ЎзА Ўзбек

02.12.2019 Чоп этиш версияси

“Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси – 2019” республика танлови ва халқаро фан олимпиадалари ғолиблари тақдирланди

“Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси – 2019” республика танлови ва халқаро фан олимпиадалари ғолиблари тақдирланди

2019 йилда Ўзбекистон терма жамоаси халқаро фан олимпиадаларда жами 8 медални қўлга киритди. Жумладан, 11-22 июль кунлари Буюк Британиянинг Бат шаҳрида бўлиб ўтган 60-халқаро математика олимпиадасида (IMO) Ўзбекистон жамоаси 1 бронза медаль ва 3 диплом, 14-21 июль кунлари Венгриянинг Сегед шаҳрида бўлиб ўтган 31-халқаро биология олимпиадасида (IBO) 2 бронза медаль, 21-30 июль кунлари Франциянинг Париж шаҳрида бўлиб ўтган 51-халқаро кимё олимпиадасида (IChO) 2 кумуш ва 2 бронза медаль соҳиби бўлди.

Пойтахтимизда бугун ушбу халқаро фан олимпиада ғолиблари ва уларнинг ўқитувчилари ҳамда “Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси – 2019” республика танлови ғолибларини тақдирлаш маросими ўтказилди.

Тадбирда дастлаб халқаро олимпиадалар ғолиблари ҳамда уларнинг ўқитувчилари тақдирланиб, моддий рағбатлантирилди.

Шунингдек ,“Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси – 2019” республика танлови ғолиб ва совриндорлари ҳам тақдирланди.

Жорий йил танловда 88 мингдан зиёд ўқитувчи иштирок этиш истагини билдирган. Танлов уч босқичда туман (шаҳар), Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри миқёсида 13 фандан ўтказилди.

Танлов натижасига кўра, 34 ўқитувчи ғолиб ва совриндорлар қаторидан жой олди. Танловнинг республика босқичида 1-, 2-, 3-ўринни эгаллаган ғолиблар энг кам иш ҳақининг 15, 12, 8 баравари миқдорида бир марталик пул мукофоти билан тақдирланди.

Маълумот учун, танловда умумий ўрта таълим мактабларида дарс бераётган олий маълумотли, камида уч йиллик педагогик стажга, иккинчи ва ундан юқори малака тоифасига эга бўлган ўқитувчилар иштирок этиши, ҳар бир ўқитувчи фақат битта фандан қатнашиши мумкин.

3 265
М.Қосимова, ЎзА