ЎзА Ўзбек

30.07.2018 18:31 Чоп этиш версияси

Ёзёвонда байрам шукуҳи

Ёзёвонда байрам шукуҳи Фарғона вилояти Ёзёвон тумани марказидаги маданият ва истироҳат боғида “Азиз ва ягонамсан, жонажон Ўзбекистоним!” шиори остида Ватанимиз мустақиллигининг 27 йиллик байрамига бағишланган халқ сайли бўлиб ўтди.

Тадбир доирасида меҳнат ярмаркаси ташкил этилиб, унда 182 корхона ва ташкилот 421 бўш иш ўрни билан қатнашди. 1000 га яқин ярмарка иштирокчисининг 293 нафари шу ернинг ўзида ишли бўлгани эътиборга молик. 25 нафар фуқаро жамоат ишларига жалб этилган бўлса, 40 нафар қиз “Ҳунарманд” уюшмаси вилоят бошқармаси томонидан устоз-шогирд асосида ўқитиш учун жалб қилинди.

Сайил давомида ўз тадбиркорлигини бошламоқчи бўлган фуқаролардан 61 мурожаат туман банкларига келиб тушди. Беруний номидаги маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Шаҳрибону Усмонова Халқ банкининг Ёзёвон тумани филиалига имтиёзли кредит олиш масаласида мурожаат қилди.

17 (1).JPG

– “Ҳар бир оила тадбиркор” дастури асосида ҳуқуқий шартнома тузилиб, Ш.Усмоновага 7 фоизли имтиёзли 3 миллион сўм кредит маблағи ажратилди, – дейди Халқ банкининг Ёзёвон тумани филиали бошқарувчиси Ўткир Алқосимов. – “Мақсад кўркам орзу” оилавий корхонаси билан шартнома тузилиб, бир дона тикув машинаси Шаҳрибону учун харид қилинди. Энди у бемалол чеварчиликни йўлга қўйиши мумкин.

Шунингдек, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан бепул тиббий кўрик ўтказилди. Ижтимоий-патронаж ва рақамли рентген кўчма амбулаторияси ёзёвонликлар хизматида бўлди. Тиббий кўрикда 23 мутахассислик бўйича 98 нафар малакали шифокор иштирок этди.

23.JPG

Жамият саломатлиги ва соғлиқни сақлашни ташкил этиш илмий-тадқиқот институти Фарғона бўлими ходимлари тўғри овқатланиш, тиббий кўрикларнинг аҳамияти, хасталикларнинг олдини олиш, соғлом турмуш профилактикаси бўйича суҳбатлар ўтказиб, буклет тарқатди.

– Сайил давомида ташкил қилинган саломатлик кунида 861 нафар фуқаро тиббий кўрикдан ўтказилди, – дейди Жамият саломатлиги ва соғлиқни сақлашни ташкил этиш илмий-тадқиқот институти Фарғона бўлими директори Муталлибхон Акбаров. – Уларнинг 161 нафарида турли касалликлар аниқланиб, 129 нафарига амбулатор, 32 нафарига стационар тарзда даволаниш учун йўлланма берилди.

– Боғда вилоят адлия бошқармаси томонидан Адлия сайли ҳам ўтказилди, – дейди Қўқон шаҳар 2-сон нотариал идораси нотариуси Дилноза Отажонова. – Фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини оширишга қаратилган бу тадбирларда кенг тушунтириш ишлари олиб борилди. Уй-жой, мулкка доир масалалар бўйича мурожаатларга, муаммоли саволларга ходимлар томонидан ечимлар топиб берилмоқда.

Халқ сайли доирасида миллий ҳунармандчилигимиз намуналари, корхоналар ва фермер хўжаликлари томонидан кўргазмалар ҳам намойиш қилинди.

Боғда мустақиллигимизнинг 27 йиллигига бағишлаб ўтказилган байрам тантаналари барчани даврага чорлади. Ватан, тинчлик ва дўстликни тараннум этувчи куй-қўшиқлар янгради. Аския пайровлари дилларга кўтаринкилик бағишлади.

Маъсуджон Сулаймонов, Муқимжон Қодиров (сурат) ЎзА
3 699