ЎзА Ўзбек

09.08.2018 17:15 Чоп этиш версияси

“Йиғининг таржимаси йўқ экан”

“Йиғининг таржимаси йўқ экан”

Халқимизда карнай-сурнай яхшилик рамзи сифатида қабул қилинган. У фақат тўй ва тантаналарда чалинади, яқин меҳмонлар, дўстлар келганидан дарак беради.

Тожикистон Республикасидан 
ЎзА махсус 
мухбири 
Шарофиддин Тўлаганов хабар қилади

BEK_5570 (1).JPG
Тожикистон Республикасининг Тошкентдаги элчихонаси 12 нафар ўзбекистонлик журналист учун Тожикистон бўйлаб пресс-тур уюштирди

Сафаримиз Сўғд вилоятидан бошланди. Тошкентдан эрталабки 7:00да йўлга чиққан бўлсак, атиги бир ярим соатда “Ойбек” назорат пунктига етиб олдик. Тожикистоннинг “Фатеҳобод” назорат пунктида бизларни карнай-сурнай садолари остида Сўғд вилояти раиси (ҳокими)нинг биринчи ўринбосари Раҳматзода Рустам Мирзо, Мастчоҳ тумани раиси Азизода Ғайрат ва бошқа расмийлар кутиб олди.

Шарқда азиз меҳмон нон ва асал билан қарши олинади. Бизга ҳам нон ва асал тутишди. Кутиб олиш маросими ниҳоясига етгач, паспортларимизни рўйхатдан ўтказиш вақтида бизларни кичикроқ хонага таклиф қилишди. Бу ерда биз меҳмонлар одатимизга кўра оқлик – сут ва қатиқ билан сийландик. Кичикроқ нонушта уюштирилди. Биз бемалол тамадди қилишимизга имконият яратиб бериш мақсадида дуои фотиҳадан кейин мезбонлар бирор нарсани баҳона қилишиб хонани тарк этишди. 
20180807_155703.jpg

Ярим соатлардан кейин йўлга чиқдик. Чегарадан Хўжандга қадар 55 километр масофа экан. Атрофни томоша қилиб кетдик.

Тожикистон қишлоқларининг бизникидан фарқи йўқ экан. Пахта, ғалла, олма, ўрик... Ҳаммаси бир хил. Бизни фақат рамзий чегараларгина ажратиб турар экан, холос.

Ҳайдовчимиз шинаванда экан, машинага ўтиришимиз билан машҳур ўзбек ҳофизининг қўшиқларни қўйди. Шунда биз “ўзбекча қўшиқларни Ўзбекистонда ҳам эшитаверамиз, тожикчасини қўйинг”, дея лутф қилдик.

Хўжандда тўғри “Матбуот саройи”га келдик. Бу ерда бизни вилоятда нашр қилинадиган газета ва журналлар билан таништиришди. Сўнг давра суҳбати бошланди. Шунда амин бўлдим, тожик ва ўзбекларни фақат тил фарқлаб турар экан. Аммо мана шу фарқ ҳам халқларимизнинг бирдамлигига тўсиқ бўла олмас экан. Давра суҳбати иштирокчилари ўзлари истаган тилда суҳбатлашди. Ўзбеклар тожикчани, тожиклар ўзбекчани бирор бир таржимонсиз тингладилар. Тадбирда ўзбек-тожик дўстлиги, икки мамлакат ҳамкорлик алоқалари ҳақида сўз борди. Икки давлат етакчиларининг халқларимиз равнақи йўлида олиб бораётган саъй-ҳаракатларига юқори баҳо берилди. Демак, дил яқин бўлса, дўстликка ҳеч нарса, ҳатто тилимиздаги фарқ ҳам рахна сололмас экан.

Тожик халқининг мард фарзанди икки марта Меҳнат қаҳрамони Саидхўжа Ўринхўжаев томонидан Санкт-Петербургдаги қасрга ўхшатиб қурилган “Арбоб” саройига ташрифимиз ҳам унутилмас бўлди. Бу сарой тожик халқи тарихида ўз ўрнига эга. Бу ерда 1992 йил ёш республика парламентининг тарихий 16-сессияси бўлиб ўтган эди.

20180807_185741.jpg

“Сўғд” эркин иқтисодий зонасида олиб борилаётган ишлар билан танишар эканмиз, Ўзбекистон билан алоқаларга катта умид кўзи билан қарашларини таъкидлаб ўтишди. Тадбиркорларнинг айтишларича, ЭИЗда асосан ёғочдан эшик-ромлар ишлаб чиқарилади. Улар ўзбекистонлик тадбиркорлар пластмасса эшик-ромлар тайёрлаш бўйича олдинга ўтиб кетганларини ҳавас билан айтиб берди. Шу билан бирга, ҳамроҳларимдан бири Тожикистонда мактаб ва болалар боғчаларига пластмасса эшик-ромлар ўрнатилиши тавсия қилинмаслигини ҳам эслатиб ўтди.

Тожикистонда тарихга ҳурмат билан қарашларини Сўғд вилояти музейига ташрифимиз давомида яна бир бор гувоҳи бўлдик. Музейнинг бутун бир бошли хонаси Искандар Зулқарнайнга бағишланган. Унинг туғилганидан то вафотигача бўлган даври девордаги суратларда акс этган. Маълумки Хўжанд шаҳрига Искандар асос солгани айтилади.

Музейдан чиқиб, Камол Хўжандий номидаги дам олиш боғига кирдик. Бу ерда вилоят туманларининг халқ ҳунармандлик фестивали ташкил этилган экан. Иштирокчилар билан дилдан суҳбатлашдик. Улар биз билан кўзда қувонч ёши милтираб суҳбатлашди.

Сўнг боғдаги саҳнада концерт уюштирилди. Ўзбек ва тожик тилларида қўшиқлар янгради, рақслар ижро этилди. Концертдан чиқиб Камол Хўжандий рамзий қабрини зиёрат қилиб, уй-музейини бориб кўрдик. Тадбирлар тугагач, тунги Хўжанд билан танишиш мақсадида шаҳар айландик. Шунда кутилмаган (балки кутилган) воқеа рўй берди. Вилоят ҳокимияти биноси яқинидан тезлик билан кетаётган автомобиль бирдан тўхтаб, ундан салобатли бир киши тушди-да, биз билан кўриша кетди. Бу киши вилоят раиси Ражаббой Аҳмадзода экан. Самимий суҳбат бўлди, расмиятчилик бўлмади. Вилоят раиси икки мамлакат раҳбарларининг халқларимиз ҳамкорлигини ривожлантиришга қўшаётган ҳиссаси ҳақида тўлқинланиб гапирди.

20180808_102242.jpg

Истаравшан ва Шаҳристонда ҳам бизларни илиқ кутиб олишди. Ҳамма тадбирларда карнай-сурнай садолари, ўзбек ва тожик қўшиқлари янгради. Мен яна бир нарсани англаб етдим: йиғининг таржимаси йўқ экан. Учрашув қаерда бўлмасин, одамларнинг кўзида қувонч ёшларини кўрдик. Мана шу йиғини таржимасиз тушуниб олиш мумкин эди.

Мени бир нарса қувонтирди. Хўжанд ва Сўғд вилояти кўчаларида ўзбек ва тожик халқларининг дўстлигини улуғловчи шиорларни кўриб, кўнглим тоғдек кўтарилди. Айниқса, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ва Тожикистон Президенти Имомали Раҳмоннинг суратлари акс этган баннерларни кўриб, икки халқ дўстлигига кўз тегмасин, дедик.

15 421