ЎзА Ўзбек

19.07.2018 16:48 Чоп этиш версияси

Йиллар чорраҳасидаги юксалишлар

Йиллар чорраҳасидаги юксалишлар
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 18 июлдаги “2018 йилда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар ва шаҳарларда арзон кўп квартирали уйлар қуриш дастурларини амалга ошириш механизмларини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорини ўқиб...

Барча даврларда бошпанага эҳтиёж ҳамиша юқори бўлган. Кишининг ҳурмат-иззатини гоҳо унинг уй-жойи бор-йўқлиги белгилаб берган. Бугунги кунда бу ҳол янада жиддий тус олди. Янги оила қурувчилар орасидаги дастлабки савол-жавоб ҳам уй-жой масаласида кечмоғи тайин. Чунки оиланинг ўзани саналмиш гўшада миллат шаъни учун жон тикувчи асл фарзандлар улғаяди. Хотиржамлик аталмиш улуғ неъмат бу манзилда қўним топади. Истиқлолнинг оғир, синовли йилларида уй-жой муаммоси кўздан панароқда турди. Қорин ғами бўлган кезларда бу ҳақда лом-лим дейишнинг мавриди эмас эди. 

Олий бахт остонасидаги мушоҳада

Вақт ўтиб, таомил кескин ўзгарди. Кечагина бир-бирининг пинжига суқилиб яшаган ака-укага ота уйи торлик қила бошлади. Натижада аҳоли ўртасида бошпанага бўлган эҳтиёж тобора орта борди. Лекин... Бу кимгадир мурожаат қиласану ҳаммаси хамирдан қил суғургандек ҳал бўлади, дегани эмас эди. Ҳали бошқарув тизимидаги олчоқликлар тафти сўнмаган дамларда одамлар сарсон-саргардон ҳукумат идоралари эшикларида сарғайиб кунни кеч қилишарди. Ечим эса йўқ, бори ҳам "мурувватпешалар" ҳамёнининг қаппайиши билан ҳал этиларди. Бундай нохушликларни кўриб турганларнинг дарди, алами ичида танг қотди. Шивир-шивирлар шовқинидан безор бўлган тўралар халқни истаган кўйига солиб эзарди. Аммо...

Сўз қотгувчи мардлар ҳам тек турарди. Нима қилиш мумкин?! Айни шу йилларда бир эмас уч нафар фарзанди учун уй ҳозирлашга шайланган отамнинг аҳволини кўриб юрагим ачирди... Чорасизлик кўчаларида тентираётган падаримга елкадош бўлгим, ғамини аритгим келса-да, бунга қурбим етмас – ёшлик қилардим. Тонг кетиб, хуфтон қайтаётган отамнинг ҳорғин, оҳиста одимлашлари кўз ўнгимдан сира кетмайди. Отам гоҳо онам дамлаб келган аччиқ кўк чойдан иссиқ-иссиқ ҳўплаб ҳовуридан тушаётгандай туюларди. Лекин ўткир қарашларидаги енгилмаслик, матонат, қатъий журъатдан кўнглимга таскинлик югурарди. Хуллас, отам олти ой деганда бир кишини уйимизга етаклаб келди. У эса, ҳе йўқ, бе йўқ, учта катта новвосни олдига солиб ҳайдаб кетди. Кўп ўтмай акамларга уй қуриш учун ер ажратилди. Бояги новвосларни олиб кетган амакига қишлоғимизда “землемер бой", деб мурожаат қилишар экан...

Йиллар ўтиб, уй-жой масаласида кенг кўламдаги ислоҳотлар давлат раҳбари миқёсида ҳал этилаётганини кўриб дилим ёришди. Энди отамга ўхшаб ойлаб беҳуда изғишлар, кимгадир фарзандларининг насибасини қўшқўллаб тутқизишдек бемаъни иллатлар барҳам топди ҳисоб. Ҳаммаси қонун йўли билан ҳал этилади. Яна қарзга ишинг битади. Кўнгилдагидек қулайликларга эга шинам хонадон соҳибига айланасан. Ҳар бир киши учун бундан олийроқ бахт бўлмаса керак...

Янги уй – янги олам

19c.jpg

Бир неча йиллардан буён аҳолининг уй-жойга бўлган талабини қондириш мақсадида кўплаб амалий саъй-ҳаракатлар қилинмоқда. Ушбу эзгу ишларнинг давоми сифатида жорий йил 18 июлда Президентимизнинг “2018 йилда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар ва шаҳарларда арзон кўп квартирали уйлар қуриш дастурларини амалга ошириш механизмларини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Кечаги кунга қадар арзон уй-жойлар учун дастлабки бадал сотиб олинадиган уй-жой қийматининг камида 25 фоизини ташкил этиши лозим эди. Янги ҳужжатга мувофиқ, арзон уй-жойларнинг дастлабки бадали қуйидагича белгиланди:

Қишлоқ жойларда:

– 0,02 га ўлчамли ер участкаларида жойлаштириладиган икки, уч, тўрт, беш қаватли кўп квартирали (2 ва 3 хонали) ва 2, 3 хонали бир қаватли арзон уй-жойлар учун – 10 фоиз миқдорида;

– 0,04 га ўлчамли ер участкаларида жойлаштириладиган икки қаватли 4 хонали бирлаштирилган арзон уй-жойлар ва 0,06 га ўлчамли ер участкаларида жойлаштириладиган 3, 4 ва 5 хонали арзон уй-жойлар учун – 25 фоиз миқдорида;

Шаҳарларда дастлабки бадалнинг табақалаштирилган миқдорини амалиётга жорий этган ҳолда ўртача 15 фоиз миқдорида.

Мазкур ипотека кредитлари 2018 йил 1 июлдан 2020 йил 1 январгача бўлган даврда 20 йил муддатга, 3 йиллик имтиёзли давр ҳамда биринчи 5 йил мобайнида йиллик 7 фоиз ставкаси билан ва кейинги даврда Марказий банкининг қайта молиялаштириш ставкаси миқдорида берилади.

Бир сўз билан айтганда...

1409917716_katej.jpg

Бир эмас бир неча таниш қадрдонларим арзон уй-жойларни ипотека кредитлари асосида сотиб олишган. Улар бундан мамнун. Бу орқали уларнинг ҳаётига шукуҳ, осойишталик инган. Қалблардаги шукрона ҳисси турмушнинг сирли жумбоқлари, нозик қирраларини идрок этиб, дунёни турфа рангларда, манзараларда кўра бошлашга хизмат қилади. Юртга наф келтириш йўлидан чалғимасликка ундайди.

– Уйимга кўчиб киргандан кейин ўзимни буткул бошқача сеза бошладим, – дейди Мурод Тангриев. – Эркин яшаш кишига ўзгача завқ бағишлар экан. Эҳтиёжмандларнинг бошини силаб, уйли бўлишга давлат ҳимоясининг борлиги, бу жуда катта ижтимоий ҳимоя, қўллаб-қувватловдир. Шу боис, ёш оилаларнинг эртанги кунга бўлган ишончи ҳар қачонгиданда ортмоқда.

image.jpg

Бир сўз билан айтганда, давлатимиз раҳбарининг мазкур қарорида назарда тутилган барча тадбир мамлакатимизда намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар барпо этишни кучайтириш борасида амалга оширилаётган тизимли ишларнинг мантиқий давомидир. Зотан, бу каби жиддий қарорлар тараққиёт ва тўкинликка мустаҳкам асос бўлади.

Ғайрат Ширинов, ЎзА
9 766