ЎзА Ўзбек

14.05.2018 18:35 Чоп этиш версияси

Йилнинг биринчи чорагида маъмурий судларда 3500 фуқаронинг ҳуқуқи тикланди

Самарқанд шаҳрида “Маъмурий суд ишларини юритиш соҳасидаги ислоҳотлар: Ўзбекистон ва Германия тажрибаси” мавзуида давра суҳбати ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳамда Фридрих Эберт номидаги жамғарманинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Олий суд судьялари ва масъул ходимлари, Самарқанд вилояти прокуратураси, адлия, солиқ бошқармалари, адвокатлар палатаси вакиллари, маъмурий судлар раис ва судьялари, хорижий экспертлар қатнашди.

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати раиси ўринбосари М.Астанов, Фридрих Эберт номидаги жамғарманинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси раҳбари Н.Резяпова 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси асосида мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётганини таъкидлади.

– Президентимиз ташаббуси билан 2017 йил 1 июндан юртимизда илк бор оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган маъмурий низоларни, шунингдек, маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколатига эга бўлган 213 та маъмурий суд иш бошлади, – дейди Ўзбекистон Республикаси Олий судининг маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати раиси ўринбосари М.Астанов. – Ушбу судлар томонидан ўтган йили 10 мингга яқин иш кўрилиб, 5 мингдан ортиқ жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқи тикланди. Жорий йилнинг биринчи чорагида эса 5 минг 157 иш бўйича 3 минг 500 фуқаронинг иши ижобий ҳал этилди.

Тадбирда жорий йилнинг 1 апрелидан кучга кирган Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекси мазмун-моҳияти ҳамда суд иши юритуви соҳасида Ўзбекистон ва Германия тажрибаси хусусида атрофлича фикр алмашилди.

Ғолиб Ҳасанов, ЎзА
6 625