ЎзА Ўзбек

05.07.2018 18:03 Чоп этиш версияси

Ёз – ўтмоқда соз

Ёз – ўтмоқда соз
Сурхондарё вилоятида ўқувчилар ёзги таътилни мазмунли ва мароқли ўтказмоқда.

Жорий йилги мавсумда вилоятдаги оромгоҳларда 21 минг 350 нафар ўқувчини дам олдириб, соғломлаштириш режалаштирилган. Уларнинг 10 мингга яқини шаҳардан ташқарида, табиат қўйнидаги оромгоҳларда ҳордиқ чиқаради. Ҳозиргача 10 мингдан зиёд ўқувчи ёзги таътил кунларини сўлим оромгоҳларда мазмунли ўтказиб, қайтди.

10 (1).jpg

Термиз шаҳридаги “Амударё” болалар соғломлаштириш оромгоҳи айниқса, ёз фаслида ўқувчиларнинг севимли масканига айланади. Вилоятнинг турли ҳудудларидан келган болалар замонавий шароитларга эга сўлим гўшада дам олиш кунларини мароқли ўтказмоқда. Турли фан, спорт ва ҳунар тўгаракларида иштирок этиб, билимини мустаҳкамламоқда, жисмонан чиниқмоқда, янги дўстлар орттирмоқда.

5 (1).jpg

Бу йилги мавсумда оромгоҳда беш босқичда 1000 нафар ўғил-қиз дам олади, саломатлигини мустаҳкамлайди. 200 ўринга мўлжалланган масканда бунинг учун етарли шароит мавжуд. Замонавий усулда барпо этилган сузиш ҳавзаси, спорт майдончалари, бой китоб фондига эга кутубхона, ошхона болалар ихтиёрида. 12 та тўгарак фаолияти йўлга қўйилган. Бу ерда ўқувчиларнинг ҳар бир кунини мазмунли, фойдали ўтказишга алоҳида эътибор қаратилади. Шу мақсадда ҳафта кунлари “Ёш китобсеварлар”, “Ёш мусаввирлар”, “Истеъдод ва иқтидорларни кашф этиш”, “Тарихий хотира ва маънавий меросни англаш” каби номлар билан аталиб, шу мавзуга оид турли тадбирлар ўтказиш анъанага айланган. Вилоятдаги тарихий обидалар ва муқаддас қадамжоларга саёҳат уюштириш йўлга қўйилган. Мавсумнинг ўтган даврида бу ерда 400 дан ортиқ ўқувчи ҳордиқ чиқарди. Айни пайтда яна 200 ўғил-қиз дам олмоқда.

1 (2).jpg

– Бу оромгоҳга биринчи марта келишим, – дейди Ангор туманидаги 28-умумтаълим мактабининг 7-синф ўқувчиси Акмал Турғунбоев. – Зўр экан, ҳар бир кунимиз таассуротларга бой ўтмоқда. Ўзим футболга жуда қизиқаман. Лекин, бу ерда футбол ўйнаш баробарида спортнинг шахмат-шашка ва фан тўгаракларига қатнашишга ҳам вақт топаяпман. Янги сув ҳавзасида маза қилиб чўмиламиз. Турли туманлардан дўстлар орттирдим. 

Вилоятнинг Сариосиё туманидаги “Хонжиза”, Олтинсой туманидаги “Вахшивор”, Шеробод туманидаги “Вандоб олтин булоғи”, Узун туманидаги Х.Қулниёзов номидаги сўлим-салқин оромгоҳларда ҳам ўқувчилар ёзги таътил кунларини кўнгилдагидек ўтказмоқда.

Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА Жонибек Қўзимуродов олган суратлар
14 106