Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

12.01.2018 09:32 Чоп этиш версияси

Йиғилиш муҳимми ёки текширув? Самарқанд вилояти она ва бола скрининг марказида бир кун

Йиғилиш муҳимми ёки текширув? Самарқанд вилояти она ва бола скрининг марказида бир кун Мамлакатимиз тиббиёт тизимида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар, аввало, халқимизга юқори сифатли, замонавий тиббий хизмат кўрсатиш мақсадига қаратилган. Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил давомида соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари билан ўтказилган барча учрашувларида ушбу масала муҳокама этилди.

Шу мақсад йўлида бир қатор фармон ва қарорлар қабул қилиниб, ҳаётга изчил татбиқ этилмоқда. Айниқса, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, оилаларда соғлом фарзандлар дунёга келишига эришиш учун тегишли дастурлар асосида иш олиб борилаётир. Тиббиёт муассасалари, жумладан, жойлардаги перинатал ва скрининг марказлари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, уларни замонавий тиббий жиҳозлар билан таъминлаш бўйича зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда. Президентимизнинг 2017 йил 25 декабрдаги “2018-2022 йиллар даврида болаларда туғма ва ирсий касалликларни барвақт аниқлаш Давлат дастури тўғрисида”ги қарорида ҳам бу борадаги муҳим вазифалар белгилаб берилди.

4.JPG

Самарқанд вилояти она ва бола скрининг марказида ҳам кейинги йилларда энг сўнгги русумдаги тиббий ускуналар ўрнатилиб, ҳомиладор аёлларни скрининг текширувидан ўтказиш учун кенг имкониятлар яратилди. Хўш, бугун бу имкониятлардан қанчалик оқилона фойдаланилмоқда, марказ томонидан аҳолига юқори сифатли тиббий хизмат кўрсатиляптими?

Шу каби саволларимизга жавоб топиш учун 11 январь куни марказда бўлдик.

5.JPG

Соат 10.30 ларда бинога кириб борганимизда марказ ходимлари директор ҳузурида мажлисда эканини айтишди. Зал эса тиббий кўрик учун келган аёллар билан гавжум эди.

– Кеча селектор йиғилиш бўлганди, мажлисда айтилган гапларни ходимларга етказаётган эдим, – деб вазиятга изоҳ берди марказ директори Г.Эшқобилова.

7.JPG

Иш вақтида, шунча одам навбат кутиб турганда, йиғилиш муҳимми ёки кўрик, деган саволимиз эса жавобсиз қолди.

Марказ директорининг айтишича, текширувдан ўтиш учун келаётган ҳар бир аёл электрон рўйхатга олиш тизими орқали навбатга ёзилиб, белгиланган вақтда кўрикка киради. 2016 йилдан буён фойдаланилаётган бу тизим эндиликда онлайн режимига ўтказилиб, туманлардан келаётган ҳомиладор аёлларнинг ўша ерда навбатга ёзилиши, белгиланган вақтда марказга келиши режалаштирилаётган экан. Бу яхши, албатта.

12.JPG

Афсуски, марказда навбат кутаётган аёллар билан суҳбатлашганимизда, амалда бу тизим ишламаётганига гувоҳ бўлдик.

– Соат ўнларда келган эдим, – дейди пайариқлик З.Болиева. – Эшик олдидаги ходим қўлимдаги тумандан берилган йўлланмани кўриб, қайси хонага киришим кераклигини айтди. Лекин навбат ҳақида ҳеч қандай қоғоз берилгани йўқ. Қарийб бир соатдан буён навбатимни кутиб турибман.

11.JPG

Ультратовуш текшируви учун навбатда турган ўндан ортиқ хомиладор аёлнинг икки нафаридагина навбатга олинганлиги ҳақидаги қоғоз бор экан (бу ҳам биз одамлардан сўрай бошлаганимиздан сўнг берилгани шундоқ кўриниб турганди). Лекин навбат рақами қайд этилган қоғоздаги ёзувни уни берган ходим тушунмаса, ҳеч бир бемор ўқий олмаслиги аниқ. Чунки инглиз тилида ёзилган экан. (Бундан кўзланган мақсад нима, деган савол беришнинг ўзи ортиқча назаримизда).

Вилоят марказидан 110 чақирим узоқликдаги Нарпай туманидан келган ҳомиладор аёлларнинг ҳам қўлига навбати ёзилган рақам берилмаган. Улар ҳам шу ерда ўтирган кишилардан сўраб навбатини кутиб турибди.

Кўрикка келганларни қайд этаётган ходим юритаётган дафтардаги ёзувлар ҳам номигагина тўлдирилаётганини англаш қийин эмас.

Савол туғилади – аҳолига қулайлик яратиш, уларнинг ва шифокорларнинг вақтини тежаш мақсадида жорий этилган электрон рўйхатга олиш тизимининг афзаллиги қани? Нега ундан фойдаланилмаяпти? 2016 йилда жорий этилган тизим марказда шу аҳволда ишлаётган бўлса, онлайн тизимдан умид қилса бўладими?

Умуман, бугун давлатимиз томонидан она ва бола саломатлигини асрашда муҳим омил бўлган скрининг марказлари фаолиятини замон талаблари даражасида такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилаётган бир пайтда жойлардаги муассасалар ҳам ана шу талабга муносиб иш олиб бориши керак эмасми?

Ғолиб Ҳасанов, Алишер Исроилов (сурат), ЎзА
15 640