ЎзА Ўзбек

31.07.2018 22:42 Чоп этиш версияси

Ёзёвонда 4 мингдан зиёд муаммо аниқланди

Фарғонада маҳаллалар ва оилаларда ижтимоий-маънавий муҳитни ўрганиш ҳамда аниқланган муаммоларни бартараф этишга кўмаклашиш бўйича Республика ишчи гуруҳининг Ёзёвон туманидаги ўрганишлари якунига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси У.Исмоилов ҳамда қатор вазирлик ва идоралар, вилоят ташкилотлари раҳбарлари иштирок этган йиғилишда ўрганиш натижалари атрофлича таҳлил қилинди.

Жойлардаги ўрганишлар, халқ билан юзма-юз мулоқотлар тўпланиб қолган муаммо ва камчиликларни бартараф этишда муҳим омил бўлмоқда, аҳолининг кундалик эҳтиёжлари, талаб ва истаклари ўрганилиб, ҳал этилаётгани юртдошларимизнинг давлат ҳокимияти идораларига ишончини мустаҳкамлаётир.

Республика ишчи гуруҳи томонидан Ёзёвон туманидаги 33 маҳалла фуқаролар йиғини, 99 ижтимоий объект ўрганилди ва уларда 4 минг 822 тадан зиёд муаммо аниқланди. Аҳолидан газ масаласида 271, тоза ичимлик суви бўйича 248, йўл қурилишига оид 254 мурожаат келиб тушган.

Бандлик масаласида ҳам туманда аниқ тадбирлар белгиланмаган. Хусусан, 6 минг 118 фуқаронинг бандликни таъминлаш бўйича мурожаати ана шу хулосага сабаб бўлган. Ишчи гуруҳи бу масаланинг ижобий ечими сифатида секторлар кесимида меҳнат ярмаркалари ташкил этди.

Тумандаги таққос ва таҳлиллар ҳақида сўз борар экан, айрим раҳбарларда ўз фаолиятига сидқидилдан ёндашув сезилмаётганига урғу берилди. Масалан, оилавий тадбиркорлик субъектларига имтиёзли кредитлар ажратишдаги сусткашликлар тадбиркорларнинг мурожаатида кўтарилган муаммолардан биридир. Шунингдек, магистраль йўлларда пиёдалар хавфсизлиги, транспорт ҳаракати тартибга солинмаган. Айниқса, икки сменада ўқитиладиган умумтаълим мактабларида ўқувчиларнинг мактабга қатнови, автойўлларда йўл белгиларининг тўлиқ ўрнатилмагани ишчи гуруҳга йўлланган мурожаатларда ҳам акс этган. Бу муаммоларни янги ўқув йилига қадар ҳал этиш зарурлиги таъкидланиб, дахлдор идоралар зиммасига вазифалар юклатилди.

Атроф-муҳит мусаффолигини асраш ва экологик маданиятни юксалтириш бугунги куннинг долзарб масалаларидан биридир. Ишчи гуруҳ фаолияти давомида бу борадаги муаммолар жойида ҳал этилди. Хусусан, чиқинди тўлдирилган чуқурликлар кўмиб ташланди, зовурлар тозаланди. Тумандаги “Тоза ҳудуд” давлат унитар корхонаси, маҳалла фуқаролар йиғинларидаги жамоатчилик комиссиялари фаолиятини жонлантириш лозимлиги алоҳида таъкидланди. Таҳлилларда ижтимоий муҳофаза билан боғлиқ масалаларга ҳам мисоллар асосида атрофлича тўхталиб ўтилди.

Аҳоли саломатлигини сақлаш, ижтимоий ҳимоя қилиш йўналишида туманда қатор муаммолар ўз ечимини кутаётган эди. Ногиронлик аравачасига муҳтож кишилар талаби қондирилди, зарур тиббиёт муассасаларига йўлланмалар берилди. Кўприклар қурила бошлангани, зовурлар тозалангани, кўп қаватли уйлар, мактаб ва тиббиёт масканлари газлаштирилгани, ёшларга тадбиркорлик учун шароит яратилгани, ишсизлар учун ярмаркалар ташкил этилгани, фуқароларга ҳуқуқий ёрдам берилгани, буларнинг барчаси ўрганишлар самарасидир.

Туманда мавжуд салоҳият ва имкониятлардан тўлиқ фойдаланилса, маҳсулотлар экспорти ортиб, янги иш ўринлари яратилади. Бўш турган бино ва ерларда корхоналар барпо этиш жуда муҳим. Тадбиркорларга яратиб берилаётган имтиёзлар ҳақида кўпроқ тушунтириш, аҳолини бу соҳага жалб этиш орқали ишсизликни бартараф этиш мумкин. Янги лойиҳаларни амалга ошириш йўли билан ишсизларнинг 500 нафаридан ортиғини иш билан таъминлаш имконияти мавжуд.

Йиғилишда маҳалла фуқаролар йиғинлари кесимида ишлаб чиқилган “Йўл харита”сига барча мурожаатлар ижросини таъминлаш юзасидан аниқ вазифалар киритилди.

Маъсуджон Сулаймонов, ЎзА
2 630