши биламиз. Шунча миллион пора олган экан, бунча ҳамтовоғи бор экан ва ҳоказо.

Аслида вазият қандай? Бу факт бўйича мутасаддилардан “отангга бор, онангга бор” қабилида жавоб олиш мумкин. Ҳолбуки, “Қодиров иши” билан боғлиқ суд жараёни халққа кўрсатилиши айтилган.

Судьялардан бундай жиноят ишлари нима учун ёпиқ кўрилиши керак, деб сўрасангиз, ҳар хил процессуал ҳужжатларни рўкач қилиши аниқ. Хўш, халққа хиёнат қилган шахсларга оид маълумотлар сир тутилаётганидан мақсад нима?

Тўғри, айрим ишлар қонун доирасида ҳал қилинмагунча ошкор қилинмаслиги мумкин. Аммо суд жараёни ҳақида ОАВ орқали маълумотлар бериб бориш дунё тажрибасида кўпдан мавжуд. Бизда эса миш-мишлар жаҳон матбуотида қизигандан қизиб ётса ҳам негадир сир тутиш учраб турибдики, бу ҳолат Ўзбекистон имижига ярашмайди. Ваҳоланки, бундай жиноятларга оид маълумотлар аҳолига етказиб берилса, бошқаларга сабоқ бўлмайдими?

Норгул Абдураимова, ЎзА
41 361